Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида юртимизнинг яқин келажакдаги ва 2023 йилдаги ривожланиш стратегиясини белгилаб берди.
Шу билан бирга жамиятимизнинг кўп соҳалари қаторида таълим соҳасига алоҳида эътибор бериб, келаётган янги 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилди.
Таъкидлаш жоиз, кўп йиллардан буён Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларда инсон капитали, қадри, инсонни улуғлаш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ислоҳотлар охир-оқибат инсоннинг ҳаётини, соғлигини яхшилашга қаратилгани ва бунинг замирида албатта таълим ётишини доим таъкидлаб келганлар. Ўтган йилги ислоҳотларнинг давоми сифатида бу йил ҳам инсон биринчи ўринга чиқяпти.
Хўш, бу йилда агентлик тизимида, умуман таълимда нима ўзгаришлар бўлади? Биринчи навбатда, ҳар бир битирувчи албатта, қайсидир чет тилини билиши, муайян касб эгаси бўлиши ва шу билан бирга креатив фикрлай оладиган ва замонавий ахборот технологияларини ҳаётда қўллай оладиган кадр бўлиб тарбияланиши кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бунинг учун Президентимиз ўқитувчиларга мурожаат қила туриб, “агар, битирувчиларимизни тил биладиган, касбни пухта эгаллаган, креатив фикрлайдиган, Ватанини севадиган ва шу билан бирга замонавий ахборот технологиядан фойдаланадиган қилиб тарбияласак, албатта жамият, бутун Ўзбекистон ўзгаради”, деган асосий ғояни илгари сурдилар.
Агентлик тизимида ҳам иқтидорли ўқувчиларга кенг имкониятлар яратиш, асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, бу ерда битирувчиларнинг бирор чет тилини билиш билан биргаликда маълум бир йўналишдаги фанни чуқур билимдони бўлиши ва ўзининг билими билан, репетиторсиз, истаса, Ўзбекистон Республикасидаги мавжуд олий таълим муассасалари, истаса, жаҳондаги нуфузли олий таълим даргоҳларига бемалол ўқишга кириши асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.
Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбарининг маърузаларида бугунги кунда Президент таълим муассасалари тизимида жорий этилган А-level, яъни жаҳоннинг 130 дан ортиқ мамлакатлар томонидан тан олинган халқаро имтиҳонлар ҳақида айтиб ўтдилар. А-level сертификати ўқувчиларимизнинг фанлар доирасида билимини баҳолаш ва жаҳоннинг 130 дан ортиқ мамлакатидаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имкониятини тақдим этади. Бу бир вақтнинг ўзида ўқувчиларнинг билим даражасини ўлчаб берувчи халқаро мезон ҳисобланади. Яъни, биз фақат ўзимизнинг таҳлилимиз асосида ўқувчиларимиз билими билан мақтанмаяпмиз, ёшларимиз эгаллаган билим ҳамда кўникмалар бошқа мамлакатлардаги билимни ўлчайдиган инструментлар орқали баҳоланмоқда. Бу бизнинг ёшларимизга жаҳон стандартларига мос, жаҳон андозаларига мувофиқ билим берилаётганидан далолатдир.
Агентлик тизимидаги барча мактаблар, шу қаторида бу йил ташкил этилган 166 та янги мактаб ҳам, Президент мактаблари каби босқичма-босқич ана шу даражага етиб боради, яъни уларда ҳам халқаро стандартлар асосида таълим-тарбия берила бошланди. Ушбу халқаро таълим стандартлари асосида берилаётган таълим энг аввало ўқувчиларнинг олган назарий билимларини амалиётга жорий этилишида намоён бўлади.
Шу билан бирга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш тизими ҳам илгаридан кескин фарқ қилади. Яъни иқтидорли ўқувчиларга имконият бериляпти. Ўқувчи хоҳласа, Президент мактабига, хоҳласа ихтисослаштирилган мактабга, хоҳласа ижод мактабларига ҳужжат топшириши мумкин. Шу билан бирга, бу ўқувчилар қайси мактабда ўқишидан қатъи назар албатта, уларга хорижий тил чуқурлаштириб ўқитилади.
2023 йилда агентлик томонидан янгилик сифатида ихтисослаштирилган мактабларимизга иккинчи хорижий тил ҳам киритилмоқда. Яъни, маълум бир ҳудудда ота-она ва ўқувчи хоҳиш истаги ҳамда педагогик салоҳият инобатга олинган ҳолда иккинчи хорижий тилни ўқитиш амалиёти жорий қилинади. Бунда биринчи навбатда ўзбек тили, инглиз тили ва иккинчи хорижий тил сифатида француз, немис ёки шарқ тилларидан бўлган хитой, корейс тилларини ёки ота-оналар ва ўқувчилар хоҳишига асосан бошқа хорижий тилларнинг жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Ҳозирда бу борада агентлик Франция элчихонаси билан, Хитой, Корея таълим марказлари билан ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда. Икки томонлама ҳамкорлик натижасида Франциядан француз тили ўқитувчилари ва бизнинг менталитетимизга, бизнинг урф-одатимизга тўғри келадиган даражадаги дарсликлар олиб келиниши кутилмоқда. Шу тарзда 2023 йилдан бошлаб, босқичма-босқич барча мактабларимизда 2-хорижий тилни ўргатишни бошлаймиз.
Президентимиз Мурожаатномасида таъкидлаб ўтилганидек, ҳар бир битирувчимиз маълум бир чет тилини билиши билан биргаликда, албатта ўз она тилини чуқур билиши шарт. Ана шу жиҳатдан ҳам ўқувчиларимизга ўзбек тили ва адабиётини ўргатиш ҳамда ўзбек тили ва адабиётига меҳр қўйишига ҳам алоҳида эътибор берилади. Шу мақсадда агентлик томонидан Кембриж ташкилоти билан ҳамкорликда чет тили, биология, кимё ва бошқа дарсликлар тайёрлаш билан бир қаторда, она тили ва адабиёт дарсликлари ҳам хорижий илғор технологиялари асосида яратилмоқда.
2022-2023 ўқув йилида 70 мингдан ортиқ ўқувчилар агентлик тизимидаги ихтисослашган мактабларда таълим олаётган бўлса, келгуси ўқув йилидан, яъни 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб буларнинг сафи янада кенгаяди.
Мурожаатномада алоҳида таъкидланганидек, юртимиз бўйлаб янги мактаблар қурилади ва мана шу мактабларда иқтидорли ўқувчилар қамрови кенгайтирилади.
Албатта, давлат раҳбари томонидан таъкидланганидек, бу жабҳада фақатгина дастур ёки дарсликларни ўзгартириш билан иш битмайди. Таълим тизимини ислоҳ этишда ўқитувчиларнинг ҳам обрўсини ошириш, уларнинг ўз устида ишлаш жараёнларига ҳам алоҳида эътибор берилади.
Хусусан, бугунги кунда агентлик тизимида фаолият олиб бораётган қарийб олти ярим мингдан ортиқ ўқитувчилар ўзининг устида мунтазам ишлаши учун барча шароитлар яратилмоқда. Жумладан, уларнинг касбий ривожланишлари учун хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда семинар-тренинглар ташкил этилмоқда ва бу узвий давом этади.
Бугунги кунда ҳам хорижий ҳамкорларимиз бўлган мамлакатлардаги нуфузли институт, мактаб ва малака ошириш даргоҳларига педагог-кадрларимиз доимий равишда жўнатилмоқда.
Дилшод КЕНЖАЕВ,
Президент таълим муассасалари агентлиги
директорининг биринчи ўринбосари
ЎзА