Тараққиёт, инновация ва маърифат
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” Халқаро шериклик ҳафталигининг навбатдаги иш куни ҳам самарали кечди.
Жумладан, “Янги Ўзбекистон – янгиланган ташқи сиёсат” мавзусидаги халқаро анжуман хорижлик олимлар, сиёсатшунослар, экспертларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев жаҳонга янгиланган давлат сифатида танилиб бораётган Ватанимизнинг ташқи сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари, устуворликлари, бу йўналишда эришилаётган ютуқлар, истиқболдаги вазифалар хусусида батафсил сўз юритди.
Айтиш керакки, бундан олти-етти йил муқаддам Ўзбекистон раҳбарияти томонидан юритилаётган ташқи сиёсат дунё давлатлари билан тенг, ўзаро манфаатли, очиқ, конструктив сиёсат юритиш, ўзаро муносабатларни ишонч ва самимиятга асосланган янгича асосда йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.
Ҳафталикнинг навбатдаги иш кунида “Янги Ўзбекистон – инсон қадри эъзозланган диёр” номли халқаро форум ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, улар учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш борасидаги янги механизм хусусида, унинг аҳамияти, миллионлаб хонадонларга келтираётган самараси ҳақида батафсил сўз юритди. Форум давомида Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт йўлидан дадил одимлаётгани, янгиланган Ватанимизда эришилган ютуқлар ибрат олишга арзигулик эканини алоҳида эътироф этдилар.
Шу куни “Янги Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадлари ва “Яшил тараққиёт”, “Барқарор ривожланиш мақсадлари: озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув таъминоти”, “Тадбиркор аёллар бизнес форуми” каби мавзуларда халқаро анжуманлар, тақдимотлар, форумлар бўлиб ўтди. Ҳафталик иштирокчилари долзарб мавзулар бўйича ўзаро мулоқот қилиш, фикр ва тажриба алмашиш имконига эга бўлгани диққатга сазовордир.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири