Мамлакатимиз диний соҳаси оғир жудоликка учради.
Юртимизда кўп йиллар давомида исломий илм-маърифат таратиб келаётган халқимизнинг эътиборли уламоларидан Атоев Насриддинхон Мубинжон ўғли 2022 йил 15 апрелда, муқаддас Рамазон ойининг муборак жума кунида 64 ёшида вафот этди.
Халқимизда эшонбобо номи билан машҳур бўлган Насриддинхон 1958 йил 15 май куни Навоий вилояти Нурота туманида туғилди. Болалигидан бошлаб имон-эътиқодли оилада тарбия топиб, диний илмларни чуқур ўрганган Н.Атоев мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ўз ҳаётини диний қадриятларимизни тиклаш ва тарғиб этишга бағишлаб, бу соҳада алоҳида жонбозлик кўрсатди.
Олий диний билим олиш мақсадида Тошкент ислом институтига ўқишга кирди ва 1996 йили муваффақиятли тамомлади.
Насриддинхон эшонбобонинг умри ҳам илм ва ҳикматда ўтди. Илм ва эзгуликка бахшида бўлган ҳаёт асрларга татийди. Чунки бу инсон одамларга яхшилик улашиш, муқаддас зиёратгоҳларни обод этиш, Навоий халқининг маърифати йўлида фидокорона меҳнат қилди. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам “Сизларнинг яхшиларингиз, умри узоқ бўлиб, амаллари яхши бўлганингиздир”, деб айтганлар.
Н.Атоев муқаддас динимиз асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1992-2003 йилларда Навоий вилояти Нурота тумани “Чил устун” масжидида имом-хатиб, 2003-2010 йилларда вилоят бош имом-хатиби,
2010 йилдан буён вилоят фахрий имоми, шунингдек, Навоий вилояти “Чашма” табиий-меъморий мажмуасига меҳр қўйиб, 2018 йилдан Навоий вилояти дирекцияси директори вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Насриддинхон эшонбобо ҳаёти давомида 60 нафардан ортиқ шогирдлар етиштирган бўлиб, уларни ҳақиқий ватанпарвар сифатида жамиятда ўз ўрнини топишларига алоҳида эътибор қаратиб келди.
Диний билим ва тафаккурининг кенглиги, она юртимизга, истиқлол ғояларига садоқати, жамоат ишлари, айниқса, маънавий-маърифий тарғибот соҳасидаги фидойилиги билан кўпчиликка ибрат ва намуна бўлган Насриддинхон эшонбобо сўнгги йилларда диний ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга, зиёратгоҳларимизни обод қилишга катта эътибор қаратиш билан бирга, ҳудуддаги аҳоли ўртасида диний-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда алоҳида фаоллик кўрсатди.
Дарҳақиқат, буюк алломаларимизнинг диний эътиқод борасидаги эзгу анъаналарига садоқат билан бутун ҳаётини муқаддас динимиз софлигини сақлаш ва ривожига бағишлаган Н.Атоев мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида обрў-эътибор қозонган эди.
Насриддин Атоевнинг тақводорлиги, гўзал хулқи, шогирдлари ва сафдошларига нисбатан самимий муомаласи, холис насиҳати барчанинг қалбида чуқур из қолдирди.
Таниқли уламо, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин инсон қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ушбу мусибат дамларида марҳумнинг аҳли оиласи, яқинларига сабр тилаймиз ва чин дилдан ҳамдардлик билдирамиз.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Уламолар кенгаши ҳамда
Дин ишлари бўйича қўмита жамоаси