Тарихий мавзунинг инновацион талқини
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Hologram Wоrld” театри билан ҳамкорликда Ёшлар ижод саройида Марказий Осиёда илк бор “Aмир Темур” номли голограмма спектаклининг тақдимоти бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Hologram Wоrld” театри билан ҳамкорликда Ёшлар ижод саройида Марказий Осиёда илк бор “Aмир Темур” номли голограмма спектаклининг тақдимоти бўлиб ўтади.
Маълумки, жорий йилнинг март ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш мақсадида бешта муҳим ташаббус илгари сурилди. Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш ҳамда истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган.
Мазкур ташаббусни амалиётга жорий этиш мақсадида янги технологиялар асосида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ҳақида режиссёр Санжар Маткаримов томонидан голограммага асосланган тарихий спектакль саҳналаштирилди. Амир Темур ролини иқтидорли актёр Раҳимжон Дўсанов, Бибихоним ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиевалар маҳорат билан ижро этган.

“Aмир Темур” номли голограмма спектакли намойишидаги қўшимча эффектлар театр мазмунини томошабинга етказишда чексиз имкониятларни очиб беради. Юқори технологиялар замонида яшаётган ёшларни маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашда замонавий технологик ёндашув асосига қурилган голограмма театрларининг аҳамияти ва таъсири катта.
“Aмир Темур” голограмма спектакли ўзида янги медиа имкониятларни жамлагани билан ёшлар онгида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш ҳамда бой маданий тарихимизга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади.
Шуни айтиш керакки, голограмма театри мультимедиа намойишлари ва анъанавий спектаклларнинг ҳамоҳанглиги ҳисобланиб, театр спектакллари намойишида чексиз имкониятларни очиб беради. Голографик дисплей-объектнинг виртуал уч ўлчовли тасвирни яратиш учун ёруғлик тарқалишидан фойдаланадиган дисплей тури саналади. Голографик дисплейлар 3D тасвирлашнинг бошқа шаклларидан ажралиб туради. Негаки, улар тасвирни кўриш учун ҳеч қандай махсус кўзойнак ёки ташқи жиҳозлардан фойдаланишни талаб қилмайди. Голографик намойишлар АҚШ, Германия, Жанубий Корея ва Хитой каби давлатларда муваффақият билан ўтказилмоқда.
Aввалига кўргазмалар, конференциялар ва бошқа махсус тадбирларда фойдаланилган голограмма намойишлари эндиликда бутун дунёда театр санъати сифатида ривожлана бошламоқда. “Hologram Wоrld” голограмма театри Марказий Осиёда биринчилар қаторида Ўзбекистонда ташкил этилди. “Hologram Wоrld” голограммани яратувчи илғор технологиялар Германия, Япония ва Хитойдан олиб келинди.