Бугун мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга ҳар қачонгидан кўра эътибор кучли. Чекка ҳудудларда ҳам мактабгача таълим масканлари бунёд этилиб, болаларни қамров даражаси ошмоқда. Айниқса, нодавлат таълим муассасаларининг ташкил этилаётгани бу борада яхши самара бераётир.
Мазкур соҳада меҳнат қилаётган тарбиячилар болажонларга меҳр ва тарбия бериб, баркамол авлодни вояга етказишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим боғчаларда нохуш ҳолатлар ҳам учраб туради.
Ота-оналар фарзандларини боғчада ишлаётган тарбиячиларга ишониб, кўнгли хотиржам ишга отланади. Назоратсизлик ва эҳтиётсизлик эса аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 13-оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида шундай ҳолат юз берди. Ёрдамчи тарбиячи Нодира Асадова (исм фамилияси ўзгартирилган) 2020 йил 16 октябрь куни боғча тарбияланувчиларига овқат тарқатаётган вақтида болалар бақир-чақир қилади. Тарбиячи уларни тинчлантириш мақсадида қўлидаги темир қошиқни силкитган вақтида эҳтиётсизлик натижасида қўлидан чиқиб кетиб, 2016 йилда туғилган Азизбекнинг кўз қисмига теккан. Бунинг натижасида унга оғир шикаст етади.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, вояга етмаган Азизбекда ўнг кўз шох пардасини, склерани, рангдор пардани йиртилган яраси-ўнг кўз олмаси бутунлигини бузилиши кўришни тўлиқ йўқолиши каби жароҳатлар бўлиб, бу ҳаёт учун хавфлилик мезонига кўра оғир тан жароҳатлар тоифасига кириши аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, тарбиячи Н. Асадова эҳтиётсизлиги оқибатида боланинг кўз қисмига оғир шикаст етказишга сабаб бўлган. Судда болани даволаниши учун 14 миллион сўм пул берганлигини маълум қилиб, қилмишидан пушаймон бўлди. Н. Асадовага Жиноят Кодексининг тегишли моддаси асосида жазо тайинланиб, фуқаровий жавобгар 13- оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидан 4 миллион 700 минг сўм моддий зарар жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига ундирилиши белгиланди.
Оддий бир хато ёки эҳтиётсизлик оқибатида инсон бир умр мажруҳ бўлиб қолиши мумкин. Шундай экан, таълим соҳасида ишлаётганлар бунга асло йўл қўймасликлари керак. Фарғона вилоятидаги мактабгача таълим тизимида содир бўлган мазкур ҳолат барчага сабоқ бўлса ажабмас.
М. Сулаймонов, ЎзА