Саёҳат манзиллари
Қашқадарёда тараққиётдан узилиб қолган қишлоқ бор. Бу Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Ҳисор тоғ тизмаси этакларида, сўлим табиат қўйнида жойлашган Зармас қишлоғидир.
Эрта тонгдан ушбу манзилга отланар эканмиз аввало ушбу ҳудудга қарашли Татар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тошпўлат Бердиев билан учрашдик. Аммо раис негадир йўл машаққатларини баҳона қилиб, чиқа олмаслигимизни, чиқиш учун бир кун вақт кетишини ва ҳоказо сабабларни қалаштириб ташлади. Наилож шаҳардан келган уч меҳмон раисни гапларига кўндик. Аммо шу ергача келдик, ҳеч бўлмаса оёғимиз толиққан жойгача борайлик, табиат ажойиботларини томоша қилайлик, дея қишлоқ сари отландик. Раиснинг “Нива”сида машина борадиган жойгача етиб олдик. У ёғига қўлга камераларни олиб Дюманинг “Уч мушкетёр”идек шовуллаб оқиб турган “Қизилдарё” бўйлаб яёв отландик.
Дарё бўйлаб маҳаллий аҳоли гоҳ пиёда, гоҳ от-уловда қатнайвериб, из бўлиб қолган суқмоқлардан тепага қараб юриб борамиз. Хорисак тўхтаб дам оламиз, атрофни суратга оламиз. Бир умр текислик жойларда яшаб ўрганган биз каби меҳмонлар учун у ердаги ҳар бир ҳарсанг тош, тепага қарасанг қалпоғинг ерга тушиб кетадигандек виқорли қоялар, тошлоқ ерларни ёриб мустаҳкам ўрнашиб ўсиб ётган заранг дарахти, ёввойи тоғ бодоми ҳамма-ҳаммаси биз учун ажойибот бўлиб кўринади. Ҳатто дарёнинг тошдан-тошга урилиб, кўпириб оқишида ҳам ўзига хос ҳикмат бордек.
Келаверишда дам олиш масканига хордиқ чиқариш учун келган меҳмонлар билан суҳбатлашганимизда қишлоққа боргунча учта шаршарадан ўтасизлар деган гапи қулоғимизга чалинган эди. Шу боис саёҳатимизни учинчи шаршарага қадар давом эттириб, кейин қайтишни мўлжал қилиб борардик. Шу пайт қишлоқдан пастга тушиб келаётган икки эшакли йигит билан рўбару келиб қолдик. Уни суҳбатга чорладик.
– Қишлоғимизга мана шу йўллардан гоҳ пиёда, гоҳ эшшак-от билан қатнаймиз. Хавфли даралардан ўтамиз, – дейди Тўйчи Алимов. – Деҳқончилик маҳсулотларини ҳам, бозор ўчарни ҳам худди мана шу усулда ташиймиз. Очиғи йўл масаласи бизда жуда машаққатли. Масалан бугун ўғлимни Президент мактабига имтиҳон топширтириш учун олиб боряпман. Қишлоқдан машина қатнайдиган жойгача роппа-роса 12 километр йўл босиб ўтамиз. Кейин уловларни пастда қолдириб, у ёғига таксида кетамиз. Айниқса, касалчилик бизни роса қийнайди. Яқинда бир қишлоқдошимиз кўричак касалига чалиниб қолди. Пастга олиб тушгунча йўлда ичаклари ёрилиб кетиб, вафот этди.
Т.Алимов гап асносида қишлоққа узоғи икки-уч соатда чиқиб бориш мумкинлигини айтиб қолди. Бу эса маҳалла раисининг бир кунда бора олмайсизлар деган ваҳимасини бир пастда йўққа чиқарди. Шу билан Зармас қайдасан, дея учовлон отландик. Лекин очиғини айтиш керак, уловсиз юриш биз учун анчагина машаққатли кечарди. Ниҳоят дарёнинг нариги томонига ўтиш учун ўрнатилган тахта кўприкка етганимизда ортимиздан иккита эшак минган йўловчи келиб қолди. Бир кўришда бу ерларнинг одами эмаслигимизни сезган йигитлар уловини бизга бериб, ўзлари пиёда юриб йўл кўрсатиб кетишди. Ўзини Қобилбек дея таништирган йигит Деҳқонобод туманининг Ойбек қишлоғида чўпонлик қилишини, пастга шеригини олиб чиқиш учун тушганини, бу йўллардан баъзан ҳафтасига икки-уч бора тушиб чиқишини таъкидлади.
Юқорига кўтарилган сайин дарё пастда қолиб борар, йўллар эса тобора вахимали тус оларди. Дараларни ёқалаб юракни ховучлаб борамиз. Қоялар кифтидан қўл кучи билан очилган йўллар. Жуда қисқа жойларига ёғочлардан кўприклар ясалган. Устидан ўтганингизда ғичирлаб юракка ғулғула солади.
Йўлда ўша биз кутган учинчи катта шаршарага дуч келдик. Тахминан 60 метрлар баландликдан оқиб тушаётган шаршара тошдан-тошга урилганда кукундек майда зарралари атрофга сочилади. Сочилган зарралар қуёш нурида минг хил рангда жилоланади. Зармас қишлоғига боргунча бу каби шаршаралар, булоқлар бисёр. Уларнинг барчаси Қизилдарёга қуйилади.
Бораверишда чап томонимиздаги тоғлар этагида қорайиб турган кўмир кукинлари кўзга ташланади. Ҳамроҳимиз Қобилбекнинг айтишича, у ерда кўмир конлари аниқланган. Аммо ҳали саноат миқёсида фойдаланилмайди. Маҳаллий аҳоли аёзли кунлар учун эҳтиёжига яраша қўл кучи билан қазиб олади ва фойдаланади. Қобилбек бу тоғларда тилла конлари борлигига ҳам ишора қилиб қўйди. Йўл-йўлакай мана шундай турли хил фойдали маъданларга бой азм тоғлар, ям-яшил арчазорлар, дўлана, ёввойи бодом, намаътак ва қанчадан-қанча фойдали гиёҳларни учратдик.
Ниҳоят қанчадир баландликка кўтарилганимизда икки дара ўртасидан Зармас қишлоғидаги уй-жойлар кўринди. Бу қишлоққа бориладиган йўлдаги охирги довон экан. Шу довондан ошганимизда Қизилдарё ўзани ҳам чап томонга бурилиб кетди. Шу билан дарёни шовуллаган шовқини ҳам ўчди. Яна пастга шўнғиб кетдик. Уловларимиз ҳам, ўзимиз ҳам роса чарчадик. Лекин табиатнинг гўзаллиги, мусаффо ҳаво, атрофдаги сокинлик чарчоғимизни чиқариб юборарди.
Қишлоққа кўтарилиб борар эканмиз бирорта техника овозини эшитмайсиз. Ҳатто техника юрадиган кўчаларни ҳам учратмайсиз. Йўл машаққатини кўриб, шу жойларда яшаётган одамлар матонатига қойил қолмай илож йўқ.
Ҳамроҳларимиз шу қишлоқ кайвониларидан бири Абдураҳим бобо Алимовникига бошлаб боришди. Тоғ одами жуда меҳмондўст бўлар экан. Мезбон бизга ортиғи билан мулозамат кўрсатди. Бир косадан тоғ қатиғини ичгач озгина нафас ростладик. Дилдан суҳбатлашдик.
– Ота-боболаримизни таъкидлашича, Зармас сўзининг маъноси ҳеч нарсага зормас, яъни ўзига тўқ деган маънони англатаркан, – дейди 74 ёшли Абдураҳим бобо Алимов. – Қишлоғимиз одамлари жуда аҳл. 74 ёшга кирган бўлсам шу вақтга қадар қишлоғимизда бирорта ажрим кузатилмаган. Жиноят содир бўлмаган. Эътибор қилган бўлсангиз ҳеч кимда ҳовли девор йўқ. Ҳамма томонимиз очиқ. Битта оиладай бўлиб яшаймиз. Секин ўзгаришлар бўляпти. Ёшлигимда свет йўқ эди, мана ҳозир электр токи етиб келган. Газ балонларда суюлтирилган газ етиб келяпти. Қолаерса, эсимни таниганимдан буён биринчи марта туман ҳокими келди қишлоғимизга. Халқни дардини тинглади. Шуни ўзи ҳам биз тоғликларнинг кўнглини кўтарди. Боиси бугунги кунга қадар бирорта ҳоким қишлоғимизга келмаган, ҳолинг қандай деб сўрамаган.
Озгина ҳордиқдан сўнг тоғ одамлари ҳаёти билан танишиш учун қишлоқни ораладик. Тоғда хабарлар қандай йўсинда билмадим жуда тез тарқаларкан. Атрофимизни шу қишлоқ одамлари ўраб олишди. Бизни уйга киринг дея холи жонимизга қўйишмайди. Улар билан бирга асли касби ўқитувчи бўлган Бўриқул бобо Ҳотамов хонадонига кирдик. Қияликка баланд қилиб қурилган лойсувоқ уй. Қалин пахса девордан кўтарилгани боис қишда иссиқ, ёзда эса салқин бўларкан. Қизиқ томони бирорта хонадонда ҳовли девор йўқ. Уйлар ҳам тарқоқ жойлашган.
– Бу ҳудудда тўртта қишлоқ жойлашган, – дейди 85 ёшли Бўриқул Ҳотамов. – Тошқўрғон, Зармас, Вори ва Қизилтом қишлоқлари. Энг қадимий қишлоқларимиздан бири Тошқўрғон салкам 900 йиллик тарихга эга. Ундан кейин Зармас қарийб 350 йиллар олдин ота-боболаримиз шу ерларни макон қилишган. Илгари бу ерлар ўрмонзор бўлган. Бир валий киши келиб шу ерда дам олган ва ажойиб табиатини кўриб, шу ерда яшаса бўлади, бу ерда яшаган киши ҳеч нарсага зориқмайди деган. Шундан зармас деган ном қолиб кетган. 85 ёшга кирган бўлсам, кўп даврларни бошдан кечирдим. Болалигимни эслайман. Жуда машаққатли ўтган. У пайтлар аҳвол жуда оғир эди. Масалан, одамлар 70-йилларда шу ердан кўчирилди. У вақтлар қишлоқда бирорта шеферли уй йўқ эди. Свет нима эканлигини билмасдик. Бирорта уй бўялмаган. Бугунгидек замон ҳеч бир пайтда бўлмаган. Мана ҳозир тоғда яшашимизга қарамай ҳамма хонадонда свет бор. Телевизор бор. Газ ҳам келяпти. Телефон алоқалари тикланяпти. Энг муҳими машаққатли йўлимиздан мутасадди раҳбарлар қишлоғимизга чиқиб келиб, халқнинг дардини тинглаяпти. Тунаб қоляпти. Мана сизлар келяпсизлар. Очиғи, мен шу ёшга кириб бўлаётган ишлардан жуда ҳайратдаман. Шу вақтга қадар бирор раҳбар бизнинг аҳволимизни йўқлаб келмаган. Бу Юртбошимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсати натижасидир. Президентимиздан бағоятда миннатдормиз. Шукр ҳамма нарса етарли. Яшашимиз ёмон эмас.
Ушбу қишлоқда энг муҳим ва керакли транспорт тури бошқа жойларда қадрсиз бўлган эшак экан. Ҳар бир хонадонда йўқ деганда икки учтадан эшак бор. Қишлоқ аҳолисининг айтишича, қишлоқда эшаги йўқ хонадон энг камбағал одам ҳисобланади. Чунки унинг ёрдамида даладан ўт олиб келинади, пастдан юк ташилади, йўловчи ташиш транспорти ўрнида фойдаланилади. Қишлоқ хўжалиги техникалари вазифасини бажаради, яъни унинг ёрдамида ер ҳайдалади, текисланади, ариқ олинади ва ҳоказо. Ҳатто ўрни келганда тез ёрдам машинаси ҳам шу ҳайвон.
Қишлоқ оқсоқоли Болта Ҳамроевнинг айтишича, мазкур қишлоқда 66 та хўжалик, 330 нафар аҳоли истиқомат қилади. 70-йилларда қишлоқ аҳолисининг катта қисми вилоятнинг Миришкор туманига кўчирилган. Аҳоли асосан деҳқончилик, чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Юқори қишлоқда ҳар ҳафта мол бозори бўлади. Маҳаллий аҳоли қўй-қўзиларини ўша бозорда сотади. Зармасда етиштирилган картошканинг таъми оғизда қолади. Шу боис эшаклар ёрдамида пастга олиб тушилган Зармас картошкалари анчагина харидоргир. Олмаларнику айтмасангиз ҳам бўлади. Яккабоғда энг серсув ва сарҳил олмалар айни шу ҳудудларда етиштирилади. Аҳоли мана шу маҳсулотларни пастга олиб тушиб сотишади ва эвазига рўзғор учун керакли бўлган маҳсулотларни олиб қайтишади. Тоғли ҳудуд бўлгани боис ушбу қишлоқда 6 ой давомида қор сақланиб туради ва бу муддат ичида марказ билан алоқа деярли узилади. Шу боис зармасликлар ёз бўйи қиш ғамини ейишади. Керакли озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишади. Ҳатто чорва моллари ҳам олти ой давомида оғилхонадан чиқмайди.
[gallery-3248]
- Қишлоғимиз жаннатмонанд жойлар. Сўлим табиат, муздай булоқ сувлари ҳар қандай кишини ўзига ром этади, - дейди Парда Мирзаев. – Аммо йўлларимиз жуда абгор. Туман марказига қатнаш анча машаққатли. Айниқса оғир касалларни марказга етказгунча она сутимиз оғзимизга келади. Қишлоғимизда доктор йўқ. Лекин саҳоватпеша тоғда доривор гиёҳлар мўл. Енгил касалларни асосан табобат йўли билан гиёҳлар ёрдамида даволаймиз. Ҳеч илож бўлмагач пастга олиб тушамиз. Шукр қишлоғимиз мактаби яхши. Фарзандларимиз илмли. Ҳар йили битираётган ўқувчиларнинг катта қисми олий ўқув юртларига кирмоқда. Аммо қишлоқдаги шароитнинг оғирлиги боис кўпчилиги шаҳарларда қолиб кетишяпти. Бир сўз билан айтганда ёшларимиз қишлоққа қайтишни исташмаяпти. Энг катта хавотиримиз шундан. Бизку ёшимизни яшадик. Борига қанақ қилдик. Аммо ёшлар бунга кўнмаяпти. Телевизор орқали юртимизда бўлаётган ўзгаришларни ҳавас билан томоша қиламиз. Қани энди бизнинг қишлоғимиз йўллари ҳам обод бўлса, шифохоналар қурилса, тиббий хизмат сифати яхшиланса, балки ёшларимиз ҳам қайтиб келишармиди.
Дарҳақиқат, зармасликлар ҳақиқатда бугунги кундан шукроналик туйғуси билан яшашмоқда. Ростдан қишлоқдаги одамлар ҳаёти анча ўзгарган. Шинамгина уй-жойлар барпо қилинмоқда. Тўй ҳашамлар ўтказилмоқда. Болалар таълим олиши учун мактаб фаолият юритмоқда. Аммо шу билан бирга ҳудудда аҳолини неча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолар ҳам борки, юқорида айтилгани каби қишлоқ номининг маъносига сира тушмайди.
Энг асосий муаммо йўл масаласи. Қишлоқ кўчаларидаги бирорта йўл талабга жавоб бермайди. Тошлоқ ва ўнқир-чўнқир. Шундай бўлгач техника юриши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Кейинги энг оғриқли масала тиббий хизматнинг ниҳоятда ёмонлиги. Сабаби қишлоқда врачлик пункти мавжуд эмас. Ҳатто бирорта фельдшерни топа олмайсиз. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, мустақилликдан илгари вертолёт орқали тез ёрдам хизмати кўрсатилган. Маҳалла оқсоқоли Болта Ҳамроевнинг айтишича, неча йилдирки, қишлоқда тиббий кўрик ўтказилмаган. Эсини таниганидан буён илк марта қишлоққа яқиндагина туман ҳокими келиб, одамлар аҳволи билан қизиқибди. Шу ташриф доирасидагина биринчи марта тиббий кўрик ҳам ташкил этилибди. Тўғруқ вақти яқинлашган хотин-қизлар бир ой олдин пастга тушиб кетишади ва таниш билишникига жойлашиб, фарзандининг чилласи чиққачгина тепага чиқиб келади. Кўпчилигининг кўзи уйида ёрийди. Шошилинч касалларни шифохонага тезкор етказиш учун камида 3-3,5 соат вақт керак бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун тараққиёт кун сайин одимлаб денгиз устида шаҳарлар, океан устида осма йўллар қурилаётган бир пайтда Зармас қишлоғидаги йўлларнинг хонликлар замонидан буён ўзгаришсиз туриши ростдан ачинарли. Қишлоқ одамларининг айтишича, ҳатто туристлар ҳам қишлоқдаги ажойиб табиатга қизиқиб машаққатли йўллардан чиқиб келиб, қишлоқ ҳаёти билан танишаётган экан. Ўйлаймизки, Юртбошимиз бошлаб берган кенг кўламли ислоҳотлар Зармасга ҳам етиб келади ва келажакда қишлоққа борувчи йўллар масаласи ҳам ечилади. Шунда тиббий хизмат сифати ҳам, туризм ҳам ривожланади. Қишлоққа қайтишни истамаётган ёшлар ҳам она юртига қайтиб унинг ривожига ҳисса қўшишади. Яна ҳаёт қайнайди бу саховатли ўлкаларда.
Мана шундай эзгу ҳаёллар оғушида машаққатли йўлдан яна ортимизга қайтдик.
Ўлмас Баротов,
Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА