Тарғиботчилар беморлар ҳолидан хабар олди
Самарқанд вилоятида ўтказилаётган “Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” шиори остидаги “Маънавият фестивали” доирасида Қўшработ ва Пайариқ туманларида ҳам турли хил маънавий тарғибот тадбирлари, ижодий кечалар ва ижтимоий акциялар уюштирилди.
Жумладан, Қўшработ тумани Майинтепа маҳалласида “Уч авлод учрашуви”, “Оила – маънавият қўрғони” номли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Маҳалладаги нуронийлар, ибратли оилалар вакиллари ўз ҳаёт йўллари ҳақида ёшларга гапириб берди. Аждодлардан мерос ҳунар, анъана ва қадриятларни давом эттириб келаётган момолар ўтмиш хотираларини ёдга олиб, бугунги кунлар қадр-қиммати ҳақида сўз юритди.

Пойтахтдан келган ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари маҳалла аҳолисини Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги билан табриклаб, ўз ижод намуналаридан ўқиб берди, куй-қўшиқлар ижро этилди.
Пайариқ туманидаги Хўжа Исмоил маҳалласида жойлашган, 250 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган тикувчилик корхонасидаги учрашувда Ўзбекистон Халқ артисти Замира Суюнова, Ўзбекистон Халқ ҳофизи Абдунаби Иброҳимов томонидан ижро этилган қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари маҳаллалар, корхона ва ташкилотлардаги тадбирларда иштирок этиш билан бирга шифохонада даволанаётган беморлар, ногиронлиги бўлган кишилар ҳолидан хабар олиб, улар билан дилдан суҳбатлашди.
Хусусан, Пайариқ туманидаги Алишер Навоий номидаги маҳаллада яшовчи Роҳила Ўрозбоева ҳамда Умида Абжаловалар хонадонида бўлдилар.


– Беш йил олдин турмуш ўртоғим оламдан ўтган эди, – дейди Роҳила Ўрозбоева. – Шундан кейин юролмай қолдим. Бугун келиним маҳалладан кимдир келаркан, деса бирор киши келиб, ҳолимдан хабар олса керак деб ўйлагандим. Тошкентдан шундай машҳур инсонлар, санъаткорлар хонадонимиз меҳмони бўлишларини кутмагандим. Уларни кўриб, ширин сўзлари, далдаларини эшитиб, бошим кўкка етди.
“Маърифат фестивали” давом этмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари