Тарих ва тараққиёт уйғунлашган шаҳар
Самарқанд – тарих ва бугун, миллий анъаналар ва дунёвий тараққиёт уйғунлашган бетакрор шаҳар. Унинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир меъморий обидаси асрлар қаъридан сўзлайди. Бироқ Самарқанднинг буюклиги фақат унинг бой тарихи ва ноёб маданий меросида эмас. Бугун шаҳар янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, замонавий хизматлар, туризм, тадбиркорлик ва инновациялар марказига айланиб бормоқда.
18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни ҳам ана шу буюк тарих ва бугунги бунёдкорлик руҳининг ўзига хос тимсолидир.
1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган ва ушбу сана шаҳар куни сифатида белгиланган эди. Бугун бу сана Самарқанд аҳли учун нафақат байрам, балки кўҳна шаҳарнинг тарихи, бугуни ва келажаги ҳақида мушоҳада қилиш учун ҳам муҳим фурсатдир.
Тарихдан келажак сари
Самарқанднинг ўтмиши қарийб уч минг йиллик даврни қамраб олади. Гарчи 2007 йилда шаҳарнинг 2750 йиллиги ЮНEСКО иштирокида халқаро миқёсда кенг нишонланган бўлса-да, кейинги археологик тадқиқотлар ва илмий изланишлар Самарқанднинг шаҳрининг уч минг йилликдан ортиқ тарихга эгалигини кўрсатмоқда. Шу боис, 2025 йилда Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Самарқанд шаҳрининг уч минг йиллик тарихини илмий жиҳатдан баҳолаш ва унинг инсоният тамаддунидаги ўрнини кенг ёритишга бағишланган халқаро конференция ўтказилган эди. Унда ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон – Франция халқаро археологлар ассоциацияси аъзолари, мамлакатимиз ва хорижлик археолог, тарихчи олимлар бу борада ўз хулосалари, таклифларини баён этганди. Анжуман қатнашчилари Самарқанднинг ўтмиши билан боғлиқ янги маълумотлар нафақат ушбу кент, балки минтақа халқлари шаҳарсозлик маданияти, давлатчилик тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаганди. Бу борадаги тадқиқотлар айни пайтда ҳам давом этмоқда.
Таъкидлаш лозимки, қадимий Афросиёбдан бошланган шаҳар тарихи Амир Темур ва темурийлар даврида янада юксалиб, Самарқандни дунё цивилизациясининг энг муҳим марказларидан бирига айлантирди.
Амир Темур даврида Самарқанд салтанат пойтахти сифатида юксак тараққий этган бўлса, Мирзо Улуғбек даврида у илм-фаннинг буюк марказига айланди. Амир Темур мақбараси ва масжиди, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Регистон каби обидалар бугун ҳам ана шу буюк даврлардан дарак бериб турибди.
2001 йилда Самарқанднинг тарихий қисми ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан киритилгани ҳам шаҳарнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни юксак эканининг эътирофидир.
Аммо тарихни асрашнинг ўзи кифоя эмас. Бугунги Самарқанд ана шу бой меросни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириб, янги қиёфа касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан айни пайтда Самарқанднинг яна бир муқаддас гўшаси – Имом Мотуридий мақбараси атрофида улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ақида илмида Абу Мансур Мотуридийнинг илмий мероси бутун мусулмон олами учун беқиёс аҳамиятга эга. Ана шу улуғ зотга муносиб зиёратгоҳ барпо этиш мақсадида ўтган йил, улуғ муҳаддис таваллудининг 1155 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ҳудудида, Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштиришга киришилганди. Ҳозирги кунда 12 гектар ҳудуд мутлақо янги қиёфа касб этмоқда. Янги масжид, музей, айвонлар барпо этилди. 2000 йилда қурилган мақбара реконструкция қилиниб, унинг гумбази қайта тикланди. Эътиборлиси, қурилиш ишлари давомида буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой аниқланиб, унинг мақбараси ва кўркам айвон қурилди. Зиёратгоҳ ҳудудида ўзига хос ландшафт дизайни асосида яшил майсазорлар, йўлаклар барпо этилмоқда. Маҳаллий навлар билан бирга хориждан юртимиз иқлим шароити ва табиий муҳитига мос, ноёб дарахт ва бута кўчатлари келтириб, ўтқазилди. Мажмуа олдидан Панжикент кўчасига чиқадиган янги йўл очилиб, атрофида ҳунармандлар маркази, меҳмонхоналар қурилмоқда.
“Бир миллионли шаҳар”
Кейинги йилларда Самарқандни “миллионли шаҳар”га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни қуриш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Самарқанд туманидан шаҳарга қўшиб берилган Қорасув массиви кейинги саккиз йилда кўркам шаҳарчага айланди. Дастлаб 36 гектар майдонда юздан ортиқ кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилган бўлса, кейинчалик “Янги Ўзбекистон” массиви учун 253 гектар ер майдони ажратилиб, 22 минг хонадонли 327 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этишга киришилди. Айни пайтда мазкур ҳудудда 40 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда ва келгусида бу рақам 90 мингга етиши кутилмоқда.

Бугунги кунда шаҳарга Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан 17,5 минг гектар ҳудудни қўшиб бериш борасидаги ташкилий ишлар якунига етмоқда ва бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга етади. Шаҳарнинг тарихий қисмида туризмни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турар жой бинолари, олий таълим муассасалари ва бошқа объектлар шаҳарнинг кенгаяётган бошқа ҳудудларида бунёд этилмоқда. Хусусан, Қорадарё бўйида 665 гектар майдонни эгаллайдиган “Ширин” массивида 150 минг аҳоли учун турар жойлар, маъмурий ва бизнес марказлари, таълим, тиббиёт муассасалари, кўнгилочар масканлар қурилади. Шаҳарчада 112 километр ички ва пиёдалар йўлаклари, 6 километр ер усти метро йўли, 2 та катта кўприк, 7,2 километр ички коммуникация учун тоннель, 180 километр ирригация қувури, 14 километр канал ва кўплаб суғориш иншоотлари қурилиши режалаштирилган. Ҳудудни шаҳар маркази билан боғлаш мақсадида айни пайтда Қорадарё устида умумий узунлиги 295 метр бўлган улкан кўприк қурилмоқда.

Бундан ташқари, шаҳарнинг темирйўл орти ҳудудида реновация дастури асосида 301 гектар майдонда 100 минг аҳоли яшайдиган турар жой массиви қурилиши бошланди. Бу ерда ҳам уй-жойлар билан бирга 28 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 та мактаб, 6 та тиббиёт муассасаси ва 100 дан ортиқ ижтимоий ва инфратузилмавий объектлар қад ростлайди.
Самарқандни “яшил шаҳар”га айлантириш борасида ҳам халқаро ташкилотлар ва молия муассасалари билан биргаликда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Экологик ва замонавий транспорт тизимини ривожлантириш доирасида шаҳарнинг автобус паркини 500 тагача етказиш режалаштирилган. Шаҳарнинг серқатнов қисмларида янги йўллар, кўприклар ва транспорт боғламалари қурилмоқда.
Шаҳарда аҳоли сонининг ошиб бориши улар учун иш ўринлари яратиш заруратини ҳам юзага чиқаради. Шу боис қўшилаётган янги ҳудудларда кичик саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этилмоқда. Бу қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат тармоқларида минглаб янги иш ўринларини яратади.
Туризм – шаҳар тараққиётининг муҳим драйвери
Бугун Самарқанд шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожида хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаси алоҳида ўрин тутмоқда. Қадимий кентни “Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси”га айлантириш бўйича белгилаб берилган стратегия ўз самарасини бермоқда. Буни сайёҳлар оқимидаги ўсиш ҳам яққол кўрсатиб турибди.
2025 йилда шаҳарга 3 миллион нафар хорижий турист ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг саккиз ойида 3,5 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 5 миллион нафар маҳаллий сайёҳлар Самарқандга келган. Бу рақамлар ортида, аввало, шаҳарнинг улкан туристик салоҳияти, тарихий-маданий мероси, замонавий инфратузилмаси ва сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар мужассам.
Туристлар оқимининг ортиши эса ўз навбатида янги меҳмонхоналар, умумий овқатланиш шохобчалари, савдо ва кўнгилочар масканлар, транспорт хизматлари, ҳунармандчилик ва бошқа кўплаб хизмат турларига бўлган талабни оширади.

