Таълим тизимидаги халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Давлатимиз раҳбарининг Венгрияга амалга оширган расмий ташрифи ҳамда олий даражадаги музокаралар, эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар нафақат икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўз навбатида, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан бўлиб ўтган учрашувда “Кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация”нинг имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва мустаҳкам ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир. Бу жараён барча соҳалар – иқтисод, саноат, таълим, инновация, қишлоқ хўжалиги ва бошқаларда жадал ривожланишга кенг йўл очади.

Икки томонлама келишувларга асосан эндиликда таълим алмашинуви бўйича “Stipendium Hungaricum” дастури доирасидаги ҳамкорлик давом эттирилади. Шунингдек, учрашувда икки мамлакатда тан олинадиган дипломлар бериш тизимини жорий этиш ва мамлакатимизда Венгрия олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Венгрия ректорларининг учинчи форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур ташриф доирасида Туркий давлатлар ташкилотининг Будапешт шаҳридаги норасмий саммитида давлатимиз раҳбарининг иштироки ва унда сўзлаган нутқи Ўзбекистоннинг интеграция жараёнларидаги фаол иштирокини яна бир бор намоён этди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан таъсис этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни топшириш маросими эса халқлар ўртасидаги маънавий яқинлик ва дўстликни мустаҳкамлашда ўзига хос рамзий аҳамиятга эга.
Навоий давлат университети жамоаси мазкур ташрифни тарихий аҳамиятга эга деб баҳолайди. Ушбу стратегик яқинлашув замиридаги илмий, таълимий ва маданий алоқаларни ривожлантириш имкониятлари, хусусан, венгер университетлари билан қўшма лойиҳалар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, инновацион илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш каби йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш борасида катта истиқболлар мавжуд.
Шу нуқтаи назардан, ушбу ташриф Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, илм ва маърифат асосида барқарор ривожланишга эришишда муҳим қадамлардан биридир.
Муҳиддин Калонов,
Навоий давлат университети ректори,
Иқтисод фанлари доктори, профессор.