Танлов онлайн тарзда якунига етказилди
ТИҚХММИ ректори, профессор Ўктам Умурзаков иштирокчи ва меҳмонларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб тадбирни очиб берди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳар йили «22 март - Бутунжаҳон сув куни» муносабати билан ушбу санага бағишланган тадбирлар турли мусобақавий йўсиндаги ўйинлар ва таниқли шахслар билан учрашувлар тарзида ўтказилган.
Бу йилги тадбир пандемия шароитига тўғри келгани боис айнан белгиланган куни ўтказилмаган бўлсада, вазиятдан келиб чиққан ҳолда, онлайн тарзда мусобақавий тадбирлар, танловлар мунтазам ўтказиб турилди.
Маълумки, 1992 йилда Рио-де-Жанейрода ўтказилган БМТнинг «Атроф муҳит ва ривожланиш» конференциясида бутун жаҳонда сув ресурслари кунини нишонлаш таклифи билдирилган. БМТ Бош ассамблеяси 1993 йили 22 февралида (47/193 сонли) резолюцияни имзолади ва 22 март кунини «Бутунжаҳон сув куни» деб эълон қилди.Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсад, инсониятни сувдан самарали фойдаланиш ва уни асраш, сув ресурсларини келажак авлодга яхши ҳолатда етказиб беришдан иборатдир. Ҳар йили «Бутунжаҳон сув куни» маълум бир шиор остида нишонланади. Ушбу кун 2017 йилда «Оқова сувлар», 2018 йилда “Табиат сув учун” (Nature for Water), 2019 йилда “Сув муаммоси – жамият муаммосидир: унинг ечими ҳеч кимнинг назаридан четда қолмаслиги керак” шиори остида нишонланган бўлса, 2020 йилда «Сув ва иқлим ўзгариши» шиори остида нишонланиши белгиланди.
ТИҚХММИ ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида 2020 йилда «Сув ва иқлим ўзгариши» шиори билан республика ОТМ талабалари учун ташкил этилган танлов ўз якунига етди.
Шу муносабат билан, 25 август куни, соат 11:00 да танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган онлайн учрашув ташкил этилди.
ТИҚХММИ ректори, профессор Ўктам Умурзаков иштирокчи ва меҳмонларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб тадбирни очиб берди.
Сўнгра тадбир давомида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбар ўринбосари Юсси Нарви ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовскаларнинг маърузалари тингланди.
13 март куни «Сув –бу ҳаёт» мавзусида постерлар танлови ва «Ўзбекистондаги сув ресурсларини бошқаришда иқлим ўзгаришини таъсири» мавзусида баҳс-мунозара.
16 март куни «Иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан фойдаланишнинг инновацион услублари» мавзусидаги интеллектуал ўйинлар ўтказилди.
Юртимизда карантин жорий қилингани боис «Сув куни»нинг қолган тадбирларини маълум муддатларга қолдиришга тўғри келди.
Лекин, қолдирилган тадбирлар ҳам ташкилотчилар билан келишилган ҳолда июнь-июль ойларида танловга қўйилган талабларга бир оз ўзгартиришлар киритган ҳолда онлайн тарзда ўтказилишига эришилди.
Бу йилги тадбирда ТИҚХММИдан ташқари Навоий давлат кончилик институти, Жиззах политехника институти, Самарқанд давлат архитектура қурилиш институти, Наманган муҳандислик иқтисодиёти институти, Тошкентдаги Турин политехника институти, Қозон Федерал университети, ТИҚХММИнинг Қарши ва Бухоро филиаллари талабалари, ҳамда Тошкент шаҳридаги 23-мактабнинг 25 дан ортиқ ўқувчилари фаол иштирок этишди.
Тадбир ниҳоясида танлов натижалари бўйича ғолиб талабалар ва жамоалар тақдирланди. Уларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар улашилди.




Институт матбуот хизмати.