Тарихий ёдгорликларни асраш – бурчимиз
Пойтахтимизда Шоштепа археологик ёдгорлигини асраб қолиш ва ундан туризм йўналишида самарали фойдаланиш концепциясини ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Шоштепа археологик ёдгорлигини асраб қолиш ва ундан туризм йўналишида самарали фойдаланиш концепциясини ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, “Шарқ дарвозаси” номига мушарраф бўлган Тошкент наинки Марказий Осиё, балки жаҳондаги қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, тамаддун ўчоғи сифатида йирик тарихий марказлардан саналади. Муҳим савдо карвонлари кесишган, Буюк ипак йўлида жойлашган бу шаҳар меъморлик, шаҳарсозлик, илм-фан, маданият ва маърифат ривожида етакчи ўрин эгаллаб келади.

Шоштепа ёдгорлиги Тошкент жанубида, Сергели туманидаги Жўнариқ бўйида жойлашган қадимий шаҳристон қолдиғи саналади. Қадимшунослар бу ердан эрамиздан аввалги IV-III асрларга оид ашёларни топишга муваффақ бўлган. Баъзи тарихий манбаларда ушбу объект "Чочтепа" деб ҳам юритилади. Айрим нашрларда эса бу ёдгорлик Тошкентнинг бешиги сифатида номланган. Археолог Маргарита Филановичнинг таъкидлашича, ушбу ёдгорлик ўз қадр-қиммати, тарихий аҳамияти билан нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон тарихида ғоят улкан аҳамиятга эга тарихий маскан. Айнан шу жойдаги қазишма-тадқиқот ишлари Тошкент шаҳри тарихи 2200 йил, эҳтимолки, ундан ҳам улуғроқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди.
– Тошкент жуда ғаройиб шаҳар, – деди М.Филанович. – Унда 2000-2200 йиллик тарихга эга бўлган нодир археологик объектлар бор. Шу боис "шаҳарда сайёҳлар кўришига арзигулик қадимий масканлар йўқ" қабилидаги фикрлар мутлақо нотўғри ва хатодир. Ҳолбуки, Шоштепа, Мингўрик, Оқпета каби қадим шаҳристонлар, ёдгорлик масканлари Тошкентнинг тарихи нечоғли кўҳна эканидан сўзлайди.
2019 йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Шоштепа археологик ёдгорлигига жиддий талафот етказилгани ҳақида хабар келган эди. Айни шу даврда юртимиздаги ижтимоий тармоқларда ҳам шу мазмунга оид хабарлар тарқалгани, бу эса аксарият ҳамшаҳарларимизни, ўлкашунос, археолог олимларни ташвишга солгани сир эмас.
Мутахассислар томонидан ушбу объект жиддий ўрганилганида унинг бир қисми вақт ўтиши билан табиий тарзда ўпирилиб тушгани маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги тегишли қарори асосида ушбу жой Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди. Бугунги кунда археологик объект атрофида қурилган уйлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими ва Сергели тумани ҳокимига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 2019 йил 17 сентябрда ва 2019 йил 2 октябрда хатлар берилган. Бироқ маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан бу хатлар юзасидан ҳеч қандай жавоб хати келмаган. Ваҳоланки, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид миллий қонунчиликка мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларига берилган ваколатлар доирасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилади, асрайди. Соҳага доир қонунчилик ҳужжатлари ижро этилишини амалда таъминлаши зарур.

Баҳс-мунозара, тортишувларга бой бўлган давра суҳбатида ҳозирда Маданий мерос департаменти томонидан археология объектларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш юзасидан концепция ишлаб чиқилаётганига эътибор қаратилди. Шоштепа археологик объектида 2020 йилдан археологик тадқиқотлар ўтказилиб, тўлиқ ўрганилиши ва консервациялаш режалаштирилмоқда.
Давра суҳбатида қадимий ёдгорлик объектини асраб-авайлаш, уни консервациялашга олимлар, археологлар, меъморчилик ва шаҳарсозлик соҳаси экспертлари, кенг жамоатчиликнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ёндашиш зарурлиги, бу борада амалий иш режасини яратиш, келгусидаги саъй-ҳаракатларни мунтазам мувофиқлаштириб бориш юзасидан фикрлар билдирилди.