Кадр йўқ-йўқ деб айтардик, агарда ишга қабул қилишни очиқ қилсак, «ҳар хил ўйинлар» бўлмаса, муносиб номзодлар албатта топилади.
Туманимизда 120 МФЙда 550 минг аҳоли истиқомат қилади, 28 та давлат ташкилотларида 803 нафар давлат хизматчилари фаолият кўрсатмоқда. 405 нафар малакали ходимлар очиқ ва ошкора танлов асосида давлат хизматига кириб келди.
Авваллари битта жой очилса одам тополмай қийналардик. Янги тизимни энг афзаллик томони, вакант жойни очиқлиги, электрон платформада эълон қилинаётгани натижасида Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан ургутлик фуқаро ёки Ургутда ишламоқчи бўлган фуқаролар ишга ҳужжат топшира оляпти. Бугунги кунда оддий фуқаро 1 та паспорт билан ҳужжат топшириб давлат хизматчисига айланмоқда, авваллари эшикма- эшик сарсон бўлиб 16 тагача ҳужжат талаб этилган.
Масалан, туманда охирги 6 ой мобайнида 408 та вакант лавозимга 1620 нафар номзодлар ҳужжат топширди.
Хусусан, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли бўйича Ургут туманидаги 120 та маҳаллада 360 нафар лавозимлар яратилди.
Тўғриси, шу лавозимларни қандай тўлдирамиз, шунча малакали кадрни қаердан топамиз деб қўрққандик. Аммо, 360 та лавозимга 1450 нафар номзодлар ҳужжат топширди, бу дегани ўртача битта жойга 4 та номзодлар тўғри келди.
Кадр йўқ-йўқ деб айтардик, агарда ишга қабул қилишни очиқ қилсак, «ҳар хил ўйинлар» бўлмаса, муносиб номзодлар топса бўларкан. Битта мисол, ҳатто тумандаги энг чекка қишлоқ — Бойбул маҳалласига ҳам битта ёшлар етакчиси лавозимига 12 та номзод ҳужжат топширгани, ушбу тизимнинг шаффофлигидан далолат беради.
Энг асосийси, танлов билан келган ходимлар жон куйдириб ишлаяпти, вазифасининг қадрига етяпти. Чунки, олдин асосан маълумот даражасига қараб ишга қабул қилган бўлсак, янги тизимда, номзоднинг ўз билимларини ишда қўллай олиш қобилияти ўрганиляпти, бу эса ходимларнинг иш натижадорлигига ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.
Ботир Жабборов, Ургут тумани ҳокими