Таълимда қоғозбозликка ўрин йўқ
Кейинги йилларда таълим соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида педагогларни ортиқча қоғозбозлик, ҳисоботбозликдан озод этиш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлмоқда.
Президентимиз бу масалага Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам тўхталгани бежиз эмас. Зеро, ўқув-тарбиявий ишларнинг натижадорлиги ва сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини таълимга тўлалигича йўналтиришда устозларни кераксиз ҳисобдорлик ва қоғозбозликдан озод этиш муҳим аҳамиятга эга.
Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда. Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, янги ўқув йилидан ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарларининг ҳужжатлар сони икки баробарга қисқартирилмоқда. Вазирлик мактаб ўқув жараёнида юритиладиган ҳужжатлар сонини камайтирмоқда.
Халқ таълими вазирининг 2021 йил 1 июлдаги буйруғи билан шу кунга қадар мактабларда юритилган 10 дан ортиқ ўқув-педагогик ҳужжатлар сони 2 бараварга қисқартирилди ва электрон шаклда юритилиши белгиланди. Эндиликда соҳа ходимлари асосий вақтини “қоғозбозлик” ёки ҳисоботга эмас, таълим сифатини оширишга қаратади.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги 3 йилда ўқитувчиларнинг ҳужжатлари 7 тадан 1 тага, синф раҳбарлариники 10 тадан 2 тага, психологларники 27 тадан 8 тага, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлариники 19 тадан 4 тага қисқартирилган. Эндиликда эса навбат ўқув жараёнларига оид ҳужжатларни қисқартиришга етди. Мазкур буйруқ билан мактаб юритиш бўйича йўриқнома (5.12.2001 й. 178-сон буйруғи) бекор қилиниб, янги йўриқнома тасдиқланди.
Н.Усмонова, ЎзА