Мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Федерациясининг Синергия университети делегацияси Наманган давлат университетида бўлди.
Хорижда ўз ўрни ва мавқега эга ушбу йирик хусусий университетнинг халқаро ривожланиш бўйича проректори Михаил Ерофеев ва “Синергия” корпорациясининг минтақавий ривожлантириш бўйича директори Александр Тетерюк Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов билан учрашди.

Ўзаро самимий мулоқотдан сўнг икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Аввалроқ, Наманган давлат университети Синергия университети билан ҳамкорлик доирасида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурларини ташкил этишга эришган эди.

Синергия университети Россиядаги энг нуфузли олийгоҳлардан бири ҳисобланиб, унда иқтисодиёт, бизнес, дизайн, ахборот коммуникация технологиялари, ҳуқуқшунослик, туризм каби ўнлаб соҳалар бўйича таълим берилади. Университет кўплаб халқаро ва миллий рейтингларда ўз ўрнига эга ва амалиётга йўналтирилган таълим модели билан машҳур.
Бундай ижобий хусусиятлар ўз навбатида, хориждаги нуфузли олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қатор замонавий касб ва мутахассисликлар бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлашга замин яратади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА