
Ўзбекистонда муҳим сиёсий воқеа – Президент сайлови ўтказилди. Сайлов жараёнларининг ҳаққонийлигига баҳо бериш мақсадида хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан ҳам кузатувчилар ташриф буюрди. Бир нечта давлатлардан таклиф этилган хорижий делегациялар жараёнларни бевосита кузатиш билан бир қаторда, юртимизнинг қадимий шаҳарлари, шунингдек таълим муассасаларига ҳам ташриф буюришди.
Мазкур таълим масканлари қаторида Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар ҳам бор. Жумладан, бир нечта хорижий давлат делегациялари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаби ҳамда Тошкент шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюришди.
Хусусан, россиялик тарихчи ва сиёсатшунос, МДҲ давлатларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлари бўйича эксперт Алексей Власов Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабида бўлиб, мактаб ҳаёти билан танишди.
Меҳмонларга мактаб лойиҳаси, яратилган шарт-шароитлар ҳамда ўқувчилар томонидан қўлга кирилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Учрашув доирасида, шунингдек ўқувчилар ўзларининг муаллифлик лойиҳалари, жумладан виртуал реаллик ва онлайн мусобақалар платформаси ҳақида тақдимот қилишди. Мазкур делегация Президент мактабида ҳам бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлашишди, телеканаллар учун интервьюлар олишди.
Яна бир делегация Австриядан ташриф буюрди. Австриядаги аёлларнинг Европа Иттифоқи қошидаги Австрия халқаро сиёсат комиссияси президенти Мартина Фасслабенд Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабида бўлиб, мактаб фаолияти ва ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Худди шундай, Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия комиссиясининг бола ҳуқуқлари комиссари Ноор Азиаҳ Моҳд Авал ҳамда Ўзбекистондаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусовалар ҳам Муҳаммад ал-Хоразмий мактабида бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлашди ва улар томонидан яратилган лойиҳа ва ишларни кўздан кечиришди. Шунингдек, онлайн видео дарсликлар учун мўлжалланган платформа, махсус эшитиш учун ёрдамчи қурилмалар билан танишдилар.
Шунингдек, Малайзиядаги "ТВ АЛҲИЖРАҲ" телеканали мухбири Ади Акмал бин Сеҳром Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий ихтисослаштирилган мактаби фаолияти ва шарт- шароитларини тасвирга олишди. Мазкур мактаб фаолиятига халқаро телеканаллар томонидан ҳам қизиқиш билдирилиши олиб борилаётган ишларнинг самарасидан дарак беради.
Бирлашган Араб Амирликлари Федерал Миллий Кенгашининг парламентлараро алоқалар бўйича котиби ўринбосари, Ўзбекистон-БАА парламентлараро дўстлик қўмитаси ҳамраиси Нидал Муҳаммед бин Ширбак ал Басти бошчилигидаги делегация эса Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабидаги роботехника хоналари ва ўқувчиларнинг муаллифлик лойиҳалари билан танишишди. Ўзбекистондаги таълим тизимидаги ўзгаришларни ҳамда ёшларнинг таълим олиши учун яратилган имкониятларни алоҳида эътироф этишди.
Бундан ташқари, Германиянинг "Mangol Consulting" компанияси раҳбари Клаус Манголд Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабидаги махсус синф хоналари ҳамда яратилган қулайликлар билан танишишдиб ўқувчилар билан суҳбатлашди, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.
Шунингдек, имконияти чекланган ёшларни ўқитиш ва мослаштирилган таълим бўйича Франция Олий Миллий таълим ва тадқиқот институти директори Жак Микулович Президент таълим муассасалари агентлигида бўлиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари борасида фикр алмашди. Учрашувда томонлар Агентлик тасарруфидаги мактабларда инклюзив таълим соҳаси, хусусан бу соҳадаги ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилишди.
24 октябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида келган делегатларнинг ташриф доирасида юртимиздаги мактаблар фаолияти билан яқиндан танишиши, таълим тизимида олиб борилаётган ишлар ҳақида кенгроқ маълумот ва тасаввурга эга бўлиши бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг халқаро дунёдаги имиджини ошишига ва эътироф этилишига ҳисса қўшади.
Ҳилола Умарова, Президент таълим муассасалари агентлиги директори