Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги “Ҳукумат соати”да сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг ахбороти эшитилар экан, депутатлар соҳага оид бир қатор саволлар билан вазирга мурожаат қилдилар.
Муҳаммаджон Валиев, депутат:
— Бугунги кунда ҳар бир соҳада сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, таълим соҳасида ўқувчиларнинг иншо ва баёнлар ёзишда сунъий интеллектдан фойдаланиши қай даражада самара беради? Бу борада Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда қандай ишлар олиб бориляпти?
Шерзод Шерматов, рақамли технологиялар вазири:
— Албатта, сунъий интеллект технологиялари кўмагида олинган илм билан табиий равишда ўзи фикрлаб, ўзи ўрганиб олинган илм фарқли бўлади. Таълимда сунъий интеллектдан фойдаланилишининг самарадорлиги илмий жиҳатдан ҳали ўрганилмаган. Бу масала мутахассислар томонидан илмий нуқтаи назардан ўрганилиши керак. Албатта, ушбу йўналишда вазирлик билан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, замон билан ҳамнафас бўлиш, замонавий технологияларнинг хавфларидан холи бўлган ҳолда фойдаланиш ҳам керак.
Дилдора Камолова, депутат:
— Бугун экологик таҳдидлар хавфи ошган бир пайтда давлат сунъий интеллектни экологик сиёсатга интеграция қилиш жараёнидан четда тура олмайди. Умуман, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида сунъий интеллектга асосланган қандай лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган?
Шерзод Шерматов:
— Экологияни асраш соҳасида нафақат сунъий интеллект, балки рақамлаштириш йўналишида бир қатор лойиҳаларимиз мавжуд. Масалан, экологияга зарар етказиши мумкин бўлган кўп ҳолатлар электрон ҳукуматни жорий этиш, давлат хизматларини ёки банк хизматларини онлайн тарзда кўрсатиш орқали бартараф этилмоқда. Дейлик, давлат хизматларидан фойдаланиш учун транспортда бориш орқали атмосферага заҳарли моддалар чиқарилган бўлса, эндиликда бундай ҳаракатларга ҳожат қолмади. Бундан ташқари, қоғоз сарфи кескин қисқартирилди.
Шунингдек, “Яшил макон” доирасида экилган кўчатларнинг қай даражада кўкаргани, уларнинг таҳлили, паспортизацияси, космик восита ёки дронлар орқали яшил ҳудудларнинг қай даражада ошиб ёки кўпайиб бораётганини назорат қилиш имкониятлари яратилди.
Бундан ташқари, ғаллазорларнинг таги ёқилиши ҳолатлари бўйича алоҳида портал қилингани натижасида қайси ҳудудда, қанча майдон ёқилгани спутник орқали аниқланиб, таҳлил қилиш имкони пайдо бўлди. Натижада ғалла майдонларини ёқиш ҳолатлари ўтган йил билан солиштирилганда, 30 фоиздан зиёд камайганини кўриш мумкин.
Умуман, экология соҳасида яна бир қатор қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА