Ҳар бир мамлакатнинг конституциясида ўзининг ички хусусиятларидан келиб чиқиб инсон ҳуқуқларига доир муайян қонунчилик тизими шаклланган бўлади.
Давлатларнинг конституциялари уларнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланади. Ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат (қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқалар) конституцияга асосланади. Бошқача айтганда, Конституция мамлакат барча қонун ҳужжатларининг манбаини ташкил этади. Конституциявий ҳуқуқ нормалари давлатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳудудий тузилишининг асосий тамойилларини, унинг фуқаролик жамияти институтлари билан муносабатлар тартибини, инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилишини тартибга солади, давлат ҳокимияти органлари тизимини аниқлаб беради.
Ҳаётимизнинг асосий Қомуси бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам ўзида худди ана шундай хусусиятларни мужассам эттирган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини тан олиш ва таъминлаш давлатнинг асосий мажбуриятидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган табригида илгари амал қилган “Давлат – жамият – инсон” тамойилини “Инсон –жамият – давлат” тамойили билан ўзгартириш ва уни миллий қонунчилигимиз ҳамда ҳуқуқ амалиётимизда мустаҳкамлаш зарурати тўғрисидаги таклиф илгари сурилган эди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда жуда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараёнлар давом этмоқда. Бу ислоҳотлар энг аввало очиқлик ва шаффофлик сиёсатининг юритилишида, Инсон қадрини юксалтириш борасидаги ишларда, бу фуқаролик жамияти институтларини янада такомиллаштириш, бу оила ва хотин-қизлар, ногиронлар ва кексалар билан ишлаш тизимининг ислоҳ қилинишида, бу келажагимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлашга оид давлат сиёсатининг кучайтирилишида, мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларда, эзгу инсоний қадриятларимиз бўлмиш оилавий ва миллий қадриятларни келгуси авлодга безавол етказиш бўйича қилинаётган ишларда, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга доир ишларнинг кенгайтирилишида намоён бўлмоқда.
Шунингдек, учинчи Ренессанснинг узвий халқалари бўлмиш мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим ва илм-фанни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларда ўз аксини топмоқда. Бу эса албатта Асосий Қонунимиз – Конституциямизни бугунги жамиятимиздаги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштиришни тақозо этади. “Янги Ўзбекистон – Ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида мустаҳкамлаш заруратини келтириб чиқармоқда.
Абира Ҳусейнова,
Олий Мажлис Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор.
ЎзА