Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни бўлиб ўтган “Aҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари” бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари – “Вазирлик ва идоралар ўз йўналишида энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга аниқ ечимлар топиши шарт” эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.
Жумладан, йиғилишда кадастр соҳасига оид аҳоли мурожаатлари ўтган йилгига нисбатан икки баробар ошгани айтилиб, мурожаатларнинг деярли 82 фоизи тушунтириш бериш орқали “ёпиб” юборилгани катта эътирозга сабаб бўлган.
Мазкур йиғилишдан сўнг, Қашқадарё вилоятининг ўзида 800 дан зиёд фуқаронинг кадастрга оид мурожаатлари қайта кўриб чиқилиб, уларнинг ижобий ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳудудларда бўлиб, кадастр соҳасидаги ташкилотларда мурожаатлар билан ишлаш борасида мавжуд муаммоларнинг ечими, фуқаролар мурожаатларининг ижобий ҳал этилиши юзасидан қатор сайёр қабуллар, давра суҳбатлари ташкил этмоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳам май ойидан буён бир ойда икки маротаба кадастрга оид сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Натижада бу каби сайёр қабуллар фуқароларнинг қайта мурожаатларини ҳал этишда, мурожаатчиларнинг оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоятнинг Касби туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳам ечимини кутаётган муаммоларга, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга доир мурожаатларга эътибор қаратилди.
Шу куни 15 га яқин мурожаатга қабулнинг ўзида ижобий ечим топилган бўлса, соҳага доир бўлмаганларига эса йўналиш берилди.
– Уй-жойимнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлатиш учун мурожаат қилган эдим, – деди Зулайҳо Тўраева. – Икки кун ичида Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси туман филиали ходимлари кадастр ҳужжатларимни тайёрлаб берди. Сарсонгарчиликка йўл қўйилмади. Мурожаатим қисқа вақтда ҳал этилди.
Маълумот ўрнида, Қашқадарё вилоятида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси раҳбарларининг сайёр қабуллари йил якунига қадар вилоятнинг барча туманларида ташкил этилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА