Танлов ғолибларига сертификатлар топширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат грантлари учун эълон қилинган танловлар ғолибларига сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А. Давлетов мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига 2021 йил учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 20 майидан – 20 июнигача давлат грантлари учун “Жамиятимизда оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш” мавзуида биринчи танлов ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзуида иккинчи танлов эълон қилинган эди.
Танловларга нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бир нечта лойиҳалар тақдим этилиб, улар Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди ва комиссиянинг 28 июнь куни ўтказилган йиғилишида ғолиблар аниқланди.
Тадбирда мазкур танловларда ғолиб бўлган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси” Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Ўзбекистон ногиронлар жамияти Тахтакўпир тумани бўлими, “Панацея” жамоат бирлашмаси раҳбарларига сертификатлар тантанали тарзда топширилди.
[gallery-3027]
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА