Тақдирлар чорраҳасида: Ўзбек заминидаги чехлар
Ўзбекистон тарихини ўрганиш жараёнида шундай ўзига хос ҳодисаларга дуч келамизки, улар халқимизнинг азалий бағрикенглиги ва жаҳон маданияти билан узвий алоқаларини яққол намоён этади. Ана шундай эътиборга молик тарихий фактлардан бири – XIX аср охири ва XX аср бошларида ўлкамиз ижтимоий-маданий ҳаётида чех миллатига мансуб мутахассисларнинг иштирокидир.
Сон жиҳaтдан унчалик катта бўлмаган бу диаспора вакиллари Ўзбекистон мусиқа санъати, шаҳарсозлиги ва фан ривожига ўзларининг сезиларли ҳиссасини қўшганлар.
Дастлабки маданий алоқаларнинг тамал тошини қўйган шахслардан бири мусиқачи В.В.Лейсек ҳисобланади. XIX асрнинг 80-йилларида Туркистон ўлкасига келган бу мутахассис маҳаллий халқ оҳангларини чуқур ўрганиб, уларни илк бор Европа нота тизимига солди. Унинг 1890 йилда нашр этилган “Осиё попурриси” тўплами ўзбек, қирғиз ва татар куйларини Ғарб дунёсига таништиришда муҳим восита бўлди. Лейсек нафақат кузатувчи, балки тарғиботчи сифатида ҳам фаолият юритиб, Тошкентда хор санъатининг шаклланишига асос солди ва кейинчалик Европада ўзбек мусиқаси янграган илк концертларни ташкил этди.
Статистик маълумотларга кўра, ХХ аср бошларида Туркистонда истиқомат қилувчи чехлар сони эллик нафарга яқин бўлиб, уларнинг аксариятини зиёлилар ташкил этган. Биринчи жаҳон уруши йилларида эса ўлкага ҳарбий асирлар ва қочоқлар сифатида келган чехлар ҳисобига бу кўрсаткич ортди. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳарбий асир мақомида бўлишига қарамай, чех офицерлари ва санъаткорларига ўз иқтидорини намоён этиш учун имконият яратилган. Хусусан, 1915 йилда Тошкентда ташкил этилган симфоник оркестр таркибининг асосий қисмини дирижёр Ф.Седлячек бошчилигидаги чех мусиқачилари ташкил этгани, ўша даврдаги маданий муҳитнинг ранг-баранг бўлганидан далолат беради.
Ўлкадаги сиёсий ўзгаришлар даврида ҳам чех диаспораси вакиллари четда турмадилар. 1918 йилда Қўқон шаҳрида қирқдан ортиқ чех ва словак миллатига мансуб шахслар янги ижтимоий жараёнларда фаол қатнашдилар. Э.Ф.Кужело ва темирйўлчи Собчек каби фаоллар шулар жумласидандир. 1920-йилларда асирларни ватанига қайтариш жараёни бошланганда, кўпчилик ўз юртига қайтишни ихтиёр этди. Бироқ, ўзбек заминидаги самимий муҳит ва инсонийлик муносабатлари айрим мутахассисларни шу ерда қолишга ундади. Бухоро ва Амирободда меҳнат қилган Вячеслав Эльснернинг Ватанига қайтиб кетгач ҳам Ўзбекистонни қўмсаб ёзган мактублари бу фикрнинг ёрқин исботидир.
Пойтахтимиз Тошкентнинг меъморий қиёфасини шакллантиришда чех меъморларининг хизмати алоҳида. Ҳукумат таклифи билан Тошкентга қайтган ва шу ерда муқим қолган меъмор Ярослав Гаазенкопф ҳамда унинг издоши бўлган қизи О.Я.Гаазенкопфнинг меҳнатлари таҳсинга сазовор. Бугунги кунда аҳоли гавжум бўлган Чилонзор туманидаги илк кўп қаватли уй-жой мажмуаларининг лойиҳалаштирилишида айнан О.Я.Гаазенкопфнинг муаллифлик иштироки борлиги, ушбу сулоланинг шаҳарсозлик тарихимиздаги ўрнини белгилаб беради. Шунингдек, музей иши ва нумизматика соҳасида мутахассис Август, тиббиёт соҳасида ҳарбий шифокор Дубинчик каби зиёлилар ҳам ўз касбий маҳорати билан халқимизга хизмат қилганлар.
Халқимизга хос бўлган инсонпарварлик фазилатлари машҳур бактериолог олим А.Д.Греков хотираларида ҳам ўз аксини топган. Уруш йилларида ҳарбий госпиталда асирларни даволаган бу шифокор, Антон Анжловар исмли чех асирининг ҳаётини сақлаб қолган. Миннатдорлик рамзи сифатида ҳадя қилинган буюмлар ва кейинчалик Грековнинг: “Уларнинг кўпи Тошкентда қолиб, биз билан дўст бўлиб яшади”, дея ёзган илиқ хотиралари миллатлар ўртасидаги дўстлик ришталари сиёсий зиддиятлардан устун эканини кўрсатади.
“Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги илмий-адабий алоқалар ривожида XX асрнинг 30-йилларида юртимизда яшаб ижод қилган ёзувчи Юлиус Фучик ҳамда таниқли географ олим Владимир Рацекнинг хизматлари беқиёс. Ю.Фучикнинг ўлкамиз ҳақидаги очерклари ва В.Рацекнинг тоғ тизимларини ўрганишга бағишланган тадқиқотлари бугун ҳам ўз қийматини йўқотмаган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, 1989 йилги маълумотларга кўра Ўзбекистондаги чехлар сони юз нафарга етмаган бўлса-да, бу кичик этник гуруҳнинг маданий меросимизга қўшган ҳиссаси салмоқлидир. Мусиқадан тортиб меъморчиликгача, тиббиётдан тортиб фундаментал фанларгача бўлган соҳаларда қолдирилган излар Ўзбекистон замини азалдан турли халқлар ва маданиятлар учун тинчлик ҳамда ижодий ҳамкорлик макони бўлиб келганини яна бир бор тасдиқлайди.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА