Тарбия, маънавият учун барча масъул
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини доимо таъкидлайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини доимо таъкидлайди.
Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Республика маҳаллалар кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби ташкилотларнинг маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йил октябрь-декабрь ойларига мўлжалланган Ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилган эди.
Ёшлар маънавиятини тўғри шакллантириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, маҳаллалардаги муҳитни янада соғломлаштиришга муносиб ҳисса қўшиш, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мувофиқлаштириш мазкур ҳамкорлик дастуридан кўзланган асосий мақсаддир.
Дастур доирасида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи томонидан “Ибратли оила – 2019” ва “Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг!” шиори остида 273 дан ортиқ видеороликлар тайёрланди. Айни пайтда “Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг!” шиори остида узоқ йиллар мобайнида аҳилликда яшаб келаётган намунали оилалар ҳамда ёш оилалар, турмуш қуриш арафасида турган йигит-қизлар иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилди.
Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактабларидаги тренингларда 1188 намунали оила вакиллари иштирокида турмуш қуриш арафасида турган 17 минг 814 йигит-қиз билан мулоқотлар ўтказилди.
142 ФҲДЁ органи биносида, шунингдек, 92 Фуқаролик ишлари бўйича суд биносида “Оила бурчаклари” ташкил этилди. Уларда Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, никоҳ ва туғилишни қайд этиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, янги турмуш қуриш арафасида турган ёш йигит-қизларга мўлжалланган эслатмалар, тавсиялар, тарғибот воситалари ҳамда бошқа қўлланма ва адабиётлар жамланди.
“Оиладаги тотувликка биргаликда эришамиз!” шиори остида “Маслаҳат” акцияси доирасида “Оила” маркази, ФҲДЁ органи ходимлари, психологлар, Реабилитация маркази мутасаддиларидан иборат маслаҳат гуруҳи аъзолари томонидан маҳаллаларда 2722 маротаба суҳбатлар ташкил этилди, уларга 135647 муаммоли оила вакиллари (қайноналар, келинлар, куёвлар, болалар) жалб этилди.
“Оила ва жамият фаровонлиги – тараққиёт омили” мавзусида салбий ҳолатлар кузатилган маҳаллаларда жамоат ташкилотларининг ҳудудий, туман ва шаҳар бўлимлари раҳбар ходимлари томонидан учрашувлар ўтказилди.
Корхона, ташкилот, муассасалардаги раҳбар аёллар иштирокида “Аёл маънавияти”, “Раҳбар аёлнинг қиёфаси” мавзуларида, шунингдек, таълим муассасаларида ўқувчи-қизлар ва ота-оналар ўртасида қизлар маънавияти, одоб-ахлоқ меъёрлари, мактаб формасининг афзалликлари тўғрисида давра суҳбатлари доимий ташкил этилди. Маҳаллаларда “Миллий либослар тарихи”, “Кийиниш маданияти ва одоби”, “Аёл психологияси” мавзуларида ўтказиладиган тадбирлар давомида либослар инсон, айниқса аёл-қизлар маънавияти, одоб-ахлоқининг кўзгуси экани батафсил тушунтирилди.
Қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, касбга ўргатиш ва бандлигини таъминлашга қаратилган “Маърифатли қизнинг қадами қутлуғ келур” акцияси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, муаммоли оилаларда тарбияланаётган қизлар учун ўқувлар ташкил этилди. Миллий анъана ва қадриятларимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтиришда “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танловининг аҳамияти ғоят катта бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори мазмун-моҳиятини тарғиб этиш мақсадида маҳаллаларда доимий тарзда тадбирлар ўтказилиб, уларга аҳоли кенг жалб этилди. Тўй ва маросимларни ихчам, тартибли ўтказиш бўйича хотин-қизлар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳамюртларимиз, айниқса аёлларга батафсил тушунтирилди. Аҳоли билан ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида 345 хонадон эгаси томонидан 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида намунали тўйлар ўтказилди.
Ҳамкорлик дастури доирасида ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик руҳида тарбиялаш йўналишида ҳам муайян ишлар олиб борилди. Барча умумтаълим мактабларига касбий ва ҳаётий тажрибаси юқори, обрўли, ижтимоий фаол кексалар, шу жумладан, пенсиядаги ҳарбий хизматчилар бириктирилди.
Нуронийлар ва пенсиядаги ҳарбий хизматчилар иштирокида умумтаълим мактабларида ҳамда маҳалла гузарларида “Кексалар маърифати” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди. Мунтазам дарс қолдираётган 2850 ўқувчининг ота-оналари ва ота-оналар ўрнини босувчи шахслар билан манзилли иш олиб борилди. 2443 намунали ўқувчи ва уларнинг ота-оналари рағбатлантирилди.
Аҳоли билан аждодлар руҳига ҳурмат бажо келтириш, улар сўнгги қўним топган муқаддас масканларни обод қилиш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи эканлигига оид доимий тарзда ўтказилган суҳбатлар ўтказилиб, уйма-уй юриш вақтида тушунтириш ишлари олиб борилди. Бунинг натижасида муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Бундай ҳамкорлик жамоат ташкилотларининг ёшлар тарбиясига оид эзгу ташаббусларни, саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, амалий ишларнинг натижадорлигини ошириш имконини бергани билан аҳамиятли бўлди.