Таълим тизимида халқаро ҳамкорлик
Навоий давлат педагогика институтида Малайзия давлатининг Менежмент ва Фан Университети (MSU) билан ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси жаноб Равшан Усмонов иштирок этди.
Маросимда Навоий давлат педагогика институти ректори, профессор Баҳодир Собиров ва Менежмент ва Фан Университети ректори, профессор Моҳд Шукри Аб Яжид жаноблари сўзга чиқиб, самарали ҳамкорликни амалга ошириш бўйича ўзаро келишиб олдилар.

Меморандум доирасида Менежмент ва Фан университети ва Навоий давлат педагогика институти биргаликда ўзаро манфаатли халқаро дастурлар бўйича ҳамкорлик амалга оширилади.
Унга кўра иккала олий таълим муассасалари илмий ходимлари ва талабалар алмашинуви (шу жумладан бакалавр ва магистрантлар), Академик маълумотлар, материаллар ва қўшма илмий нашрлар алмашинуви шунингдек, Халқаро "Ҳалол" Сертификатлаш ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ислом меросини ўрганиш маркази ташкил қилиниб, унда Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий меросини ўрганиш, шунингдек, ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Абдували Бўриев, ЎзА