Таълимдан хавфсизликкача: Тошкентда янги тажриба ва лойиҳалар жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни пойтахтдаги Ўзбекистон Миллий музейи қурилиши ҳамда Олмазор туманидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Шунингдек, Олмазор тумани мисолида аҳоли даромадларини оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Ўзбекистон Миллий музейининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.
Ушбу йирик лойиҳа Президентимизнинг 2025 йил 1 июлдаги тегишли қарорига асосан амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ўтган йил август ойида мазкур иншоот қурилишига тамал тоши қўйган эди.
Мамлакатимиз етакчиси музей ҳудудида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари, объектлар пойдевори ва муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш жараёни билан танишди. Мажмуа юртимизнинг бой тарихи, маданияти ва келажак интилишларини намоён этадиган муҳим маданий маскан бўлиши таъкидланди.
Музейнинг меъморий қиёфаси ва мазмун-моҳияти дунёдаги илғор тажрибалар асосида шакллантирилган. Лойиҳа машҳур япониялик меъмор Тадао Андо томонидан яратилган, экспозиция концепцияси эса Германиянинг “Atelier Brückner” ташкилоти томонидан тайёрланган.
Мажмуанинг умумий майдони 3,9 гектарни, бино майдони эса 40 минг квадрат метрдан ортиқни ташкил этади. Иншоот 3 қаватли асосий бино ҳамда 2 қаватли ер ости қисмидан иборат бўлади.
Музей майдонининг 60 фоизи таълим ва илмий фаолиятга ажратилади. Бу ерда кўргазма заллари, бой кутубхона, реставрация лабораториялари ва конференция заллари жойлашади. Оилалар ва ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ресторанлар, болалар майдончалари ҳам ташкил этилади.
Ушбу маданий маскан бир вақтнинг ўзида 3 минг 500 нафаргача ташриф буюрувчини қабул қила олади. Бу ерда 10 мингга яқин тарихий ва санъат экспонатлари намойиш этилади.
Бино қуриб битказилгач, атрофидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Миллий боғ билан биргаликда яхлит меъморий ансамблни ҳосил қилади.
Франциянинг Лувр, АҚШнинг Метрополитен ва Британия музейлари каби дунёнинг нуфузли маданий муассасалари билан қўшма кўргазмалар ўтказиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Президентимиз мутасаддиларга қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат стандартлари асосида бажариш бўйича топшириқлар берди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари “RomPharm NS” дори воситаларини ишлаб чиқариш корхонасида бўлди.
Президентимизнинг 2025 йил 28 январдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳада ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилмоқда.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фаолият юритаётган “RomPharm NS” дори воситалари ишлаб чиқариш корхонасида бу борада амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик.
Корхонанинг асосий мақсади ички бозорни сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдан иборат. Келгусида йиллик қувватни 1 миллиард дона таблетка, 500 миллион дона капсула ва 120 миллион дона сашега етказиш режалаштирилган.
Корхона ўзининг тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ва назорат лабораторияси Европа Иттифоқининг GMP стандартлари асосида ташкил этилган Марказий Осиёдаги биринчи мажмуалардан бири ҳисобланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 45 миллион еврони ташкил этади. 1,7 гектар майдонни эгаллаган корхонада 150 та янги иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш жараёнининг 90 фоизи автоматлаштирилган. Замонавий ускуналар Италия, Германия, Австрия, АҚШ, Швейцария ва Болгариядан келтирилган.
Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар тўлиқ импорт ўрнини босишга йўналтирилган. Асосий эътибор неврология, кардиология, метаболик жараёнлар ҳамда яллиғланишга қарши йўналишларда қўлланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқаришга қаратилган.
Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишар экан, замонавий технологияларга асосланган қувватларни кенгайтириш, ички бозорни сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Асосий мақсад импортга боғлиқликни камайтириш ва соҳада янги иш ўринлари яратиш экани қайд этилди.
Шу ернинг ўзида Президентимизга корхона фаолиятининг истиқболдаги режалари хусусида тақдимот қилинди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Қичқириқ маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ташкил топганига ўттиз йилдан ошган ушбу маҳаллада 23 та кўп қаватли уй жойлашган. 1 минг 416 та хонадонда 5 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Президентимизнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган ўзгаришлар натижасида маҳалла бугун бутунлай янги қиёфа касб этди.
“Обод маҳалла” давлат дастури доирасидаги ушбу лойиҳага маҳаллий бюджетдан 71,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада ҳудуд замонавий “яшил” шаҳарсозлик муҳитини ўзида мужассам этган ҳақиқий экологик маҳаллага айланди.
Энг катта янгиликлардан бири Қичқириқ канали қирғоғи бўйлаб барпо этилган сайилгоҳ бўлди. Унинг узунлиги 2,4 километрни ташкил этади. Сув бўйи ҳудуди аҳоли туну кун ҳордиқ чиқарадиган шинам ва озода масканга айлантирилди.
Бу ерда 12,4 километр узунликда пиёдалар йўлаги ётқизилди, қўшимча яшил ҳудуд ташкил этилди. Сув ҳавзаси устида муҳташам айвон, 14 та шийпон, чархпалак ва фавворалар қурилди.
Бугун маҳаллада 6,5 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт парвариш қилинмоқда. Турар жойларнинг ташқи кўриниши ҳам янгиланди. Аҳоли дам олиши учун юзлаб ўриндиқлар, ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Бу ерда ёшлар учун ҳам барча шароит яратилди. 12 та воркаут майдончаси ва 3 та футбол майдони барпо этилди, кутубхоналар фойдаланишга топширилди.
Тадбиркорлик ҳам жадал ривожланиб, 47 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Янги лойиҳалар ҳисобига 61 та иш ўрни яратилди.
Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик билан ишлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди.
Қичқириқ маҳалласида ҳам бу борада ўзига хос тизим йўлга қўйилмоқда.
Масалан, маҳалла фуқароси Гулнора Ғойипова кулолчилик тўгараги ва тўқувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйди. Бу ерга маҳалладаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар жалб этилиб, “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.
Шунингдек, ҳудудда республикада биринчилардан бўлиб замонавий минорали автотураргоҳ ўрнатилди. Ушбу 8 қаватли иншоот лифт принципида ишлайди. Марказдаги лифт автомобилни қабул қилиб, уни ўнг ва чап томондаги бўш жойларга жойлаштиради. Натижада атиги бир жуфт машина сиғадиган кичик ер майдонида 16 та автомобилни бемалол сақлаш имкони яратилди.
Бундан ташқари, маданий ҳордиқ чиқариш, турли жамоатчилик тадбирларини ўтказиш ва маҳалла аҳлини бирлаштириш мақсадида шинам амфитеатр ҳам барпо этилди.
Бу ерда мавжуд 2 та давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу муассасалардан бири – 441-боғчада яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Ушбу маскан 1976 йилда қурилган бўлиб, унинг ҳудуди тубдан кенгайтирилди. Муассасанинг бўш турган майдонида жами 450 ўринли 2 та янги бино барпо этилди. Натижада боғчанинг умумий қуввати 835 ўринга етказилди.
Муассасада болажонлар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилган. Болалар иммунитетини мустаҳкамлаш ва нафас йўллари касалликларининг олдини олиш мақсадида махсус туз хонаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, кичкинтойларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун инглиз тили, ментал арифметика, тасвирий санъат, мусиқа, бадиий гимнастика, шахмат ҳамда таэквoндо бўйича қўшимча тўгараклар йўлга қўйилмоқда.
Президентимизга муассасада болалар учун яратилган “Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз” махсус интерактив платформасининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Ушбу махсус интерактив платформа болажонларнинг давлат тилини қизиқарли ўйинлар ва рақамли технологиялар орқали осон ўзлаштириши учун катта имконият яратади. Платформадан машғулот жараёнида болаларда мустақил фикрлаш, ҳаётий кўникмаларни шакллантириш, касблар билан танишишда ҳам фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, боғчада ташкил этилган йўл ҳаракати хавфсизлиги тўгараги фаолияти билан ҳам танишилди. Бу каби тўгараклар фаолиятини бошқа мактабгача таълим муассасаларида ҳам оммалаштириш, болаларни йўл ҳаракати хавфсизлиги маданиятига боғча пайтиданоқ ўргатиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлигида ташкил этилган вазиятлар маркази фаолияти билан танишди.
Юрт тараққиёти ва унинг келажаги илм-фанга интилувчан, билимли ва ташаббускор ёшлар салоҳияти билан узвий боғлиқ. Шу боис, талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун хавфсиз ва замонавий муҳит яратиш, таълим муассасалари ва талабалар шаҳарчаларида бошқарув тизимини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 5 январда қабул қилинган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида рақамли технологияларга асосланган вазиятлар маркази ташкил этилди. Марказ талабалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳудуддаги ижтимоий муҳитни реал вақт режимида кузатиш, давоматни назорат қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган комплекс тизим сифатида фаолият юритади.
Умумий майдони 1 минг 368 квадрат метрни ташкил этувчи “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги биноси 2024 йилда қурилган. Уни мукаммал таъмирлаш, вазиятлар марказини ташкил этиш ва ҳудудни ободонлаштириш ишларига 33 миллиард сўм йўналтирилди.
Бугунги кунда бинода вазиятлар маркази билан бир қаторда стартап хонаси, олий таълим тарихи музейи, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази жойлашган.
Вазиятлар маркази шаҳарчадаги 41 та талабалар ётоқхонасини қамраб олган. Тизим орқали 75 мингга яқин талаба, шу жумладан, ётоқхоналарда истиқомат қилувчи 17,5 минг нафар йигит-қизнинг хавфсизлиги таъминланади. Уларнинг давоматини назорат қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имкониятлари ҳам мавжуд.
Марказ 17 та ахборот тизими билан интеграция қилинган. Бу турли маълумотларни ягона рақамли платформа орқали тезкор таҳлил қилиш ва вазиятга қараб зарур чоралар кўриш имконини беради.
Ташриф доирасида давлатимиз раҳбарига талабалар шаҳарчасида хавфсизлик ва ижтимоий муҳитни реал вақт режимида назорат қилиш имкониятлари ҳамда марказнинг ишлаш тамойиллари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур тизим орқали талаба-ёшлар билан тизимли ишлаш ва уларни ўйлантираётган масалаларни тезкор ҳал этиш юзасидан тавсиялар берди.
Ушбу тажрибани республикадаги бошқа талабалар турар жойларида ҳам жорий этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташриф чоғида “ToshTech” техника университети фаолияти билан ҳам танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори асосида ташкил этилган университет олий муҳандислик таълимини трансформация қилишда муҳим қадам бўлди. Лойиҳанинг умумий қиймати 69,5 миллиард сўмни ташкил этади.
Мазкур маблағлар эвазига Тошкент давлат техника университетининг 7 қаватли ўқув биноси тўлиқ реконструкция қилинди ҳамда энг замонавий лаборатория ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди.
Ушбу олийгоҳ академик, молиявий ҳамда ташкилий-бошқарув жиҳатдан мустақил давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Белгиланган дастурга кўра, 2030 йилга қадар Тошкент давлат техника университетининг тегишли факультет ва кафедралари босқичма-босқич ушбу янги инновацион экотизимга трансформация қилинади.
Янги университетга ёшларнинг қизиқиши жуда юқори бўлди. 2026/2027 ўқув йили учун жами 1654 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Энг билимли ва иқтидорли деб топилган 400 нафар талаба сараланиб, ўқишга қабул қилинди. Қабул қилинган илк талабаларнинг барчаси 100 фоиз давлат гранти асосида таълим олмоқда. Мазкур имтиёз сақланиб қолади ва 2029/2030 ўқув йилигача қабул қилинадиган талабалар ҳам тўлиқ грант билан қамраб олинади.
Университетда ўқув жараёни тўлиқ инглиз тилида бўлиб, дарслар маҳаллий олимлар билан бир қаторда юқори малакали хорижлик мутахассислар томонидан олиб борилади.
Талабалар саноат муҳандислиги ва менежмент, электр муҳандислиги, энергетика муҳандислиги, материалшунослик ва нанотехнологиялар каби тўртта йўналишда таълим олади.
“ToshTech” халқаро майдонда тан олинган таълим брендлари билан интеграциялашган. Университет дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари, жумладан, Шанхай Цзяо Тонг (Хитой), Милан политехника университети (Италия), Бремен конструктор университети (Германия) ҳамда дунёга машҳур “Boston Consulting Group” консалтинг компанияси билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди.
Университетнинг бош мақсади қуруқ назариядан воз кечиб, талабаларни дастлабки курсларданоқ реал саноат лойиҳалари ва мураккаб муҳандислик муаммолари устида ишлашга ўргатишдир. Шу сабабли талабалар ўқиш давридаёқ амалиёт ўташи ва келажакда кафолатланган иш ўрнига эга бўлиши учун мамлакатимиз ва дунё саноати гигантлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Улар қаторида “ACWA”, “UzAuto Motors”, “Иссиқлик электр станциялари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” каби йирик компаниялар мавжуд.
Давлатимиз раҳбарига университетнинг келгуси режалари ҳақида маълумот берилди.
Ўқитувчи ва талабалар билан мулоқотда “ToshTech” техника университети юртимиз саноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқувчи муҳандисларнинг янги авлодини етиштириб берадиган инновацион масканга айланиши зарурлиги таъкидланди.
– Яна бир бор такрорлайман, инсоннинг мол-мулки, мавқеи ёки бошқа моддий бойликлари вақтинчалик бўлиши ёки йўқолиши мумкин, аммо унинг онгидаги, қалбидаги билим ва тажрибани ҳеч ким ва ҳеч қандай куч тортиб ололмайди. Билим инсоннинг энг хавфсиз ва энг фойдали сармоясидир, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Давлатимиз раҳбари университет талабалари билан суратга тушди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда бугунги мураккаб шароитда ҳар бир туман ва маҳалланинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, қўшимча қиймат, инвестиция ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтиришга янгича ёндашиш зарурлиги таъкидланди. Пойтахт туманлари ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ иқтисодий йўналишларга ихтисослашиши лозимлиги қайд этилди.
Хусусан, Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида йирик логистика мажмуаларини ташкил этиш, марказий туманларда замонавий бизнес ва молиявий марказларни кўпайтириш, Олмазор, Чилонзор ва Учтепада эса таълим, тиббиёт, савдо ва сервис соҳаларига инвестицияларни фаол жалб қилиш учун катта имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Жорий йилда пойтахтнинг 12 та тумани бўйича 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Айрим ҳудудларда белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун ишларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан инвесторларнинг масалаларини идорама-идора юрмасдан, бевосита жойида ҳал этишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Республика ва шаҳар даражасидаги масъуллар ҳар ҳафта туманларга чиқиб, тадбиркор ва инвесторлар билан учрашади. Юқори даражада ечим талаб қиладиган масалалар бўйича шу куннинг ўзида асосланган таклифлар Президент Администрациясига киритилади.
Келгуси йилда пойтахтга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда 150-200 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Олмазор туманида маҳалла ва кўчаларни комплекс ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Йил бошидан тумандаги 9 та кўча бизнес, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айлантирилди.
Айниқса, Қичқириқ маҳалласидаги ўзгаришлар яхши натижа бергани қайд этилди. Илгари инфратузилмаси етарли бўлмаган ҳудудда 450 ўринли боғча, спорт майдончалари, сайилгоҳ, амфитеатр, пиёдалар йўлаги ва фавворалар барпо этилди. Бу ерда яшовчи 5,5 минг нафар аҳоли учун замонавий ва қулай муҳит яратилди.
Ушбу тажрибани Олмазорнинг яна 8 та кўчаси ва пойтахтнинг бошқа туманларига кенгайтириш белгиланди. Тошкент шаҳридаги 100 та кўчани комплекс янгилаш учун 1 триллион сўм ажратилган. Шунингдек, 400 та маҳаллани “Қичқириқ” намунаси асосида обод қилиш бўйича 4 йилга мўлжалланган 10 триллион сўмлик дастур ишлаб чиқилади.
Пойтахтнинг тарихий қисми – Эски шаҳар ҳудудини комплекс ривожлантириш учун хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда 1 ноябрга қадар ягона концепция ва аниқ лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш топширилди.
Хизматлар соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш мақсадида давлат идораларига тегишли бинолардан самарали фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бугун Тошкентда умумий майдони 765 минг квадрат метр бўлган 497 та маъмурий бино мавжуд. Бўш ва самарасиз фойдаланилаётган майдонларда савдо, сервис, хусусий тиббиёт ва таълим хизматларини йўлга қўйиш учун тадбиркорларга шароит яратилади.
Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини ҳам янги бизнес лойиҳалари билан боғлаш зарурлиги таъкидланди. Биргина Олмазор туманида қиймати 100 миллиард сўм бўлган 52 та давлат объекти савдога чиқарилмоқда.
Шаҳар муҳитини инсон саломатлиги ва қулайлиги нуқтаи назаридан ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қичқириқ маҳалласида 2,5 километр сойбўйи ҳудудида экосайилгоҳ ва 12,5 километр пиёдалар йўлаги барпо этилган. Пойтахтдаги канал ва катта ариқлар бўйида шундай сайр ҳудудларини кўпайтириш, жумладан, Бўзсув канали бўйлаб 20 километрлик узлуксиз пиёдалар йўлагини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилади.
Маҳаллаларда кичик бизнес ва хизматларни ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар ишга солинади. Тошкент шаҳрида бизнес бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмга оширилади.
Олмазор туманида шу имкониятлар ҳисобидан йил якунига қадар 300 нафар янги тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ва 1 мингта иш ўрни яратиш, пойтахт бўйича эса 10 минг нафар аҳолини даромадли иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Мискин ва Иброҳим ота маҳаллаларидаги 305 гектар саноат зонаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ерда иш ўринларини ҳозирги 35 мингтадан 100 мингтага, экспорт ҳажмини 600 миллион долларга етказиш салоҳияти мавжуд. Тадбиркорларга саноат ипотекаси, кредит ва лизинг каби молиявий воситалар таклиф этилади.
Бандлик масаласини ҳал этишда меҳнат бозори талабига мос кадрлар тайёрлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Олмазордаги иш берувчиларга 5 мингга яқин турли малакадаги ходимлар керак.
Шу боис, Олмазор касбий кўникмалар марказида ахборот технологиялари ва илғор инновациялар йўналишида 400 ўринли техникум, мавжуд биноларда замонавий касб-ҳунар марказлари ташкил этилади. Германия билан 500 кишига мўлжалланган тил курслари, Чехия ва Словакия учун тиббиёт ходимларини мақсадли тайёрлаш лойиҳалари йўлга қўйилади. Шунингдек, ривожланган давлатлардан 20 та йирик рекрутинг компаниясини жалб қилиш белгиланди.
Ёшлар шаҳарчасидаги 42 гектар майдонда IT-парк, юқори технологияли саноат ва таълим объектларидан иборат инновацион кластерни ташкил этиш ишлари бошланади.
Олмазорнинг таълим ва илмий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 75 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.
Талабаларнинг ўқиши ва яшаш шароити, бандлиги, ижтимоий таъминоти, маданий ҳаёти ва хавфсизлигини қамраб оладиган яхлит бошқарув тизими йўлга қўйилади. 7 та олийгоҳга қарашли 41 та талабалар ётоқхонасида истиқомат қилаётган қарийб 18 минг нафар ёш учун муносиб шароит яратиш мақсадида алоҳида Дирекция ташкил этилади.
Талабалар шаҳарчасидаги Вазиятлар маркази орқали олийгоҳ ва ётоқхоналарга кириб-чиқиш ҳамда давоматни онлайн назорат қилиш тизимини йил якунигача пойтахтнинг бошқа туманларига, келгуси йилда эса мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларига жорий этиш топширилди.
Мактабгача таълим қамровини ошириш бўйича ҳам қўшимча вазифалар белгиланди. Олмазорда бу кўрсаткич ҳозир 67 фоизни ташкил этмоқда. 441-сонли боғчада мавжуд 385 ўринга қўшимча 450 ўринли янги бино қуриш тажрибаси асосида йил якунига қадар камида яна 5 та шундай лойиҳани бошлаш белгиланди.
Пойтахтда кунига 1,5 миллионта транспорт воситаси ҳаракатланаётгани ҳисобга олиниб, тирбандликни фақат йўлларни кенгайтириш ҳисобига эмас, интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш орқали ҳам ҳал қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу йўналишда амалий ишларни йил якунига қадар бошлаш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Олмазорда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича йўлга қўйилган янги иш услуби натижалари ҳам таҳлил қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси профессор-ўқитувчиларининг терговчилар билан ҳамкорлиги ва талабалар учун дуал таълим тизими профилактика ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Натижада тумандаги 64 та маҳалланинг 13 тасида жиноят содир этилмаган, криминоген вазияти оғир маҳаллалар қолмаган, аёллар иштирокидаги жиноятлар 22 тадан 10 тага камайган. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш бўйича Олмазор тажрибасини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Энергетика ва коммунал инфратузилманинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда маҳаллаларни ободонлаштириш ишларини тизимли давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Олмазор мисолида кўриб чиқилган ёндашув ва вазифалар пойтахтнинг барча туманларига бирдек тегишли экани қайд этилди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг белгиланган вазифалар ижроси бўйича ахбороти тингланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА мухбирлари