Тарих институти халқаро алоқалари кенгаймоқда
Тарих фанини чуқур тадқиқ этишда чет элларда сақланаётган ёзма манбаларни аниқлаш, уларни ўқиб таҳлил қила оладиган мутахассисларни тайёрлаш бирламчи аҳамият касб этади.
Бу борада хорижий тадқиқот муассасалари ҳамда мутахассислари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимдир. Сўнгги йилларда ушбу йўналишдаги фаолиятини кучайтираётган Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё 20 август куни Мўғулистондаги Дунё тарихи, маданияти ва меъморчилиги халқаро институти директори Тўрачархон Чиғатойхон билан учрашди.
Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини ўрганишда мазкур мамлакат имконлари, хусусан, ундаги ёзма ва бошқа турдаги манбалар, олиб борилаётган илмий изланишлар олимларимиз учун деярли номаълум бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам учрашувда бош урғу томонлар тарихини ўрганиш, ижтимоий фанлар соҳасидаги институтлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, кутубхона ва жамғармаларда сақланаётган ёзма манбаларни ўрганиш, мутахассислар тайёрлаш масалаларига берилди.
Азамат Зиё икки юрт ва халқлар тарихининг илдизлари чуқурлиги, аммо бугунга қадар кўплаб долзарб мавзулар тўлиқ ўрганилмагани, Мўғулистонда араб, форс, хитой, мўғул ва туркий тиллардаги ёзма манбалар бизнинг тарихчиларга маълум эмаслиги, мўғул тили бўйича мутахассислар тайёрлашнинг зарурати ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, Тарих институти ва Мўғулистон Фанлар академияси таркибидаги институтлар, мазкур мамлакатдаги музейлар, жамғармалар билан илмий алоқалар ўрнатиш зарурати, мўғулистонлик тарихчи олимлар ўз илмий мақолаларини «Ўзбекистон тарихи» журналида чоп этишлари мумкинлиги, Тарих институти ходимларининг Мўғулистонга илмий сафарларини уюштириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, Тўрачархон Чиғатойхон ҳам учрашув учун миннатдорлик билдириб, Дунё тарихи, маданияти ва меъморчилиги халқаро институтининг илмий фаолияти ҳақида тўхталди, туркий ва мўғул халқлари тарихини чуқур ўрганиш, мўғулистонлик тадқиқотчиларининг Ўзбекистон тарихчилари илмий мактаби тажрибасини ўрганишга кўмаклашиш каби масалаларга урғу берди.
Учрашув сўнггида томонлар ҳамкорлик дастури ва режаларини ишлаб чиқиш ҳамда кейинги босқичда тегишли битим имзолашга келишиб олдилар.
Воҳид Холов,
ФА Тарих институти Халқаро ҳамкорлик
ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи