Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами Қарши шаҳридаги Тараққиёт маҳалласи аҳолиси учун ҳам қувончли ва тарихий воқеаларга бой бўлди. Боиси маҳаллада янгидан қурилган 51-сонли умумий ўрта таълим мактабининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
2022 йилда ташкил этилган Тараққиёт маҳалласида бугунга қадар мактаб мавжуд эмас эди. Шу сабабли ўқувчилар қўшни ҳудудлардаги таълим муассасаларига қатнашга мажбур эди. Янги мактабнинг барпо этилиши маҳалла болаларига ўз уйларига яқин, барча зарур инфратузилма ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлган таълим масканида билим олиш имконини яратди.
Инвестиция дастури доирасида 9 миллиард 387 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган уч қаватли таълим маскани 330 ўринга мўлжалланган. Кенг ва ёруғ спорт зали, стадион, ошхона, кутубхона, 60 ўринли мажлислар зали, компьютер хонаси ва бошқа қулайликлар ўқувчилар ихтиёрида.
[gallery-25099]
Мазкур таълим маскани энг замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, педагоглар ва ўқувчилар учун қулай ва самарали таълим-тарбия жараёнини таъминлаш имкониятини яратади. Янги мактаб фаолияти туфайли 35 нафар педагог ва хизмат кўрсатувчи ходим учун янги иш ўрни ҳам яратилди.
Тантанали очилиш маросимида шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари, халқ таълими соҳаси мутасаддилари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, янги бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган мазкур таълим муассасаси нафақат болалар ва ўқитувчилар, балки бутун маҳалла аҳолиси учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари