Танқидий, таҳлилий учрашувлар
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Тошкент вилояти ҳокимлигида туман-шаҳарлар ҳокимлари ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари, тижорат банклари вакиллари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими, Савдо-саноат палатаси, Маҳаллалар уюшмаси ва бошқа масъул раҳбарлар билан мулоқот ўтказди.
Унда аҳоли, жумладан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди. Жорий йилнинг апрель-май ойида ўтказилган “Хонадонбай” ўрганиш давомида вилоят бўйича 89 минг нафар ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар аниқланган бўлиб, шу кунга қадар улардан 35,5 фоизининг бандлигига кўмаклашилган, касб-ҳунарга ўқитилган ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этилган.

Шунингдек, айрим туман-шаҳарларда бу борадаги ишларда сусткашликларга йўл қўйилаётгани таъкидланди ва мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жойлардаги ижобий тажрибаларни ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб татбиқ этиш, маҳаллаларни ривожлантириш бўйича аниқ манзилли чораларни белгилаш ва амалга оширилишини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Хусусан, ҳар бир туман-шаҳар ҳокимликлари амалга оширилаётган ишларни танқидий, таҳлилий кўриб чиқиб, йил якунига қадар ҳудуддаги ишсиз, ишлаш истагини билдирган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича аниқ, манзилли чораларни белгилаши ва амалга ошириши лозимлиги айтилди.
А.Мусаев,ЎзА.