Таниқли рассомнинг навбатдаги кўргазмаси (+видео)
Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Кўргазмалар саройида Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ рассоми Сарсенбай Байбосиновнинг “Иқбол” номли шахсий кўргазмаси ва рассом ижодига бағишланган альбом-каталог тақдимоти бўлиб ўтди.
Сарсенбай Байбосинов – Қорақалпоғистон замонавий тасвирий санъатида абстракционизм ва пуантилизм оқимида ишланган композицияларни миллий колорит билан ривожлантирган илк рассом ҳисобланади. Рассом ўз асарларида бу оқимга хос хусусиятларни миллий анъаналар билан боғлайди. Шунингдек, у нафақат ижодкор, балки ёш рассомларнинг етишиб чиқишида фидокорона меҳнат қилиб келаётган мўътабар устоз ҳамдир. Ҳозирги кунда у Ж.Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ёш рассомларга ўз билим ва тажрибасини ўргатиб келмоқда.
Сарсенбай Байбосинов замон, тарих ва инсон руҳи ўртасидаги бадиий мулоқотни чуқур фалсафий мазмунда тасвирлаб келаётган атоқли рассом. Унинг ижодида миллий анъаналар билан замонавий бадиий тафаккур уйғунлашиб, муаллиф дастхатининг ёрқин услубини шакллантирган.
[gallery-27167]
Кўргазмада рассомнинг 300 дан ортиқ бадиий асари томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Экспозиция муаллифнинг сўнгги йиллар ичида яратган асарларини қамраб олган бўлиб, этюд, натюрморт, манзара, портрет ва бошқа жанрларда яратилган асарлардан иборат. Бу асарларда Қорақалпоғистон табиати, тарихий макон, инсоннинг ички олами ва вақт нафаси бадиий образлар орқали етказилади.
С.Байбосинов ўз асарларида пуантилизм услубидан фойдаланади. Нуқталар ёрдамидан моҳирона фойдаланиб, кескин ранг, чуқур композиция ва эмоционал тасвир яратади. Бу ўз навбатида муаллиф асарларининг бадиий таъсирчанлигини ошириб, уларни кенг аудитория учун жозибадор қилишга йўл очади.
Кўргазма доирасида рассом ижодига бағишланган альбом-каталог тақдим этилиб, унда муаллифнинг танланган асарлари ўрин олган. Шунингдек, каталогда санъатшуносларнинг фикрлари ва ижод йўлига оид маълумотлар ҳам берилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tmlmLfxeWbE" title="Taniqli rassomning navbatdagi ko‘rgazmasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари