Таълим ва тарбия саодатга элтувчи йўл
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида бугунги кунда аҳоли томонидан кўтарилаётган энг долзарб масалалардан бири сифатида таълим соҳасидаги мавжуд муаммолар, уларни ечиш бўйича халқимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш, бу борадаги муаммо ва қўйилган вазифаларни биргаликда ҳал этиш кераклиги алоҳида таъкидланди.
“Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир” деб бош мезон сифатида белгилаб олиниши таълим соҳасида ислоҳотлар давлат ривожи учун нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади. Мурожаатномада давлатимиз раҳбари таълим соҳасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича қўйилган масалаларни биргаликда ҳал этиш кераклигини билдириб ўтди. Шу сабабли, келгуси йил Давлат дастурига халқимиз кўтарган барча масалаларни аниқ ечимлари билан киритиб, жараёнларда депутат ва сенаторлар, маҳалла вакиллари, зиёлилар, ёшлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг фаол бўлишларини, янги-янги таклиф ва ташаббуслар билдиришларини таъкидлаб ўтди. Давлатимиз раҳбари маърифатпарвар жадид боболаримизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади” деган сўзлари депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак. Шу боис, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлиши билдирилди.
Келгуси йилдан болалар мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарурлигини, бунинг учун 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиниши алоҳида қайд этилди. Президентимиз таклифи билан 2023 йил юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб номланди. Бу мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган эътибор, қолаверса, келгуси йилда ҳам бу борада олиб борилаётган ишлар изчил давом эттирилишидан дарак беради. Жамиятимизда инсонни улуғлаш, илм-маърифат ривожига эътибор қаратмасдан юртимиз тараққиётини янада юқори даражага олиб чиқиш жуда қийин вазифадир. Ахир илм саодатга элтувчи йўлдир. Айни пайтда таълимга киритилган инвестиция келажакка сармоя киритишдир. Бу эса халқ фаровонлиги, давлат хизматида рақобатдош кадрларни шаклланишини таъминловчи омилдир.
Албатта, таълим ривожига алоҳида эътибор берилиши эртанги давлат хизматчиларининг давр талаби даражасида шаклланишида муҳим омил ҳисобланади. Чунки, мактабдаги таълим жараёнида олинган билимнинг қай даражада юқори бўлиши, шубҳасиз, билимли, салоҳиятли давлат хизматчиларининг етишиб чиқишига ёрдам беради.
Ҳаётбек Акбаров,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Андижон вилояти филиали раҳбари ўринбосари
ЎзА