– Жорий йилда Самарқанд шаҳрида тадбиркорлик инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва туристларни кенг жалб этиш мақсадида 24/7 тизимида фаолият кўрсатадиган, туризм, тарихий ва соҳил бўйи ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Юнус Бобоназаров. – Ушбу лойиҳалар учун 62,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 июнь куни қабул қилинган “Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2026-2027 йилларда Самарқанд шаҳрининг “эски шаҳар” тарихий марказидаги 13 та кўчани миллий ва тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳамда пиёдалар ҳудудига айлантириш, туризм ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш белгиланди. Бунинг учун республика бюджетидан 106 миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни пайтда 1,2 километрлик Бухоро кўчасида бу ишлар намунавий тарзда бошланди. Кўчалар фақат пиёдалар ҳаракатига мослаштирилиб, шунга мос инфратузилма яратилмоқда. Эътиборлиси, сайёҳлар Регистон майдонидан чиқиб, ушбу кўча орқали пиёда сайр қилган ҳолда Имом Мотуридий мажмуасига боришлари, шаҳарнинг тарихий маҳаллалари қиёфасини кўришлари мумкин бўлади.
Бу каби бунёдкорлик ишлари Қўш ҳовуз, 8-март, Муборак, Ғиждувон, Вобкент, Ислом Каримов, Кўкмачит, Чорраҳа, Имом Бухорий, Бибихоним, Заргарон, Бухоро ва академик Валихўжаев кўчаларида ҳам амалга оширилади.
Яқинда шаҳарда ўтказилган “Silk Road Bazar” ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси доирасида Самарқандга Жаҳон ҳунармандлар кенгаши (World Crafts Council — WCC) томонидан “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” (World Craft City) мақоми берилди. Буни қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳаси бўлган Самарқанд ҳунармандчилигининг бир неча минг йиллик анъана ва қадриятлари эътирофи ҳамда бугунги ҳунармандлар меҳнатига берилган юксак баҳо дейиш мумкин.
Шаҳарда туристлар учун қулай муҳит яратиш, янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, хизматлар сифатини ошириш, тарихий ҳудудларни обод қилиш ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш борасидаги ишлар Самарқанднинг халқаро нуфузини янада оширмоқда.
[gallery-31936]
Самарқандга келган сайёҳ бугун фақат Регистонни ёки бошқа тарихий обидаларни томоша қилиш билан чекланмайди. У замонавий имкониятларга эга қадимий кўчалар бўйлаб сайр қилади, миллий ҳунармандчилик билан танишади, маҳаллий аҳоли таомларни татиб кўради, қулай дам олиш масканларида вақт ўтказади.
Бугунги кунда шаҳарда бир нечта ҳунармандлар марказлари, барча бозорлар ва йирик савдо марказларида ҳунармандлар устахона ва дўконлари фаолият олиб бормоқда. Маълум бир ҳунармандлик тури авлоддан авлодга ўтиб келаётган маҳаллалар бор ва айни пайтда уларни шу ихтисослик бўйича янада тараққий эттириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда. “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми эса бу имкониятларни янада кенгайтириб, Самарқанднинг дунёвий шуҳрати ва туризм салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, бундай лойиҳалар тарихий мерос ва замонавий иқтисодиётни бир нуқтада бирлаштиради. Турист тарихий обидани томоша қилади, миллий таомлардан татиб кўради, ҳунармандлар маҳсулотлари билан танишади, замонавий хизматлардан фойдаланади. Тадбиркор эса ўз фаолиятини йўлга қўяди, янги иш ўринлари яратади.
Бугун Самарқандни дунё сайёҳлик харитасида алоҳида ўринга эга шаҳар сифатида кўриш мумкин. Шу билан бирга кейинги йилларда бу қадимий кент йирик халқаро форум ва анжуманлар, сиёсий мулоқотлар манзилига ҳам айланмоқда. Ўтган йил ЮНЕСКО тарихида илк бор ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқандда ўтказилди. Бундан аввал эса Марказий Осиё – Европа иттифоқи саммити, Бутунжаҳон туризм ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки йиғилишлари бўлиб ўтди. Умуман, ҳар йили 30 дан ортиқ халқаро тадбирлар, спорт мусобақалари Самарқандда юксак савияда ташкил этилмоқда. Жумладан, шу йилнинг 10-27 сентябрь кунлари 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, III шахмат паралимпиядаси тадбирлари ҳам Самарқанд мезбонлигида юқори савияда ўтказилди.
Айтиш мумкинки, тарихий Буюк ипак йўлининг чорраҳаси, илм-фан ва маданият маркази бўлган Самарқанд бугун тарихий шуҳратига мос замонавий тараққиёт йўлида дадил одимламоқда ва чинакамига ер юзининг сайқалига айланмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари