Таълимда Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш учун илғор хорижий тажрибалар, хусусан, Финляндия таълим тизимини ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Шу кунларда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Финляндия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Финляндиядаги етакчи экспертлар, олимлар ва инвесторлар билан музокаралар олиб борилиб, бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 8-14 апрель кунлари Финляндиянинг таълим соҳаси бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйган бир қатор компания раҳбарлари ва вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга амалий ташриф буюргани ҳақида хабар қилган эдик.
Етти кун давомида инвесторлар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларида бўлиб, ҳокимлик вакиллари, таълим тизими мутасаддилари билан талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари, математика ва фин тилини ўқитиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб боришди ҳамда қатор меморандумлар имзоланди.
Ташриф якунида эришилган натижалар, истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида «Ўзбекистон – Финляндия ҳамкорлик йўналишларининг истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий форум ташкил этилди.
Форумда Финляндиянинг Марказий Осиё бўйича фавқулодда ва мухтор элчиси Мария Лиивала, Финляндия Таълим ва маданият вазирлиги бош бошқармаси директори (Ўзбекистон – Финляндия таълим ҳамкорлиги координатори) Кирси Линдрус, Лаппеенранта шаҳри мери Киммо Ярва, Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев, Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов ҳамда айни кунларда мамлакатимизда ишчи ташриф билан бўлиб турган инвесторлар: “FinEst Bay Area” компанияси ва “AngryBirds” ўйини асосчиси Петер Вестербакка, “Finest Future” компанияси ҳаммуассиси Туомас Тииликайнен, “Edunation Finland” компанияси ҳаммуассиси Ҳарри Суоминен, “Skillgrower” компанияси асосчиси Паси Савола ва PK Safety and Rescue” компанияси бош директори Пертти Кортеярви иштирок этди.
Ҳамкорлик лойиҳалари ва истиқболдаги режалар, финляндиялик мутахассислар томонидан математика ва фин тилини ўқитиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳамда олий таълим тизими ва кончилик саноати бўйича қўшма дастурлар фаолияти бўйича вазифалар муҳокама қилинди.
– Таъкидлаш лозимки, Финляндияда мактаб ўқувчилари таълим сифатини баҳолаш бўйича тадқиқотдаги барча йўналишларда саводхонлик кўрсаткичлари бўйича энг яхши натижаларга эришиб келмоқда. Мазкур мамлакат таълим тизимидаги илғор жиҳатларни ўрганиш учун Таълим инспекцияси ва тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Финляндия миллий таълим агентлиги билан ҳамкорликда «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган бўлиб, унда фин таълим тажрибасини ўрганиш ва уларни мамлакатимизда самарали татбиқ қилишга қаратилган вазифалар, ҳамкорлик йўналишлари, чора-тадбирлар ўз аксини топган – дейди, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев.
– Шунингдек, Финляндиянинг Лаппеенранта шаҳри ва Навоий вилояти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Навоий вилоятидан 10 нафар 9-синф битирувчи ўқувчилари Лаппеенранта шаҳрида 3 йил давомида ўқийдиган бўлди. Ҳар бир ўқувчининг 3 йил давомида мамлакатда яшаши, овқатланиши ва ўқиши учун лозим бўлган барча харажатлар Финляндия томонидан қопланади. Бундан ташқари 2021 йил март ойидан бошлаб финляндиялик ўқитувчи Элиса Миляна Ладенперага Зарафшон шаҳридаги 1-сонли мактабда ўқувчиларга хорижий тил сифатида фин тилидан сабоқ бериб келмоқда.
[gallery-2007]
Форум давомида Финляндия Таълим ва маданият вазирлиги бош бошқармаси директори (Ўзбекистон – Финляндия таълим ҳамкорлиги координатори) Кирси Линдрус ҳамда Лаппеенранта, Сало шаҳарлари мэрлари Киммо Ярва ва Тэро Ниссинэн ҳамда Лаппеенранта Технология университети ректори Жуҳа Матти Сакса, ЛАБ амалий фанлар университети ректори Туро Килпелäинен ва Турку амалий фанлар университети ректори Веса Таатила ҳам сўз олиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, юртимизга ташриф буюрган делегация аъзоларидан Skillgrower дастури асосчиси Паси Савола математикани ўқитиш платформаси ҳақида, Edunation компанияси директори Ҳарри Суоминен олий таълимда қўшма дастурлар режаси бўйича, «Finest Future» компанияси асосчиси Тииликайнен Туомас фин тилини ўқитиш лойиҳаси ҳақида, Оулу кончилик институти мутахассиси Пертти Кортеярви кончилик саноати бўйича қўшма дастурлар фаолияти ҳақида маълумот беришди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА