Мустақиллик замирида озод ва ҳур яшашдек муқаддас неъмат бор. Бу неъмат нима эканини унга ета олмаганлар ёки уни бой берганлар чуқурроқ англайди. Озодлик учун жон фидо қилган аждодларимиз борлиги тарихдан маълум.
Шу нуқтаи назардан қаралганда мустақилликнинг қадрини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди.
Ҳадемай Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Бу тарихан қисқа, аммо асрларга татигулик йиллардир, аслида.
Шу қисқа вақт давомида Ўзбекистон дунё харитасидан ўрин эгаллаш билан бир қаторда мустақилликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, дунё ҳамжамиятида муносиб жой эгаллаш, жаҳон бозорига миллий маҳсулотларини олиб кириш йўлида ўзига яраша ютуқларга эришди.
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида мустақилликнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Ўтган ўттиз йил ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган жамият ҳамда том маънодаги конституциявий давлат барпо этиш, шунингдек, дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш даври бўлди.
Сенат раиси Танзила Норбоева кейинги беш йил мустақил тараққиёт йўлимиздаги улкан бурилиш даври бўлганлигини эътироф этиб, дунё ҳамжамиятида “Янги Ўзбекистон” феномени пайдо бўлганини қайд этди. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасидаги чиқиши сўнгги 5 йилда мамлакатимиз эришган ютуқ ва марраларнинг қисқача солномаси, дейиш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг, халқимиз розилигига эришиш – биз учун энг буюк саодат, деган сўзлари замирида Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги ислоҳотларнинг асл моҳияти мужассам.
Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, ижтимоий адолат, очиқлик ва ошкоралик тараққиётимизнинг муҳим шарти, ислоҳотларимизнинг устувор мезони қилиб белгиланиши билан бирга бу соҳаларда ижобий натижаларга ҳам эришилди.
Таълим тизимини ислоҳ қилиш самараси ўлароқ, биргина мактабгача таълимга қамров даражаси 2 баробарга, олий таълимга 3 баробарга ошди.
Барча ҳудудларда Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар очилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Янги Ўзбекистон университетига асос солинди.
Аҳоли саломатлигини асраш йўлида қанчалик мураккаб бўлмасин, пандемия шароитида аҳоли саломатлиги муҳофазаси таъминланмоқда.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” тамойили асосида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг аниқ ва манзилли бўлишига замин яратди.
Ҳар томонлама қулай ва имтиёзли ипотека тизими жорий этилгани кўплаб ҳамюртларимизга ўз уй-жойларига эга бўлиш имконини берди. Биргина шу йилнинг ўзида кўплаб оилалар уй-жой билан таъминланди. Йил охиригача уларнинг сони 54 мингга етади.
“Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш тизими тубдан яхшиланиб, улар ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун таълим, уй-жой, бандлик билан боғлиқ ижтимоий кафолатлар кучайтирилди.
Тадбиркорлик фаолиятига бўлган эътибор натижасида яратилаётган 100 та иш ўрнининг 90 таси хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаётганининг ўзиёқ соҳанинг қандай ривожланаётганини кўрсатиб турибди. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўтарилган долзарб масалалар ечими бизнес учун янада қулай шарт-шароитлар яратишига шубҳа йўқ.
Норгул Абдураимова, ЎзА