Таъмагирлик одамларнинг қон-қонига сингиб кетганми?
Ёки шунчалик кўзи очми, айрим мансабдорларнинг?
Ким ишга кирмоқчи бўлса ё таниши бўлиши керак ёки пули. Жиноят устида қўлга тушаётган шахслар қилмишлари мундарижасига назар ташласангиз, таъмагирлик қилиб, пора олаётганда ушланганлари кўп учраётгани шундай хулоса беради.
Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 100-сонли мактаб директори ўринбосари Н.О. фуқаро Х.нинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали шу мактабга психолог вазифасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 1,2 минг АҚШ доллари сўраган.
Шундан, 800 АҚШ долларини олган вақтида эса Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Қарши шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далил билан ушланган.
Шаҳрисабз туманидаги 7-сонли мактаб директори Б.С. мактаб балансида бўлган яроқсиз қозонхона биносини балансдан чиқариб, фирибгарлик йўли билан фуқаро А.га 6 минг АҚШ долларига сотишни режалаштирган.
Ер учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига келишилган пулнинг 500 АҚШ долларини олган вақтида эса Департамент ҳамда ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далил билан ушланган.
Бундай ҳолатларни эшитганда, таъмагирликнинг охири – қамоқ, деган аччиқ ҳақиқат ёдга келади. Лекин, зиё масканлари бўлган мактабларда бундай ҳолатлар учраётгани жуда аянчли.
Ўз навбатида, бу клаванинг учини ҳам кўрсатиб қўймоқда. Зеро, биз коррупцияга қарши курашиш ҳақида энг кўп бонг ураётган мамлакатларданмиз. Аммо бу иллатдан қутилишнинг чораси ҳали топилмади. Демак, унинг туб илдизи, яъни калаванинг учини тозалашни уддалаш керак. (Бу билан ҳамма мактабларда таъмагирлик авж олган, демоқчи эмасмиз).
Аммо қачонки, мактабдан ҳам илмли, ҳам ватанпарвар, ҳам тўғрисўз ва виждонли кадрлар етишиб чиқмас экан, мақсадга эришиб бўлмаслиги кундай равшан. Бунинг учун эса зиё масканлари асл зиёлилар қўлида бўлиши керак.
Н. Абдураимова, ЎзА