Таъмагирларнинг қувончи узоққа чўзилмади
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходими таъмагирлик билан қўлга тушди.
Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Жондор тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходими эгаллаб турган хизмат лавозимидан фойдаланиб ўзга бир фуқарони алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилганда қўлга олинди.
У ваколатли танишлари орқали арзон уй-жой учун ажратиладиган кредит маблағларининг бошланғич тўловини давлат томонидан қоплашга ёрдам беришини ваъда беради. Ўзининг хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган 1 миллион 50 минг сўм пулни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
*****
Мактаб интернати масъул ходими ўзга бир фуқарони алдаб таъмагирлик қилди.
Когон туманидаги Мактаб интернатига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига таъмагирлик қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорликдаги тезкор тадбири давомида жорий йил 15 октябрь куни Когон туманида янги ташкил этилган айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган 3-сонли мактаб-интернатнинг масъул ходими ўзга бир фуқарони алдаб, унинг ишончига киради.
Натижада ваколатли танишлари орқали ушбу мактабга ишга жойлаштириб қўйиш эвазига мактаб-интернатнинг қоровули орқали кимёвий ишлов берилган 200 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 1-қисми ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА