Тараққиётнинг асосий омили
"Бағрикенглик ва инсонпарварликни ривожлантириш – Ўзбекистон давлат сиёсатининг муҳим устуворлиги" мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва
эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини,
ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий
мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 18-моддасидан)
Ўзбекистон Фанлар академиясида "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Бағрикенглик кунига бағишлаб ўтказилган илмий-амалий семинар доирасида "Бағрикенглик ва инсонпарварликни ривожлантириш – Ўзбекистон давлат сиёсатининг муҳим устуворлиги" мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди.
Фридрих Эберт номидаги халқаро жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан бираликда ташкил этилган ушбу семинарда олимлар, социологлар, экспертлар, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Р.Убайдуллаева, ЎзРФА вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Н.Резяпова ва бошқалар миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро тотувликни таъминлаш масаласи барча жабҳаларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда устувор аҳамият касб этишини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган ҳафтада мамлакатимизда Бағрикенглик ҳафталиги кенг нишонланди. Заминимизда азал-азалдан турли миллат ва элатлар, диний конфессия вакиллари аҳиллик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат асосида истиқомат қилиб келган. Мустақиллик йилларида миллатлар ўртасидаги дўстликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш масаласига юртимиздаги тинчлик, осойишталик, ижтимоий барқарорлик, тараққиётнинг муҳим шарти сифатида эътибор қаратилаяпти.
Бош қомусимизда ҳам мамлакатимиздаги барча фуқароларнинг диний эътиқоди, миллатидан қатъи назар, таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз ижодий-интеллектуал салоҳиятини намоён этиши, саломатлигини мустаҳкамлаши борасида тенг имкониятлар яратилгани кафолатланган.
Миллий табиатимизга хос бўлган бағрикенглик, олижаноблик, хайрихоҳлик каби фазилатлар халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрда қабул қилинган "Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони бу борадаги амалий ишларнинг мақсади, принциплари ва асосий йўналишларини белгилаб берувчи асосий дастур бўлиши шубҳасиз.
Семинарда мавзуга доир маърузалар тингланди. Тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.