Танлов ғолиблари аниқланди
Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси томонидан ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган “Энг яхши ижтимоий ходим” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Унда Наманган шаҳри ва барча туманлардан соҳа вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар кўрик-танлов низомига мувофиқ, 3 шарт бўйича ўзаро баҳс олиб борди.
Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими вакили Гулчеҳра Низомова биринчи ўринга муносиб кўрилди. Иккинчи ўрин тўрақўрғонлик Гавҳарой Мамажоновага ҳамда учинчи ўрин чустлик Мунира Йўлдошевага насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
[gallery-2884]
– Ижтимоий-тиббий хизматларни бажариш ҳар бир ходимдан катта масъулият ва меҳнат талаб этади, — дейди кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиби Гулчеҳра Низомова. – Кексалар, якка-ёлғиз, ногирон инсонлар кўнглини олиш осон иш эмас. Аммо билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. Бугунги танловда бошқа туманлардан келган ходимлар билан ўзаро тажриба алмашдик. Ҳеч шубҳасиз, бу хизмат малакамизни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат) ЎзА