Тараққиёт об-ҳавога боғлиқми?
Бугунги ҳаётимизни, айниқса, жамият тараққиётини гидрометеорология хизматларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Нафақат иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, авиация каби кўплаб тармоқларнинг фаолияти, умуман олганда, давлат хавфсизлиги об-ҳавонинг қандай келишига боғлиқ.
“Гидрометеорология соҳасида охирги йилларда қилинган ўзгаришлар, янгиликлар, иқлим ўзгариши муаммолари, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида “Ўзгидромет” илмий-техник салоҳиятини ошириш, турли об-ҳаво ҳодисаларини прогнозлаш ва аҳолини ўз вақтида хабардор этиш ишларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган салмоқли ишлар хусусида сўз юритилди.
Гидрометеорология хизмати марказининг фаолияти инсон ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилиш, атроф муҳитни мониторинг ва муҳофаза қилиш, барқарор иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, мамлакатимиз фуқаролари ҳаётининг фаровонлигини оширишга йўналтирилган мамлакат иқтисодиёти хавфсизлигини таъминлаш билан узвий боғлиқ. Шу муносабат билан "Ўзгидромет" Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик декларациясида баён этилган Тараққиёт мақсадларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 17 ноябрдаги қарорининг қабул қилиниши тараққиёт мақсадларини амалга оширишнинг яққол мисоли,–дейди "Ўзгидромет" бош директори Шерзод Ҳабибуллаев. – Қарорга мувофиқ, "Ўзгидромет" янги мақомга эга бўлиб, ўз фаолиятини кенгайтирди. Ҳозирги вақтда "Ўзгидромет" метеорология, агрометеорология, гидрология ҳамда атроф-табиий муҳит ифлосланиши мониторинги йўналишларида хизмат кўрсатмоқда, иқлимий маълумотлар билан таъминлаб, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар мониторингини олиб бормоқда.
Соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, кадрлар тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш бўйича ҳам хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети базасида Россия давлат гидрометеорология университети билан ҳамкорликда янги гидрометеорология факультети 2021-2022 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди.
Тошкент гидрометеорология техникумида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш орқали 2021-2022 ўқув йилида 240 нафар талабани қабул қилиш учун квоталар ажратилди. Шунингдек, бугунги кунда қўшни Қирғизистон, Тожикистон Республикаларидан ҳам талабалар техникумда таълим олмоқда.

Жаҳон банки билан ҳамкорликда 50 та автоматик метеостанция, 1 та мобиль экологик лаборатория ва об-ҳаво прогнозларини рақамли моделлаштириш учун 1 дона суперкомпьютер ускунаси, шунингдек, “Замин” халқаро жамоат фонди ҳисобидан 2 та автоматлашган атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги станцияси ўрнатилди.
Шунингдек, тадбирда соҳада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўплиги борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА