Умумтаълим мактаблари яна ўқувчи-ёшлар билан гавжумлашди. Аввало, таъкидлаш жоиз, якунланган ўқув йилида Бухоро вилояти умумтаълим мактаблари 11-синф битирувчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, уларнинг 88,6 фоизи олий таълим муассасаларига, 5,9 фоизи техникумларга, 1,3 фоизи коллежларга, 3,7 фоизи касбга тайёрлаш марказларида ўқиш истагини билдирган эди.
Ҳар галгидек олий таълим муассасаларга киришни хоҳловчилар салмоғи юқори бўлди. Шу ўринда бир мисол. Ўтган ўқув йилида ёшларнинг 823 нафаридан 676 нафари мактабларни олтин, 147 нафари кумуш медаллар билан тамомлади. Яна бир қувончли ҳолат шуки битирувчиларнинг ўзлаштириш даражаси аввалги йиллардагидан анча юқори. Буни уларнинг кўпчилиги олий ўқув юртларига кириш учун ўтказилган тест синовларида юқори натижага эришгани ҳам тасдиқлаб турибди.
Маълумотларга кўра, биргина давлат олий ўқув юртларига ҳужжат топширган битирувчиларнинг 45,9 фоизига талабалик шарафи насиб этди. Бу ўтган йилдаги кўрсаткичдан 6.2 фоизга кўп. Фақат бугина эмас. 500 нафардан ортиқ бухоролик ўқувчи мактаб партасидаёқ хорижий институтлар ва университетлар талабалари сафидан жой олди.
– Бир неча йилдан буён Бухоро вилоятининг мактаб битирувчилари олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари бўйича республикада етакчи ўринни эгаллаб келмоқда, – дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳалим Ражабзода. – Бунда албатта тажрибали, илғор ўқитувчиларнинг меҳнатлари бор. Яна бир муҳим жиҳат иқтидорли ўқувчиларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларидаги натижалари ҳам салмоқли бўлди. Уларнинг 8 нафари республика фан беллашувларида ғолибликка эришди. Бундан ташқари, ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида 7 та кумуш ва 12 та бронза медалини қўлга киритди. Улар сафида ихтисослаштирилган мактаблар ҳам етакчилар қаторида бўлди.
– Барча соҳалар қатори давлат раҳбари ташаббуси билан таълим соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Қоракўл туманидаги ихтисослаштирилган мактаб директори Темир Рўзиев. –Ҳар қандай ислоҳотларнинг негизида халқимизнинг муносиб турмуши, фаровон ҳаёти ётади. Мана шу муносиб турмуш, фаровон ҳаётга қандай бориш кераклигини давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида айтади. “Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда”. Ўқувчида билим бўлса, у билим ўзига хизмат қилади. Агар унда маънавият, инсонпарварлик ва ватанпарварлик туйғулари бўлса, бутун юртга хизмат қилади. Шу учун биз ўқитувчиларга давлат раҳбари ёшларга нафақат таълим, балки тарбия бериш, маънавиятини шакллантириш, мустақил фикрлашни ўргатиш, ўзлигини тўлиқ англатиш вазифаларини юклади. Албатта, биз, устозлар учун бу жуда ҳам шараф. Чунки Ўзбекистоннинг тақдири, Ватанимиз келажаги мана шу ўқувчилар қўлида экан албатта биз бор кучимизни аямасдан меҳнат қилишимиз керак.
Аввало, давлат раҳбари томонидан соҳани ислоҳ қилишга, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётгани таълим сифат ва самарадорлигини оширишда мустаҳкам замин бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг тегишли таълим йўналишларига қизиқишини ошириш, ўз қобилиятига яраша мутахассисликни танлашига кўмаклашиш мақсадида мактаблар ҳудудидаги университет ва институтлар билан алоқаларини такомиллаштиришга эътибор янада кучайтириляпти. Дарсларни замонавий технологиялар асосида олиб бориш орқали ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини оширишда педагог кадрларнинг малакаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
–Таълим соҳасида бир қатор ривожланган давлатларнинг тажрибалари ўрганилди, – дейди Бухоро шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Орзигул Беганчова. – Дарсликларимиз ҳам янгиланиб бормоқда. Бу дарсликларнинг асосий тарафи ўқувчи дарсликлардан қуруқ қоида ёки грамматика ёдламайди. Бу дарсликлар орқали олган билимини ҳаётда қўллаш усулларини ўрганади. Ўқувчи мана шу дарсликлар орқали тайёр соҳа мутахассиси бўлиб етишади, десак ҳам бўлади.
Яна бир рақамга эътибор қаратмоқчимиз. Бир йил мобайнида олий тоифали ўқитувчилар сони 2940 нафардан 4763 нафарга, биринчи тоифали ўқитувчилар 7112 нафардан 7800 нафарга ошди. Таққослаш учун, тоифасиз мутахассис педагоглар сони 8336 нафардан 7250 нафарга, ўрта махсус маълумотли педагоглар 1708 нафардан 1402 нафарга камайишига эришилди. Вилоятдаги умумий ўрта таълим муассасалари педагоглари билимини яхшилаш ҳамда янгича ўқитиш услубларини жорий этиш мақсадида ташкил этилган “Мобиль методик гуруҳ” томонидан таълим сифати паст ва муҳити оғир бўлган 15 та умумий ўрта таълим муассасасига методик ёрдам берилди. Натижада таълим сифати ва кўрсаткичлари ошди. Ушбу йўналишда ҳам ўтган ўқув йилига нисбатан таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар сони 15 тадан 8 тага камайганлигини кўриш мумкин. Тизимда илғор халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш, янги замонавий таълим методикаларини жорий этиш мақсадида сўнгги беш йил мобайнида Япония, Россия ва АҚШ давлатларидан 51 нафар, хусусан, биргина 2023-2024 ўқув йилида 10 нафар хорижий педагог умумтаълим мактабларига жалб қилинди. Шу каби кенг қамровли ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
– Бухоролик малакали ўқитувчиларнинг тажрибалари вилоят, республика миқёсида оммалаштирилди, – дейди Бухоро шаҳридаги 16-мактаб ўқитувчиси Замира Мансурова. – Ўқитувчи учун энг яхши имкониятлардан бири бу электрон тизимга ўтилгани. Турли хилдаги қоғоз ҳужжатларнинг бекор қилинганлиги ўзининг самарасини берди. Тежаб қолинадиган вақт ҳам ўқитувчининг ўз устида ишлашига имкон бермоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керак, бутун ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган жонкуяр ўқитувчилар, устоз-мураббийлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Вазир жамғармаси устамасининг жорий этилиши ҳам бу борадаги ташаббуслардан бири бўлди.
– Охирги йилларда ўқитувчиларга давлат раҳбари томонидан берилаётган эътибор, маошларининг оширилиши, рағбатлантириш чораларининг кўпайиши ҳам самарали, сифатли меҳнат қилишга ундамоқда, –дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳалим Ражабзода. – Бу ҳам ўзининг катта таъсирини кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда 200 га яқин ўқитувчилар устамалар оладиган, 1000 доллардан зиёд ойлик маош ва вазир жамғармаси устамаларини ҳам оладиганлар бор. Жорий йилда мазкур устама учун ўтказилган танловда 177 нафар ўқитувчи ғолиб чиқди. Улар ҳар ой маошларига қўшимча 5.5 миллион сўмдан ортиқ устама олади. Ушбу кўрсаткич бўйича ҳам Бухоро вилояти республикада пешқадамлар қаторида бормоқда.
Айни пайтда тизимда 547 давлат ва 21 та хусусий мактаблар фаолият юритмоқда. Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида вилоятида 1 та янги мактаб қурилди. 12 та мактаб биноси реконструкция қилинди. Бунинг учун давлат бюджетидан 65 миллиард 797 миллион сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, 3 миллиард 312 миллион сўм миқдоридаги маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 10 820 та синф хонаси таъмирланди. Бундан ташқари, 2023 йилнинг ўтган даврида умумтаълим мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, қурилиш-таъмирлаш ишлари ва жиҳозлашга ҳамда муассасаларни янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлашга катта эътибор берилди. Шу мақсадда вилоят маҳаллий бюджетидан 17 миллиард 700 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Диққатга сазовор яна бир жиҳат. Таълим муассасаларининг эҳтиёжларини таъминлашда “Ташаббусли бюджет” имкониятларидан тобора кенг фойдаланилмоқда. Мазкур лойиҳанинг жорий йилги 1-босқичида 124 таълим муассасаси ғолиб, деб топилди. Ажратилган 100,4 миллиард сўмлик маблағ ҳисобига уларнинг синф хоналари, спорт заллари таъмирланди, мактаблар ҳудуди ободонлаштирилди.
Айни пайтда вилоятда касб ўргатиш йўналишида 483 та мактабда технология хоналари мавжуд бўлиб, уларнинг 429 таси белгиланган талаблар асосида жиҳозланди. Бундан ташқари, туман, шаҳарларда ўқувчиларга 2 та хорижий тил ва 1 та касб ўргатиладиган 1 тадан жами 13 та мактаблар танланиб, белгиланган талаб асосида замонавий жиҳозланди ҳамда 20 та профессионал таълим муассасаларида умумтаълим мактаблари ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш бўйича зарур шароитлар яратилди.
Қувонарлиси, жорий йилда вилоятда олий тоифали ўқитувчилар улуши 19 фоиз ҳамда биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 30 фоизга етказилади. Бундан ташқари, “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали “Cambridge” тажрибаси асосида 7 минг нафар педагог ходимларнинг малакаси оширилади. Бу ҳам галдаги мақсадлар нечоғли улкан эканини амалда исботламоқда.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА