Таълимга барчамиз эътибор қаратсак, юксалиш бўлади
Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу фикрлари бугун мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилишдан кўзланган мақсадни бир гапда ифода этиб турибди. Биз кейинги етти йил давомида мамлакатимизда таълимни, илм-фанни ривожлантириш учун бир неча йиллар давомида амалга оширилмаган, бундан юз йил аввал жадид боболаримиз бошлаган, аммо давом эттиришига имкон берилмаган ишларга қўл урдик.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадри улуғланган ҳолда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган Ҳаракатлар стратегиясида ва унинг узвий давоми бўлган Тараққиёт стратегиясида ҳам таълим-тарбия масаласи асосий ўринга қўйилди. Стратегияда тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган.
Ўтган йил декабрь ойида Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ушбу йўналиш бўйича навбатдаги вазифалар белгилаб берилди ва 2023 йил юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб номланди. Гарчи мурожаатномада асосий вазифалар қайд этилган бўлса-да давлатимиз раҳбари 29 декабрь куни яна таълим, илм-фан соҳаси вакиллари билан учрашиб, тизимда амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилди, олдимизда турган вазифаларга эътибор қаратди. Боғчадан бошлаб олий ўқув юртлардаги таълим-тарбия жараёнигача, дарсликлардан бошлаб, ўқитувчи-педагогларнинг маҳорати ва малакасигача – барча-барчаси юзасидан фикр алмашилди. Қандай йўл тутсак мамлакатимиз таълим тизими замон талабларга мос ва фарзандларимиз юксак интеллектуал салоҳиятли бўлиши, илм ва ишлаб чиқариш уйғунлиги таъминланиши бўйича мулоҳзалар билдирилди, вазифалар белгиланди.
28 февраль куни тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Президентимиз олдимизга қўйган вазифалар асосида таълим-тарбия тизимини ислоҳ қилиш, таълим сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Аслида, бу борадаги вазифалар халқ таълими тизимини, олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциялари асосида босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Давлат дастурдаги чора-тадбирлар эса уларни тўлдиради, янада мукаммал тарзда бажаришга туртки беради.
Албатта, бугунги мураккаб даврда давлат олдида, юрт раҳбари олдида мамлакат ички ва ташқи сиёсати билан боғлиқ жуда катта ишлар турганда таълимга шунчалик эътибор қаратиш шартми, бу иш билан тегишли вазирлик ва идоралар ҳам шуғулланиши мумкинку, деган саволлар туғилиши табиий. Аммо дунёнинг исталган тараққий этган давлати тарихига, босиб ўтган йўлига назар ташланг, илмга, таълим-тарбияга бирламчи масала сифатида эътибор қаратиб, юксак натижаларга эришаётганига гувоҳ бўласиз. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда таълимга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Мен хорижий давлатларда бўлганимда ёки чет мамлакатларнинг таълим тизими билан, нуфузли олий таълим муассасалари фаолияти билан қизиққанимда шунга амин бўлганманки, давлат тараққиётининг асоси – илмга асосланган ишлаб чиқариш, халқ турмуш даражасини оширадиган асосий омил – унинг илмий салоҳияти, интеллектуал даражаси ҳисобланади.
Буни кўплаб Европа мамлакатлари ёки Шарқ давлатлари мисолида кўришимиз мумкин. 1868 йилда Токугава Шогунатлик даври тугаб, император Мейжи томонидан давлат тўғридан-тўғри бошқариладиган бўлди. Ҳукумат 5 моддадан иборат Империал қасамни (Gokajo No Goseimon) эълон қилди. Унинг 5-моддасида “Империя фаровонлигини ошириш учун илм-фан бутун дунёдан йиғиб келиниши лозим” лиги белгиланди. Император Мейжи ва унинг вазирлари Япония Европа ва АҚШга ўлжа бўлиб қолмаслиги учун илм-фанни тараққий эттиришга ўша пайтдаёқ қарор қилишган эди. Буни Япония бир неча усул ва босқичлар билан амалга оширди. Авваламбор дунё давлатларидаги саноат, иқтисодиёт ва фанни ўрганиш ва тадқиқ этиш учун миссияларни жўнатди. Шулардан бири – Ивакура миссияси эди.
Ивакура миссияси иштирокчилари Япониянинг дунё давлатлари томонидан тан олиниши ва замонавий билимларни Японияга олиб келишда катта роль ўйнаган. Мейжи тикланиш даврининг кўзга кўринган сиёсатчилари – Кидо Такаёши, Ямагучи Масука, Ивакура Томони, Ито Ҳиробуми, Окубо Тошимичи ана шулар жумласидан эди. Ўша йиллари молиявий қийинчиликларга қарамай, бир йилда 12 минг нафар ёшлар ва давлат хизматчилари Европа ва АҚШга сафарга юборилган.
Скандинавия мамлакатлари тарихи ва бугунги куни мисолида ҳам буни кўришимиз мумкин. Бугун давлатимиз раҳбари илгари сураётган, бизнинг олдимизга энг муҳим вазифа қилиб қўяётган масала ҳам шу – таълим сифатини ошириш орқали мамлакатимизни тараққий эттириш, халқимиз турмуш даражасини юксалтириш. Президентимизнинг “таълимдан ўзга нажотимиз йўқ, фақат, илм, илм, илм”, деб жон куйдириши боиси шунда. Бизнинг миллий ғоямизнинг асоси таълим, илмга эътибор, халқнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш бўлиши керак.
Бу вазифани фақат таълим муассасалари, педагоглар зиммасигагина юклаб қўйиб мақсадга эришиб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамият, унинг барча аъзолари бирдек ҳаракат қилиши, таълимга эътибор бериши, нажот илмда, таълим-тарбияда эканлигини англаши зарур.
Фалсафада миллий интеллект деган тушунча бор. Бу ҳар бир халқнинг илмий салоҳияти билан боғлиқ. Биз ҳам халқимизнинг таълим-тарбияга муносабатини ўзгартириш, бахтли ва фаровон яшаши илм билан боғлиқлигини англаши орқали миллий интеллектни ривожлантиришимиз мумкин. Фарзандларимизни илмли қилиш, замонавий билимларни ўргатиш асосий мақсад бўлиши лозим.
Бугун юртимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш асосий масалалардан бирига айланди. Бунинг учун давлат томонидан жуда катта миқдорда маблағ сарфланяпти, ресурслар сафарбар этилмоқда. Қисқа вақтда бу ишлар ўз самарасини ҳам бера бошлаганини кўряпмиз. Ўз меҳнати, ҳаракати билан яхши яшашга интилаётган ва буни уддалаётганлар кўпаймоқда. Аммо, беш қўл баробар бўлмагани каби, жамиятда боқимандалик кайфиятига тушиб қолаётган, давлат ёрдам бериши керак, деган тушунча онгига сингиб бораётган кишилар ҳам учрамоқда. Буям илмсизлик, буям таълим-тарбиядаги нуқсонимиз.
Назаримда, аҳолининг ўта муҳтож ижтимоий қатламини камабағалликдан чиқарадиган омил ҳам илм бўлиши керак. Тадбиркорлик, ишбилармонлик илм билан бўлади. Билими йўқ, тафаккур қилолмайдиган, жамиятга бугун ва эртага нима кераклигини англамайдиган киши қандай қилиб тадбиркорлик қилсин?!
Хитойни оласизми, Сингапур ёки Малайзиями – бугун улар эришган ва дунё ҳавас қилаётган ўсиш, тараққиёт замирида ҳам таълим-тарбияга, илмга эътибор турганини кўрамиз.
Демоқчиманки, бугун мамлакатимизни тараққий эттириш, халқимиз турмуш даражасини оширишнинг асосий шарти илм эканлигини барчамиз билишимиз, шунга мос ҳаракат қилишимиз лозим. Ўзимизнинг таълим даргоҳи мисолида фикрларнимни давом эттирсам. Яқин ўтмишда талабаларнинг умумий сони 7 мингга ҳам етмаган Самарқанд давлат университетида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий таълим тизимини ислоҳ қилиниши натижасида, бугун кундузги таълим шаклида 14 минг нафарга яқин, кечки таълимда 1400 нафар, сиртқи таълимда 9 минг нафар, магистратура босқичида 773 нафар, жами 25 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Уларга минг нафардан кўпроқ профессор-ўқитувчи сабоқ беряпти. Бу талабалар ва ўқитувчиларнинг ортида яна неча инсонларнинг ҳаёти, тақдири, орзу-умидлари бор. Ўз навбатида, давлатнинг, халқнинг ишончи бор уларда.
Аввало, барча профессор-ўқитувчиларимиз, талабаларимиз онгига нажот – таълимда, шунчаки эмас, сифатли таълимда деган тушунчани сингдиряпмиз. Тўғрида, ҳар биримиз ўзгаришни ўзимиздан, ўзимизнинг қарашларимиздан бошлашимиз керак. Бу сиз ҳамма гапларимиз гаплигича қолади.
Биз мамлакатимиз таълим тизимида, жумладан, олий таълимдаги ислоҳотлардан келиб чиқиб, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш учун учта асосий принципни илгари суряпмиз ва шу асосида фаолият кўрсатяпмиз.
Биринчиси университет моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга муносиб шароит яратиш. Юқорида таъкидлаганимдек, олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига кўра, олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилмоқда. Хусусан, бизнинг университетимиз ҳам бугун ўзини ўзи молиялаш тизимига ўтган. Албатта, давлат томонидан молиявий кўмак бериляпти, лекин ўзимиз топган пулни бугун ўзимиз тасарруф этиш имкониятига эгамиз. Биз бу маблағларни нимага сарфлаяпмиз? Биринчи навбатда, ўқув бинолари, лабораториялар, талабалар турар жойлари қуришга, замонавий ўқув жиҳозлари олишга сарфлаяпмиз. Кейинги тўрт йилда олтита янги ўқув биноси, иккита талабалар турар жойи қурдик. Бу бинолар оддий ўқув синфхоналари ва аудиториялардан иборат эмас, замонавий таълим кампуслари ҳисобланади. Талабалар турар жойлари ҳам меҳмонхонадан қолишмайди, барча шароит, қулайликларга эга. Хорижлик талабалар ва ўқитувчилар учун алоҳида турар жой қурганмиз. Ҳозирда университетнинг биология факультети жойлашган ҳудудда ўринли кампус бунёд этилмоқда ва уни келгуси ўқув йилида фойдаланишга топишириш кўзда тутилган. Бош бино ҳовлисида ҳам янги кампус қуриш ишлари давом этмоқда.
Кейинги беш йилда университетда 5 та янги лаборатория ташкил этилди. Биргина 2022 йилда 3,2 миллион долларлик лаборатория жиҳозлари олиб келдик. Университет тарихида шу пайтгача бундай катта миқдордаги маблағ эвазига лаборатория олиб келинмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24-июлдаги қарорига асосан биология факультети ҳовлисида 250 ўринга мўлжалланган виварий ва 150 ўринли гербарийлар лаборатория бинолари ҳамда кимё факультетининг 700 ўринли ўқув биноси, бош бино ҳовлисида 1450 ўринга мўлжалланган ўқув бино ва 200 ўринли талабалар турар жойи қурилди.
Шунингдек, Абдураҳмон Жомий кўчасида 522 ўринли ва Ўзбекистон кўчасида давлат-хусусий шерикчилик асосида 400 ўринли талабалар турар жойи бинолари қурилиб фойдаланишга топширилди. Физика, тарих, психология, рус филологияси, рақамли технологиялар факультетлари ҳамда тўққиз қаватли ўқув биноси, ядро-физикаси лабораторияси, университетнинг Ургут филиали биноларида реконструкция, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Жорий йилда эса биология факультети ҳовлисида 400 ўринга мўлжалланган маърузалар зали биноси, оранжерия ҳамда 150 ўринга мўлжалланган ошхона-кафелар, бош бино ҳовлисида 250 ўринга мўлжалланган механика лабораторияси биноси, хорижий ўқитувчи ва талабалар учун 70 ўринга мўлжалланган хизмат уйи қурилмоқда.
Бундан ташқари, давлат-хусусий шерикчилик асосида Самарқанд шаҳар Чуқур-йўл кўчасида 400 ўринга мўлжалланган ҳамда Жомбой туманидаги Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ҳудудида 400 ўринли талабалар турар жойлари қурилиб фойдаланишга топширилади.
Шу ўринда бинолар билан боғлиқ айрим фикрларимни билдириб ўтсам. Айни чоғда биз университет ҳудудида ва Университет хиёбони атрофида амалга ошираётган қурилиш ҳақида ижтимоий тармоқларда турлича фикрлар билдирилмоқда. Уларга жавобан шуни айтмоқчиманки, биз Университет хиёбонига зарар етказишни эмас, уни асраб-авайлашни, бу масканда тижорат эмас, чинакам таълим, илм муҳити бўлишини истаймиз. Университет хиёбонига келган ҳар бир инсон бу жой таълим маскани эканлигини ҳис қилиши, бунга гувоҳ бўлиши керак. Биз фақат шу кеча-кундузни эмас, яқин 100-200 йилни ўйлаб, шунга мос режалар қилишимиз лозим. Дунёнинг машҳур университетлари, академияларини кўринг, бир неча юз йиллик тарихга эга илм даргоҳларининг ўз ҳудуди бор. Бу ерда илм билан, амалий машғулотлар, инновацион ишлаб чиқариш билан шуғулланиш мумкин.
Бизнинг университет янги эмас, 600 йиллик тарихга эга. Мирзо Улуғбек олий мадрасаларининг вориси бўлган илм даргоҳимиз дунёнинг ТОП университетларига қаторига кириши учун ҳаракат қилаётган эканмиз, Университет хиёбонида шундай илм-фан муҳити яратишимиз талаб этилади.
Таълим сифатини ошириш билан боғлиқ иккинчи принцип таълим жараёнига ўз соҳасини яхши биладиган, замонавий илмлардан хабардор профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш. Бунинг учун фақат ўз қобиғимизга ўралиб қолмасдан, хориж тажрибасини ўрганишимиз, халқаро талабларга мос педагог кадрлар тайёрлашимиз керак. Юқорида Японияни мисол келтирганимдек, ёшларни хорижга юбориб, энг яхши тажрибаларни ўрганиб, уларни ўзимизнинг тизимда қўллашимиз зарур. Дунёни кўрган ёшларнинг тафаккури ҳам, илмга, ишга муносабати ҳам ўзгача бўлади. Президентимизнинг олдимизга қўяётган талабларидан биттаси ҳам шу.
Университетимиз бугунги кунда дунёнинг 180 га яқин олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилади. Уларнинг аксарияти билан талабалар ва педагоглар алмашиш бўйича келишувимиз бор. Қўшма таълим дастурлари асосида ишлаётган нуфузли университетлар ҳам кам эмас.
Яқинда Японияда сафарда бўлганимизда Тоттори университети билан халқаро ва илмий соҳаларда ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш ҳамда профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришдик. Шунингдек, университет раҳбарияти билан музокаралар чоғида ўтган йил фаолият бошлаган Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтимиз билан мазкур даргоҳ ўртасида қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш бўйича ҳамкорликда ишлашга қарор қилдик. Шу мақсадда Самарқандда Тоттори университети марказини очишга келишиб олдик.
Бугунги кун профессор-ўқитувчиларига қўйиладиган яна бир талаб – улар талабаларга сабоқ бериш баробарида илмий тадқиқот билан шуғулланиши, илмда янгилик қилиш зарур.
Бизда эски тузумдан “мерос” бўлиб қолган ёмон иллат мавжуд. Яъни олий ўқув юрти ўқитувчиси фақат талабаларга сабоқ бериши керак. Тўғри, номзодлик, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилади, доцент, профессор бўлади. Лекин ўша фан соҳасида янгилик яратадигани, ихтиро қиладиган жуда кам. Сабаб – илмидан, яратган янгилигидан манфаатдорлиги йўқ. Фақатгина илмий даражаси ва унвони учун ойлик маоши кўпаяди. Шунинг учун кўп илмий тадқиқотлар шу мақсад билан чекланган.
Энди эса илмий ишларга талаб ўзгаряпти. Маоши ошиши биринчи талаб, бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин тадқиқотчи бир неча йиллик изланишларидан сўнг нимадир янгилик, инновация яратиши ва уни ишлаб чиқаришга, амалиётга жорий этилиши билан шунга яраша манфаат кўриши лозим. Содда қилиб айтганда, илм тижоратлашиши, тадқиқотчи яратган ихтироси, инновациясини сотиб, манфаат кўриши керак. Бундан аввало, давлат, жамият, қолаверса, тадқиқотчи ютади. У изланишларини давом эттириб, янаям мукаммал, такомиллашган ишланмалар яратишга интилади.
Учинчи принцип – талабалар билимини адолатли, шаффоф баҳолаш. Бу сиз таълим сифатини ошириш ва самарадорлик ҳақида ўйлаш мантиққа зид. Бугун ўқишга қабул қилишда таълим муассасаларида ҳеч қандай рол қолмаганидан хурсанд бўламан. Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишдан бошлаб, уларнинг билимни баҳолаб, ўқишга тавсия этишгача бизга алоқаси бўлмаган алоҳида тузилма – Давлат тест маркази томонидан амалга оширилмоқда. Тўғри, бир пайтлар қабул жараёнида ҳам турли қинғирликлар юзага келди, кимлар учундир бу шахсий манфаатдорлиги учун қулай фурсат бўлди. Аммо, кейинги йилларда қабул жараёнларининг шаффоф ташкил этилаётгани, билимли ёшлар талабаликка тавсия этилаётгани олий таълимда сифатга эришишга ёрдам бермоқда.
Энди бизнинг олдимизда ана шу талабаларга пухта билим бериш, танлаган йўналиши, мутахассислиги бўйича ўрганаётганларини адолатли баҳолаш ва етук мутахассис бўлиб етишини таъминлаш вазифаси турибди. Шундан келиб чиқиб, биз талабалар билимини баҳолашнинг адолатли ва шаффоф тизимини яратдик. Яъни, талабаларга сабоқ берган фан ўқитувчиси якуний назоратда иштирок этмайди. Якуний назорат ва баҳолашни махсус ташкил этилган “Талабалар билимини баҳолаш” бўлими амалга оширади. Назорат саволларининг вариантлари ҳам шу ерда тузилади. Талабалар якуний имтиҳонни факультет ўқитувчилари иштирокисиз, талабалар билимини баҳолаш бўлими ходимлари назорати ҳамда махсус камералар кузатуви остида топширади. Тест синовлари компьютерда, инсон омилисиз амалга оширилади. Ёзма ишлар эса бу борада биз билан ҳамкорликда ишлайдиган ўндан ортиқ олий таълим муассасаларига юборилиб, уларнинг профессор-ўқитувчилари томонидан баҳоланади. Бу ерда ҳеч қандай “илтимос” ёки коррупциявий ҳолатларни амалга оширишга имконият қолдирилмайди.
Кредит-модул тизимига кўра, якуний имтиҳондан ўтолмаган талаба ўша фанни қайта ўзлаштириб, яна имтиҳон топширади. Қайта ўзлаштириш учун эса маълум миқдорда тўловни амалга ошириши керак. Талаба ва унинг ота-онаси қўшимча ўқиш учун тўлов қилмаслик учун ҳам пухта билим олишга эътибор қаратади, кредит-модулни ўз вақтида бажариб боришга интилади. Бу орқали пировард мақсад – сифатли, ўз соҳаси илмини пухта ўзлаштирган мутахассис тайёрлашга эришамиз.
Ана шу принцип ва бошқа мақсадлар орқали биз Самарқанд давлат университетини нафақат ёшларни ўқитиб, мутахассислик берадиган таълим даргоҳи, балки фундаментал илмий тадқиқотлар амалга ошириладиган илм масканига айлантириш ниятидамиз. Бунинг учун бизда илмий салоҳият, замон талабларига мос моддий-техник база мавжуд, яъни пойдевор бор.
Кейинги йилларда университет таркибида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, Муҳандислик физикаси институти, университетнинг Каттақўрғон ва Ургут филиаллари ташкил этилиши бу борадаги дастлабки қадамларимиздир. Келгусида яна бошқа фундаментал факультет ва кафедраларимиз негизида шу каби институт ва филаллар ташкил этиш режаларимиз бор.
Ушбу мақсадларга эришиш орқали биз яқин йилларда Самарқанд давлат университетини нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёдаги етакчи олий таълим даргоҳларидан бирига айлантирамиз.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.
Олий Мажлис Сенати аъзоси