Тарғибот – ОИВ хасталигининг олдини олишда энг самарали йўл
Юртимизда ОИВ инфекцияси хасталигининг юқиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида олиб борилаётган самарали ишлар натижасида кейинги йилларда ушбу хасталик билан касалланиш ҳолатлари бирмунча пасайди. Бироқ оз бўлса-да, янги-янги касалланиш ҳолатларининг қайд этилаётгани мазкур йўналишдаги ишлар, айниқса, тарғибот ишларини янада кучайтиришни тақозо этади.
Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ана шу хусусида сўз юритилди.
Тадбир аввалида Андижон вилояти ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори ўринбосари А.Мамадалиев вилоятдаги ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият ҳамда ўтган давр мобайнида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар ҳақида маълумотлар берди.
[gallery-23126]
Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази шифокор ва мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирлари концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда ОИВ инфекцияси ва қўшимча касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эпидемияга қарши, диагностика тадбирларини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли, хусусан, чет давлатларида ишлаб қайтган фуқароларни ОИВ инфекцияси текширувларига жалб этиш, хасталикка чалинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни диспансер кўригидан ўтказиш, дори воситалари билан таъминлаш, ҳамкор ташкилотларга услубий ёрдамлар кўрсатиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳалла ва масжидларда касалликнинг юқиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш бўйича турли тадбирлар ўтказилган.
Давра суҳбатида тарғибот ОИВ хасталигининг олдини олишда энг самарали йўл эканлиги таъкидланиб, иштирокчилар томонидан хасталик юқишининг олдини олиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари