Кармана туман ҳокимлиги, Навоий вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида “Туманда мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда даставвал туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари ўринбосари Сухроб Обилов 2022-2023 ўқув йилида соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусида режалаштирилган вазифалар тўғрисида маълумот берди.

Бугунги кунда туманда 31 та умумтаълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби, 29 та давлат, 22 та давлат хусусий шерикчилигидаги ва 73 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд.
Тумандаги умумтаълим мактабларида 21 минг 930 нафар ўқувчи, 2 минг 210 нафар ўқитувчи, давлат мактабгача таълим ташкилотларида педагоглар сони 470 нафарни, тарбияланувчилар эса 5 минг 35 нафарни ташкил этмоқда.

Умумтаълим мактабларида ўқитиш ўзбек ва рус тилида олиб борилади. 5-умумий ўрта таълим мактаби негизида аниқ фанларга ихтисослаштирилган таянч мактаби, 2-умумий ўрта таълим мактаби негизида ахборот технология ва информатика фанларини, 4-умумий ўрта таълим мактабида эса хорижий тилларни чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар ташкил этилган.
– 2023 йил май ойи ҳолатига 2022 йилга нисбатан олий тоифали ўқитувчилар сони 9,9 фоиздан 14,8 фоизга, жами тоифали ўқитувчилар улуши эса 73,3 фоизга етди, – дейди С.Обилов. – 2022 йилда тумандаги умумтаълим мактабларида инглиз тили фанидан 97 нафар, рус тили фанидан эса 72 нафар ўқитувчи халқаро ҳамда миллий сертификатга эга бўлган бўлса, 2023 йил апрель ойи ҳолатига 227 нафар чет тили фани ўқитувчиларидан 200 нафари халқаро ҳамда миллий сертификатга эга бўлди.
Туманда 2017 йилда 18 та давлат мактабгача таълим ташкилотига 2519 нафар бола қамраб олиниб, қамров даражаси 24,1 фоизни ташкил этган. 2023 йилда эса 124 та мактабгача таълим ташкилотига 10 минг 667 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 8559 нафари қамраб олинган. Шунингдек, 6 ёшли болаларнинг 91 фоизи мажбурий таълимга жалб этилган.

2022 йилда тумандаги 12- ва 13-мактабгача таълим ташкилотида 6,3 миллиард сўмлик, “Обод қишлоқ” дастури доирасида эса 21-мактабгача таълим ташкилотида тўлиқ реконструкция ишлари амалга оширилган. Шунингдек, “Узумзор” массивида 60 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси қуриб битказилди. Маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағларидан боғчаларни жиҳозлаш ва шароитларни яхшилаш мақсадида 250 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бугунги кунда тумандаги 29 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг 28 таси замонавий бино ва жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. 2023 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси маблағлари ҳисобидан 7-сонли мактабгача таълим ташкилотида 1,2 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Жорий йилда эса “Дўстлик” маҳалласи “Янги Ўзбекистон” массивида 330 ўринли замонавий мактаб биноси, 180 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси фойдаланишга топширилади.
Матбуот анжуманида соҳа мутасаддилари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Абдували Бўриев, ЎзА