
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан таълим соҳасидаги ислоҳотларни биргаликда амалга ошириш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ўқувчиларнинг кузги таътил даврида “Устоз – таълим бунёдкори” шиори остида турли ўқувлар, тадбирлар ва учрашувлар ўтказилмоқда.
Бундай тадбирлар Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтаётир. Жумладан, бошланғич таълим, аниқ фанлар, табиий фанлар, она тили ва адабиёти фанларидан семинар-тренинг ва давра суҳбатлари уюштирилди.
–Мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Устоз – таълим бунёдкори” шиори остида семинар- тренинглар ташкил этилмоқда, –дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбонов.
[gallery-14459]
– Тадбирларда қатнашиб, ўз йўналишимиз бўйича кўплаб янги маълумотлар билан танишдик, –дейди Пешку туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Гулбаҳор Аҳмедова. – Айниқса, лойиҳага асосланган таълим юзасидан кўникмаларга эга бўлдик. Мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш борасида ўз таклифларимизни ҳам билдирдик.
Семинар-тренинглар давомида иштирокчилар ўқувчиларни фанларга қизиқтириш йўллари, лойиҳага асосланган таълимнинг моҳияти, ўқиш саводхонлиги ва фанлар доирасида 4К моделини қўллаш, ХХI асрда сифатли ўқитишнинг асосий тамойиллари юзасидан муҳим маълумотларга эга бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбири