Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, диний мазмундаги ҳар қандай материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фақат белгиланган тартибга асосан амалга оширилиши лозим.
Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан Наманган халқаро аэропортидаги чегара постида ўтказилган божхона назорати жараёнида олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган диний мазмундаги адабиётлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати фош этилди.

Туркия жумҳуриятидан “Истанбул – Наманган” йўналишида республикамизга келган фуқаронинг қўл юклари назоратдан ўтказилганда, шахсий буюмлари орасида етти дона диний мазмундаги китоблар мавжудлиги аниқланди.

– Дин ишлари бўйича қўмита Наманган вилояти диншунослик экспертизасининг хулосасига кўра, улардан учтаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга рухсат этилмаган диний адабиётлар эканлиги маълум бўлди. Божхона органлари мазкур қоидаларнинг қатъий бажарилиши устидан назорат олиб боради ва қонунбузарликларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўради, – дейди вилоят божхона бошқармаси масъул ходими Анастасия Атаханова.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.