Танловлар орқали янги иқтидорлар кашф этилмоқда
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Турон” мактаб театри, “Иқтидор” мактаб ансамбли танловлари ёшларнинг актёрлик, мусиқа, китобхонликка қизиқишини оширишда муҳим роль ўйнамоқда.
Биргина Бухоро вилоятининг ўзида “Турон” мактаб театри танлови 2500 нафарга яқин, “Иқтидор ансамбли” танлови эса 3000 нафардан ортиқ ўқувчини қамраб олгани бу жараённинг кўлами ва таъсир доирасини яққол намоён этади. Жорий йилда ўтказилган ушбу танловларнинг республика босқичида бухоролик ўқувчилар муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этди.
“Иқтидор” мактаб ансамбли танловида Ғиждувон туманидаги 46-мактаб ўқувчиларидан иборат “Ёш ҳаваскорлар” жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритган бўлса, “Турон” мактаб театри танловида Когон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг “Элегант” жамоаси 3-ўринни эгаллади.

– 8 нафар мусиқага ихлосманд ўқувчиларни бирлаштирган жамоамиз танловнинг дастлабки босқичиданоқ изланишга жиддий ёндашдик, – дейди “Ёш ҳаваскорлар” жамоасининг мусиқа раҳбари Дилмурод Фатуллаев. – Ижобий рақобат муҳити уларни ўз устиларида ишлашга, изланишга ва мусиқий қобилиятларини тўлақонли намойиш этишга ундади. Аввал туман, кейин вилоят босқичида эришилган ғолиблик ўқувчиларимиз маҳоратини, тажрибасини ошириш билан бир қаторда ўзига бўлган ишончини ҳам мустаҳкамлаб борди.
– “Турон” мактаб театри – бир йил ичида ўқувчиларимизни ҳақиқий актёрларга айлантирди, – дейди Когон шаҳридаги 3-мактаб директори Гулнора Нажмиддинова. – Уларнинг юриш-туришлари, гап-сўзлари, саҳнада ўзларини тутишларига қараб туриб, танловнинг ўқувчилар маънавиятига қанчалар катта таъсир кўрсатганини англаш қийин эмас. Энг асосийси, улар санъат, саҳна қанчалар муқаддас эканлигини дилдан англаб етди.

Бундан ташқари, тайёргарлик жараёнида ўнлаб китобларни мутолаа қилишди, жадидлар ҳаётини ўрганишди. Саҳнада таниқли маърифатпарвар, Қоракўл математика мактаби асосчиси бўлган Тўхтамурод Жумаевнинг мураккаб ҳаёти акс этган “Замонамиз Авлонийси” саҳна асарини олиб чиқиш учун устоз яшаган давр муҳити, оиласи, дўстлари билан яқиндан танишиб, ҳақиқий маърифатпарвар, ватанпарвар инсон қандай бўлиши кераклигини ҳис қилди.
2025 йил 30 июнь куни давлатимиз раҳбари ёшлар билан бўлган учрашувда ушбу ижодий танловларни янада кенг қамровли қилиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Эндиликда танлов ғолиблари чекка ҳудудлардаги мактабларга бориб, тенгдошлари билан ижодий учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Бу мақсадда вилоят ҳокимликлари томонидан жамоаларга махсус автобуслар ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, танлов ғолиблари учун маданият ва санъат олийгоҳларига киришда имтиёзлар, “Иқтидор ансамбли”нинг вилоят босқичи ғолиблари учун эса болалар ва мусиқа мактабларида бепул таҳсил олиш имкониятлари яратилди.
Бу каби танловлар нафақат иқтидорларни кашф этиш, балки юртимиздаги ҳар бир боланинг руҳий, маънавий ва ижодий камолотига хизмат қилади. Улар ижтимоий фаол, билимдон, санъат ва маданиятга ҳурмат билан қарайдиган авлодни вояга етказишга замин яратмоқда.
Саҳнада порлаётган ёш истеъдодлар ортида уларга ишонган устозлар, ота-оналар ва энг аввало, давлат сиёсатидаги инсонпарвар ёндашув бор.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.