Усмон Юсупов (1900-1966) – бутун қалби ва вужуди билан Коммунистик партия, советлар ишига, социализм ва коммунизм ғояларига астойдил ишонган ва амалда эса алданган, камтарин ва олижаноб ўзбекона қадрият ва фазилатларга эга бўлган Ўзбекистоннинг совет давридаги сиёсат ва давлат арбобларидан бири бўлган.
Бу миллатпарвар, юртпарвар инсон 1937-1950 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби, 1953-1955 йилларда эса Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси лавозимларида халқ манфаати, юрт равнақи йўлида самарали ва ибратли фаолият кўрсатган сиймолардан бири эди.
Усмон Юсуповнинг ҳар қанча мақтаса арзийдиган ва элимизга тарғиб этадиган хислат-фазилатлари ниҳоятда кўпдир. Уруш йиллари Украина, Белорусь, РСФСРдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган 1 миллион кишини, 200 минг нафардан зиёд болаларни очлик ўлимидан сақлаб қолишда Усмон Юсуповнинг хизматларини халқимиз ҳали ҳануз ўз хотирларида сақлайди ва унинг бу борадаги жўшқин фаолияти тарих саҳифасидан мустаҳкам ўрин олган.
Усмон Юсупов уруш йилларида областларда бўлиб ҳамма нарсани фронтга, ғалаба учун сафарбар қилиш борасида мислсиз фаолият кўрсатган. 1942 йил 4-5 июль кунлари Андижон областида бўлиб область партия комитети бюросида Андижон нефт саноати иши тўғрисида, Пахта трести ва ёғ ишлаб чиқариш заводлари фаолияти тўғрисидаги масалалар бўйича нутқ сўзлаган. 1943, 1944, 1945 йилларда ҳам Андижонга бир неча бор ташриф буюриб ўша даврнинг муҳим масалаларини ҳал қилишга бевосита ҳисса қўшганлиги ҳужжатларда акс эттирилган. Фашизм устидан қозонилган Ғалабага муносиб ҳисса қўшган андижонликлардан бири кейинчалик профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвонига мушарраф бўлган, ҳозирги Андижон давлат университетига 1957–1974 йилларда ректорлик қилган, уруш йилларида душманга қарши жангларда мардлик намуналарини намойиш этган Ғани Холматович Абдуллаев Усмон Юсуповнинг Андижонга келгани ҳақида шундай хотирлаган эди:
“Эсимда, 1942 йилнинг август ойи бошларида бригада ўша даврда республикамизга раҳбарлик қилган буюк инсон Усмон Юсупов ташриф буюрди. Усмон ака аскарлар билан самимий суҳбатлар ўтказди, уларнинг жанговар тайёргарлиги, маиший аҳволи ҳамда сиёсий савиялари билан яқиндан танишди.
Сўнгра бригада Усмон акани қутлаш учун саф тортиб турди. Усмон ака ўзининг халқчил, оммабоп тили билан ўзбек жангчиларини қутлади, сафдагилар унга жавобан “Ура” садолари билан жавоб берди. Усмон ака бригада жангчиларига қарата шундай деди: “Сизлар ўзбек халқининг асл фарзандларисизлар. Ватан озодлиги учун бошқа халқлар билан бирга жанг қилиш бу муқаддас иш.
Бу жангда душманни ўлдирганлар ғозий, ўлганлар эса шаҳид бўладилар. Шаҳидларнинг қабрларини уруш тугагач топиб, чечаклар билан безаймиз. Халқимиз ватан озодлиги учун жон фидо қилганларни абадул абад самимий миннатдорчилик туйғулари билан ёд сақлагай. Сизлар буюк бобомиз Амир Темур наслидансизлар! Буни эшитган Гитлер саросимага тушиб қолади. Мен сизларга ўзбек халқи номидан Гитлернинг калласини, ҳеч бўлмаганда Риббентропнинг бошини олиб келишларингизни буюраман. Сизларга доимо Ғалаба ёр бўлсин.” Усмон аканинг бу даъвати жангчиларни ниҳоятда руҳлантириб юборди.
1942 йилнинг ноябрь ойида бригадамиз фронтга отланди ва декабрнинг бошларида 3-гвардиячи армия сафига қўшилди, фашистларнинг Дон фронтида қуршовга тушган 6-армиясини қутқазишга интилган итальян-немис қисмларга қарши жангга кирди. Бригада анчагина талофат кўришига қарамасдан душманнинг Астахово, Бокойская, Қўшара, Кружилин, Морозовский станцияларида жойлашган қисмларини ўраб олиб тор-мор этишда фаол қатнашди. Олий Бош қўмондоннинг 1943 йил 25 январдаги буйруғи билан 3-гвардиячи армиянинг жанговар таркибига ташаккурнома эълон қилинди. бригадамизнинг бир гуруҳ аскар ва офицерлари жанговар орден ва медаллар билан мукофотландилар.
Миннатдор ўзбек халқи 94-алоҳида бригада жангчиларининг кўрсатган қаҳрамонликларини унутгани йўқ. Марғилон билан Фарғона шаҳарлари ўртасида, 94-ўқчи бригада тузилган, машқ қилган Ёрмозор деган жойда бригада жангчиларига атаб жуда катта ёдгорлик ўрнатилди. Хар йили Ғалаба куни бу ерга одамлар келиб, ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйишади.” Бу каби эсдаликлар ниҳоятда кўпдирки, уларни топиш, тўплаш, халқ мулкига, тарих мулкига айлантириш ҳар бир ватанпарвар фуқаромизнинг бурчидир.
Усмон Юсуповнинг урушдаги буюк ишларини таниқли ёзувчиси Константин Симонов ўз асарларида, Ўзбекистон ва Ўрта Осиёнинг бокс бўйича чемпиони, ҳарбий разведчик, ёзувчи, ҳозиргача 3 марта қайта нашр этилган “Генераллисимус” китобининг муаллифи, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Владимир Карповлар ўз эсдаликларида алоҳида меҳр билан қайд этган. СССР Ёзувчилар союзи котиби урушдаги жанговар хизматлари учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига эга бўлган Владимир Карпов шундай эслайди: “Усмон Юсупов менинг бутун ҳаётимда эсда қоладиган мана бу фикрни айтган эди “Қимматли Володя. Шуни билгинки, сен олган бу мукофот, сенинг кўкрагингда порлаб турган бу юлдуз ҳаётингда ёрдам беради. Сен ўсасан, иш ва лавозим бўйича олға қараб борасан.
Тасаввур қил, бу юксалиш тоғ чўққисига чиқишга ўхшайди. Тоққа чиқаётганингда ёнингда сен билан бирга бошқа кишилар ҳам бўлади, гоҳида оёғинг остидан тош чиқиб қолади ва унга қоқинишинг, йиқилишинг мумкин. Агар бу ҳолат бошқа инсон билан юз берса у йиқилгандан сўнг қаддини тиклайди ва кийимлари чангини қоқиб яна йўлда давом этади.
Агар бу фожиа сен билан юз берса Олтин юлдуз сен учун оғир юкка айланади. Агар партия ва ҳукумат кўрсатган ишончни оқламасанг, қаддингни тиклаш анча қийин бўлади”.
Владимир Карпов шундай эслайди: “Эртаси куни колхозчилар билан учрашувга кетаётиб шаҳарда Хадра ва Революция майдонида катта портретимни кўрдим. Портрет остида “Ўзбек халқининг фарзанди – Совет Иттифоқи Қаҳрамони Владимир Карпов” деб ёзилган экан.
Усмон Юсуповни урушга қадар зараркунандалик ва авантюрада, уруш вақтида сотқинлик ва ватан душманларини яширганликда, урушдан сўнг эса урушдан олдинги вақтда амалга оширилган қатағонларда айблашган. Иш шу даражага етиб бордики 1946 йил аноним ариза натижасида “Юсупов иши” қўзғатилган. Бу иш билан Сиёсий бюро аъзолари В.М.Молотов, Г.М.Маленков ва МК секретари Н.С.Патоличевлар унинг пок номини ҳимоя қилиш ишлари билан шуғулланганлар.”
Усмон Юсупов ўзининг ҳар бир айтган сўзи учун масъулият намунаси эди. У ўз нутқида фалсафий афоризмлардан мисол келтираётганга ўхшарди. Мана бир неча мисол: “Ўз куч-қудратига ишонган одамгина ғалабага эришади”, “Архимед учун таянч нуқтаси керак эди, бизнинг таянч нуқтамиз ердир”, “Ҳақиқий ўзбек бир парча ерида нафақат ўз оиласини боқади”.
Баҳор кунларининг бирида “Комсомолец Узбекистана” газетаси муҳаррири Алексей Петроченко Аброл Қаҳҳоровлар билан бирга Усмон Юсуповнинг уйига келишган.
Шунда Усмон Юсупов қўлида кетмон билан уларга қарата “Мана, ёрдам келди”, дейди ва уларга кетмон беради. Улар ҳам бироз ерни чопишади ва Усмон Юсупов билан олма соясида кўк чой ичиб суҳбатлашиш учун ўтиришади. Шунда Усмон Юсупов Алексей Петроченкодан сўрайди: “Нима деб ўйлайсан, кетмон оғирми, ёки ручками?”. Бу саволга Алексей Петроченко “Кимнинг қўлида эканлигига боғлиқ” деб жавоб беради. Усмон Юсупов шошилмай фикр қилади ва ўзига хос камгаплик билан “Тўғри айтдинг, битта кетмон билан бир ёки икки кишига қабр қазиш мумкин, лекин ручка билан минглаб инсонларга қабр қазиш мумкин”, дейди.
Урушнинг оғир шароитида бош қўмондон “Бир қадам ҳам ортга қайтилмасин” (Бу ерда 227-сонли қарор назарда тутилмоқда – Р.Ш.) қарори шафқатсиз бўлган бўлса-да у ўз вақтида қабул қилинган ва мажбурий чора бўлганди.
Антисовет фикрлар айтгани учун одамларни пойлашиб, қўлга олишиб кейин қамоққа ташлашган деб ўйлайсизми? Албатта йўқ. мен бунга ҳамиша қарши бўлганман ва НКВДнинг ҳаракатларини оқламайман. Лекин ҳар куни тайёрланаётган фитна, зараркунандалик, жосуслик, сотқинлик ҳақида ёзилган ўнлаб ва юзлаб хат ва чақув маълумотлари олаётган орган ходимини тасаввур қилиб кўринг. Ўз вақтида чора кўрмаслик – унга ёрдамчи бўлишдир.
Органлар янги тузумнинг ашаддий душманларини фош қилишда керак бўлса ўз жонларини гаровга қўйиб бўлса ҳам анча жасоратли ҳаракат қилганлар. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, милиция, суд, прокуратуранинг айрим ходимлари ўз вазифаларини амалга оширишда чегарадан чиқиб кетганлар. Бекорга бундай ходимлар ҳақида “дўпписини олиб кел деса бошини ҳам қўшиб олиб келади” деб айтишмаган.
Айрим вақтларда у ёки бу чақимчини, латифалар мухлисини ёки ҳақиқий иғвогарни аниқлаш қийин бўлган. Улар бир-бирларининг устидан ариза ёзишар, совет ҳокимияти ходимлари томонидан душманларга қарши кураш олиб борилмаяпти дейишарди. Лекин, совет қонунларини қасддан бузган, тергов материалларини соҳталаштирган, айбсиз одамларни жиноий жавобгарликка тортган ходимлар ҳам бўлган.
Хуллас, Усмон Юсупов қабоҳат тегирмони бор кучи билан айланиб ватандошларимизни ўз домига аждаҳодек тортиб турган энг оғир дамларда Ўзбекистонни бошқарган арбоблардан эди. Бизнингча, Ўзбекистоннинг йирик давлат ва партия арбоби Усмон Юсуповнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини холисона ёритиб бериш ва бу сиймонинг шонли ҳаёти, кураши мисолида бутун халқимизни, айниқса, ёшларимизни тарбиялашда унумли фойдаланишимиз зарур. Бу арбоб тўғрисида бадиий ва драматик асарлар, кинофильмлар яратиш, унинг номини абадийлаштириш мақсадга мувофиқдир.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
Андижон давлат университети профессори,
тарих фанлари доктори.