Таъм ва сифат – энг муҳим омил
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари босқичма- босқич истеъмолчиларнинг ишончини қозонмоқда. Устувор лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон миллий банкининг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этаётир.
Масалан, Ўзбекистонда энг йирик кондитерлик корхонасига айланиш истагида бўлган фабрика – «ММУ Global food» масъулияти чекланган жамияти шоколад маҳсулотларини чиқарадиган ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш учун Ўзмиллий банкдан кредит олган.

«ММУ Global food» кондитер фабрикаси – бир кунда 2 тоннагача бўлган турли хил кондитерлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконига эга бўлган ва кондитер маҳсулотлари бозорида мустаҳкам ўрнига эга бўлган юқори механизациялаштирилган корхонадир. Бозор ва дўкон пештахталари доимо янги чиқарилган турли маҳсулотлар билан тўлдирилиб келинмоқда. Компаниядагилар маҳсулотнинг муваффақияти хомашё сифати, маҳсулот дизайни ва безакларига боғлиқ эканлигини таъкидлайди.
– Бизнинг савдо белгимиз 2018 йилда ташкил қилинган, – дейди «ММУ Global food» МЧЖ директори Эркин Салимов. – 2019 йилда бизнесни ривожлантириш учун Миллий банкдан умумий қиймати 582 минг АҚШ долларига тенг бўлган кредит олдик. Туркиядан шоколад конфетлари ва шоколад пастасини ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш линияси сотиб олинди.

Айни пайтда тўлиқ қувватда ишлаяпмиз, барча жараёнлар профессионал ходимлар томонидан бажарилмоқда. Тез ишлашга ҳаракат қиляпмиз, чунки талаб катта. «ММУ Global food» фабрика конвейерларидан ҳар куни 6 турдаги шоколад пасталари, шоколад билан қопланган конфетлар ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқаришда фақат энг юқори сифатли ҳомашёдан фойдаланилади.
Истеъмолчини алдаб бўлмайди, рақобатчилик юқори бўлган жойда маркамизни ушлаб туришга ҳаракат қилишимиз керак. Хомашёни Туркиядан сотиб оламиз. Асосий эътиборни маҳсулотимизнинг таъми ва сифатига қаратганмиз. Энг асосийси – маҳсулотимиз инсонларга ҳузур-ҳаловат бахш этиши керак. Шу кунларда экспорт бўйича ҳамкорлик тўғрисида Афғонистон билан музокаралар олиб боряпмиз. Шунингдек, Қирғизистон ва Қозоғистон бозорларида ҳам маҳсулотимизга талаб бор. Бу борада ҳам амалий ишлар олиб борилаётир.

Ўзмиллий банк матбуот хизмати,
Реклама ҳуқуқи асосида