Акс-садо
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш – мамлакатимизда таълим тизими, илм-фан соҳаси ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг муҳим босқичи бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар халқаро таълим стандартларига мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлашимизга, битирувчилар бандлигини таъминлашга, олий таълим муассасаларида сифат ва самарадорликни оширишга, илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш ва миллий таълим тизимини илғор халқаро рейтингларда муносиб ўринларга олиб чиқиш учун хизмат қилади.

Қувонарлиси, кейинги йилларда таълим соҳасига қаратилган эътибор натижасида олий таълимга қабул 4,5 баробар ошиб, мамлакатимизда ёшларнинг олий таълимда ўқишини давом эттириш қамрови 42 фоизга ошди. Буни улкан ютуқ ва муҳим тарихий кўрсаткич десак, муболаға бўлмайди. Аммо шу билан боғлиқ муҳим жиҳат борки, бу кенгайиш, бу ютуқ замирида сифат ва бозор эҳтиёжига мос кадрлар тайёрлашдек биринчи даражали ва долзарб вазифа ҳам борки, буни эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.
Президентимиз томонидан таклиф этилган олий таълим муассасаларини молиялаштириш ва рейтинг тизими, яъни “ҳар бир балл – ҳар бир ресурс” тамойили асосидаги баҳолаш, олий таълим муассасалари меҳнат жамоаларини янада самарали ишлашга, фаолиятларини бозор билан интеграциялашга ундайди. Бу таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш билан бирга рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги мавжуд камчилик ва муаммоларга барҳам беради.
Олий ўқув юртларини баҳолашнинг янги мезонлари ҳам таълим муассасаси рейтинги кўтарилишига, нуфузи ва салоҳияти ошишига хизмат қилади. Олий ўқув юртлари эндиликда битирувчилар бандлиги (40 балл), илмий тадқиқот ва маҳсулотни тармоқ буюртмасига мослаштириш (30 балл), илмий мақолаларнинг халқаро эътирофи (20 балл), жалб қилинган грантлар (10 балл) дан тўпланган балл ва мезонлар асосида баҳолаб борилади.
Мазкур баҳолаш тизими, албатта, соғлом рақобат, илмий-педагогик фаолиятда инновацион ёндашув ва натижадорликни талаб қилади. Аҳамиятлиси, эндиликда ҳар бир олий ўқув юрти жамоаси ўз йўналиши бўйича реал сектор билан узвий боғланган ҳолда илмий ва амалий салоҳиятни бирлаштирган улкан марказга айланиши лозим бўлади.
Хорижий тилларни билиш ва ўргатиш халқаро майдондаги соғлом рақобатда, меҳнат бозорида ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу боис институтимизда асосий эътиборни мана шу масалага қаратганмиз. Айни пайтда хорижий тилларни ўргатиш, таржимонлик, лингвистика ва филология соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаяпмиз.
Халқаро ҳамкорлик ва тил компетенциясининг кучайиши бугунги меҳнат бозорида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё бўйича рақобатбардош бўлишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйича 92 мингдан ортиқ битирувчи ишсиз. Президентимиз томонидан илгари сурилган комплекс ечимлар: магистратура, иккинчи мутахассислик, стажировка талаб қилинмайдиган иш ўринлари, бизнес-инкубаторлар, тармоқдаги эҳтиёжлар бўйича тақсимот – бу барча йўналишлар мамлакатдаги олий ўқув юртлари ҳамда иш берувчи ташкилотлар учун аниқ мақсадлар стратегияси бўлиб хизмат қилади.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам бу борада бир неча йўналишларда истиқболли ишлар олиб борилмоқда. Эндиликда хорижий тил ўқитувчилари ва таржимонларга бўлган ички ва халқаро эҳтиёжни ўрганишни, халқаро таълим дастурлари (Erasmus+, DAAD, TIKA, MEXT, GKS, “Эл-юрт умиди”, Fulbright, Chevening) орқали талабаларни хорижда стажировка билан таъминлашни, республика ва вилоятдаги туризм, хизмат кўрсатиш, медиа ва таълим соҳаларидаги иш берувчилар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан мақсадли кўсаткичларни белгилаб олганмиз.
Юртбошимиз томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар олий ўқув юртлари ректорлари зиммасидаги масъулият ва вазифаларни янада оширди, ваколатини кенгайтирди. Энди ректор нафақат раҳбар, балки ўзи раҳбарлик қилаётган таълим муассасасининг “бош менежери”, “бош стратеги” бўлади. Ректорлар ваколатининг кенгайтирилиши, ректор ўринбосарларини ўзи тайинлаши, штатлар ва муассаса бюджетини ўзи тақсимлаши, супер-контракт миқдорларини табақалаштирилган тарзда белгилаши – бу академик ва ташкилий мустақилликни янги босқичга олиб чиқади.
Халқаро рейтинглар – устувор йўналишимиз бўлиб, институтимиз жамоаси ўз олдига халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашни асосий стратегик вазифалардан бири сифатида қўйган. Буни Самарқанд давлат чет тиллар институтининг яқинда Европа таълим сифати агентлиги (EQAA — European Quality Assurance Agency) халқаро аккредитациядан ўтганлиги ва институт Европа талаблари асосида фаолият олиб бораётгани ва эндиликда битирувчиларга бериладиган дипломларнинг бутун дунё бўйлаб тан олиниши мумкинлигида ҳам кўришимиз мумкин.
Бугун Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Бу босқичда энг асосий таянч – билим, инновация, фидойилик ва таълим тизимидаги самарадорликдир. Ҳар бир олий ўқув юрти, ҳар бир ректор, ҳар бир профессор-ўқитувчи давлатимиз раҳбари белгилаб берган бу юксак мақсадлар сари, елкама-елка ва фаол ҳаракат қилиши лозим.
Баҳодир ХОЛИҚОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.
ЎзА.