Таъмагирнинг режаси амалга ошмади
Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган яна бир “устомон” қўлга тушди. Бу ҳақида Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбири ўтказилди. Тадбир давомида Бухоро шаҳридаги “Бухоро устоз ҳайдовчи” МЧЖ авто мактаби ўқитувчи-инструктори Бухоро тумани “Боғикалон” маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро С.М. исмли шахс бошқа фуқаролар Ш.М. ва Э.Э. исмли аёлларни “B” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш ҳамда гувоҳнома олиш учун бўладиган имтиҳондан ваколатли танишлари орқали ўтказиш учун пора беришга далолат қилади. Натижада фирибгарлик йўли билан 500 АҚШ доллари талаб қилади.
2023 йил 13 июнь куни Бухоро шаҳар Ибн Сино кўчасида келишилган пулдан 400 АҚШ долларини олган вақтида, ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.М. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда унинг бошқа фуқароларга нисбатан ҳам худди шу турдаги жиноятларни содир қилганлигини аниқлашга қаратилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА