Замонавий ўқув адабиётлари таълим сифатини ошириш, ўқувчиларда мустаҳкам билим ва зарур кўникмаларни шакллантиришда муҳим воситадир.
Мамлакатимизда ёшларни илғор тажриба ва билимлар билан таъминлаш мақсадида янги, сифатли дарсликлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бу жараён нафақат таълим мазмунини бойитади, балки ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув, инновацион технологияларга қизиқиш каби муҳим кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади. Янги адабиётлар назарий билимлар билан бирга, амалиётда қўллаш имкониятларини ҳам ўз ичига олади. Тўғри методология асосида тузилган дарсликлар эса ўқувчиларга мустақил фикрлаш, мантиқий таҳлил ва амалий ечимлар топишда ёрдам беради.
Бугунги кунда ёшларнинг рақамли технологияга қизиқиши инобатга олиниб, дарсликлар турли интерфаол усуллар, визуал элементлар, QR-кодли иловалар билан бойитилмоқда. Бунда ўқувчиларнинг ёши, дарсликнинг ранги, шрифтлари ва оғирлиги каби жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги авлод дарсликлари 1–4-синфларга жорий этилиб, унда "4К" — коллаборация, коммуникация, критик фикрлаш ва креативлик кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида урғу берилган. Шунингдек, 5–6-синфлар учун ҳам халқаро тажрибага асосланган дарсликлар амалиётга татбиқ этилди. Бу борада PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро баҳолаш дастурларидаги намунавий топшириқлардан фаол фойдаланилган.
Дарсликлар билан бирга машқ дафтарлари, методик қўлланмалар ҳам ишлаб чиқилиб, педагоглар фаолиятини самарали ташкил этишда ёрдам бермоқда. Ҳозирги кунда 5–11-синфлар учун илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш ва миллий тизимга мослаштириш ишлари давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, янги дарсликларда миллий ғоя ва аждодларимиз мероси ҳам ўз аксини топиши лозим. Албатта, миллий қадриятларни замонавий билимлар билан уйғунлаштириш – бу нафақат адабиётларнинг мазмунини бойитади, балки ёш авлодни маънавий баркамол шахс сифатида тарбиялайди.
Ўқув адабиётларини самарали жорий этишда педагогларнинг малакаси ҳал қилувчи омилдир. Шу мақсадда мунтазам ташкил этилаётган "Методик марафон", "Skills Up" ва бошқа ўқув-семинарлар ҳамда "Ягона таълим ресурслари ва хизматлари" портали ўқитувчиларга катта методик ёрдам бермоқда.
Албатта, ҳар қандай янгилик жараёнида муаммолар юзага келиши мумкин. Бироқ тизимли ёндашув, педагогларни доимий қўллаб-қувватлаш орқали бу қийинчиликлар енгиб ўтилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги ўқув адабиётлари – бу ёш авлодни замонавий билимлар билан қуроллантириш, уларни мустақил фикрловчи, инновацион фикрга эга шахслар сифатида тарбиялашга қаратилган муҳим пойдевордир. Бу эса мамлакатимиз таълим тизимининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Шахриёр Муҳаммаджанов,
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази бошқарма бошлиғи в.б.