Тараққиёт гарови — илм-фан!
Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида Давлатимиз раҳбари томонидан халқ вакиллари учун керакли бўлган парламент сабоғини, келгусида фаолиятида асқатадиган муҳим йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди, десак, янглишмаган бўламиз. Таъкидлаш лозимки, халқнинг хизматида бўлиш, унинг оғирини енгил қилиш ҳар бир депутатдан юксак фидойилик, улкан билим ва ҳаётий тажриба талаб этади.
Давлатимиз раҳбари ўзининг маърузаларида парламент фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, бунинг учун депутатлардан жуда катта меҳнат талаб этишини алоҳида таъкидладилар. Назаримизда, илгари сурилган мақсад ва вазифаларни депутатлар ўзлари учун дастуриламал ҳужжат сифатида қабул қилиши ҳамда фаолиятини йўлга қўйишларида ўз устида қаттиқ ишлашлаб, самарали фойдаланишлари лозим.
Йиғилишда илм-фанга эътибор, бу борадаги рақамлар, соҳаларда илмга асосланиш, парламентда ҳар уч нафар депутатдан бири илмий даражага эгалиги сиёсатнинг натижаси сифатида кўрсатилиб, энди қонунлар янада сифатли ва илмий асосланган бўлиши кераклиги ҳақида қайд этилгани алоҳида эътиборга лойиқдир.
Мамнуният билан айтишимиз лозимки, сайланган депутатларимизнинг 35 фоизини илмий даражага эга бўлган халқ вакиллари ташкил қиляпти. Бу кўрсаткич, илгари парламент тажрибасида учрамаган ўзига хослик, десак, хато қилмаган бўламиз. Ўйлаймизки, мазкур илмий салоҳият янги шаклланган парламентимизнинг яқин беш йиллик фаолиятида халқчил, мукаммал, сифатли ва энг асосийси, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи қонунлар қабул қилишда хизмат қилади. Давлат раҳбари қуйидаги сўзларига тўхталмасак бўлмас, яъни “Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!”.
Эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фанга эътибор янада юксалди. Яъни фан тараққиёти ўзининг янги босқичига кўтарилди. Давлат раҳбари эса доимий равишда илм-фан вакиллари билан учрашиб, маърузаларида эътиборни айнан илм-фанни замонавий, халқаро тажрибаларга таянган ҳолда олиб бориш лозимлигига эътиборини қаратмоқда.
Тан олиб айтиш лозимки, сўнгги йилларда мактабларимиз, олий таълим муассасаларимиз, илмий тадқиқот марказларимиз ўзгача қиёфа ва янгиланиш руҳида фаолият олиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, таълим соҳасида фаолият олиб бораётган ўқитувчи ва педагогларимизнинг ойлик иш ҳақлари бир неча бор ошди. “Эл – юрт умиди” жамғармаси орқали кўплаб иқтидорли ёшларимизнинг энг нуфузли хорижий олийгоҳларда таълим олаётганликлари, хотин-қизларимизнинг магистратурада ўқиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилаётгани каби юзлаб имтиёз ва шарт-шароитларни қайд этиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, депутатларимиз халқимиз, Давлат раҳбари томонидан юклатилган улкан масъулиятни ҳис қилган ҳолда олдиларида турган аниқ мақсадли вазифаларни шараф билан бажаришга бор меҳнатлари, ақл заковатларини аямаслигига ишончимиз комил.
Шерзод Зулфиқоров,
Жамоат хавфсизлиги университети профессори