
Аҳоли ўртасида, айниқса, болалар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шу жумладан, тамаки маҳсулотлари тарқатилишининг ва истеъмол қилинишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, тамаки маҳсулотларининг янги турларини мамлакатимизга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда. Шу муносабат билан бу борада жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Бу мулоҳазалар Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида билдирилди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева ёшлар, аҳоли саломатлигини – генофондимизни ўйлаб ушбу қонун ишлаб чиқилганини таъкидлади. Бу қонун билан келажак авлод, атроф-муҳит ҳимоя қилинади. Сир эмаски, ҳаётимизга турли янгиликлар, улар билан бирга зарарли омиллар кириб келмоқда. Улар орасида нафақат саломатликка, балки маънавиятга таҳдид солаётганлари ҳам бор. Булардан вақтида огоҳ бўлиш, ўсиб келаётган авлодни ҳимоя қилишимиз керак. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, миллат генофондини асраш – бугун энг долзарб вазифа. Электрон сигареталарнинг тақиқланиши “қора бозор”нинг пайдо бўлишига йўл очиши мумкин. Бунинг ҳам чорасини кўриш керак. Тарғибот ишларини, ёшлар, айниқса, қизларимиз орасида электрон сигареталар зарарини тушунтириш жуда муҳим. Бу жараёнда кенг жамоатчилик, ОАВ фаол бўлиши зарур.

– Охирги тўрт йилда мамлакатимизга қиймати 28,5 миллион долларлик 5,4 миллион дона электрон сигарета хориждан импорт қилинган бўлиб, бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан кескин равишда яъни 80 бараварга ошган, – деди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев. – Никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан, шу жумладан, электрон сигареталардан фойдаланувчи ёшлар салмоғи (18-29 ёшлилар 32 мингдан ортиқ) катта ёшдагиларга (30-69 ёшлилар 7 мингдан ортиқ) нисбатан деярли беш баравар кўп. Энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари орасида ушбу маҳсулотларга қизиқиш тез суръатларда ортмоқда.

Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан, электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун нафақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилганлиги билан балки, содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутиши билан ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Сенаторлар маъқуллаган қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф- муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА