Танлов ғолиблари Тошкентга боради
Андижонда “Ибратли оила” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Андижонда “Ибратли оила” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, унинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
– Оилаларимиз қанчалик барқарор ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шу қадар юксалиб бораверади, – дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси раҳбари Зулфияхон Қамбарова. – Шу боис ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни улуғлаш мақсадида ўтказилган танлов ана шу йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ибратли оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Танловнинг маҳаллаларда ўтказилган босқичида 3 мингдан зиёд оила қатнашди.

Танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳарларда ғолиб, деб топилган 16 оила иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Якуний натижаларга кўра, Марҳамат тумани Қовунчи маҳалласида яшовчи Рўзивой ва Санобархон Ўтановлар оиласи биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловда Хонобод шаҳри Кампировот маҳалласида яшовчи Абдуҳалим ва Рўзибихон Маматовлар оиласига иккинчи, Андижон шаҳар Гумбаз маҳалласида яшовчи Жўрабек ва Барнохон Боймирзаевлар оиласига учинчи ўрин насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, танловда “Китобсевар оила”, “Файзли оила”, “Саховатли оила”, “Аҳил оила”, “Ишбилармон оила”, “Спортчи оила” сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.